Туркияда ОАВни элакдан ўтказадиган қонун кучга кирди
Олам
−
18 Октябрь 2022
4962Туркияда оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда дезинформация сифатида тан олинадиган хабарлар учун 3 йилгача қамоқ жазосини назарда тутувчи қонун кучга кирди. Қонун матни бугун, 18 октябрь куни “TC Resmî Gazete”да эълон қилинди.
Амалдаги Жиноят кодексининг 29-моддасига ўзгартириш киритилиб, унга кўра, “Аҳолини хавотирга солиш, қўрқув ёки ваҳима қўзғатиш мақсадида ёлғон маълумотни оммавий равишда тарқатган шахс бирдан уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади”.
Тегишли қонун лойиҳаси Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған бошчилигидаги ҳукмрон “Адолат ва тараққиёт” партияси ташаббуси билан парламентга киритилган.
Мухолифат қонун лойиҳаси умумэътироф этилган конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларни бузаётгани, цензуранинг кўриниши эканлигини бир неча бор таъкидлаб, уни парламент кўриб чиқишдан олиб ташлашни талаб қилган. Бунга жавобан Эрдўғаннинг партияси қонун лойиҳасини қабул қилишдан мақсад “жамиятни оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ҳокимиятга нисбатан нотўғри маълумотлар ва ёлғон айбловлардан ҳимоя қилиш” эканлигини таъкидлади.
Мухолифатга кўра, ҳукумат 2023 йил июнь ойида Туркияда ўтказилиши режалаштирилган умумий сайловларда ғалаба қозонишига йўл қўймаслик учун маъмурий ресурслардан фойдаланмоқда.
LiveБарчаси