Туркияда лола мавсумига тайёргарлик авжида
Бу қизиқ
−
22 Март 2023
6131Лолалар мавсуми Истанбулга баҳор келганидан дарак беради. Ҳар йили апрель ойида Истанбулнинг энг машҳур жойлари ранг-баранг баҳор лолалари билан бурканиб, бутун дунёда юксак қизиқиш уйғотади. Султон Аҳмад майдонида лола етиштиришнинг аквакултура усулидан фойдаланган ҳолда кенг майдонга “лола гилами” тўқилган. Бу ҳайратланарли манзара маҳаллий аҳолини ҳам, чет эллик меҳмонларни ҳам ҳайратга солади. Худди шундай манзараларни Истанбулдаги Амирғон боғи, Гулхона боғи, Юлдуз боғи, Сўғанли ботаника боғи, Бейкоз боғи, Буюк жомлижа боғи, Кичик жомлижа боғи, Фетҳипошо боғи ва Ҳидив Павилион боғида учратиш мумкин.
Турк санъати ва маданиятида лола рамзи алоҳида ўрин тутади
Лолалар Онадўлига Ўрта Осиёнинг Помир тоғи турклари томонидан олиб келинган. Лола турк маданиятининг энг муҳим тимсолларидандир. У пиёзсимон ўсимлик бўлиб, XII асрдан бери ҳунармандчиликда безак нақшлари намунаси сифатида қўлланила бошланди. Бу гўзал, бетакрор ва ранг-баранг гуллар Усмонийлар даврида шеърлар, фармонлар, ҳикоялар ва миниатюра расмларининг асосий мавзуси сифатида урфда бўлган. Лола нақшлари масжидлар, қабр тошлари ва сарой безакларида, шунингдек, гилам ҳамда мато нақшларида, кафтан ва сеп сандиқларида, ҳатто, тангалар, жанговар дубулғаларда ҳам кенг қўлланилган.
Лолалар, асосан, ХVI асрда Усмонийлар империясининг пойтахти Истанбулда етиштирилган ва бутун шаҳар бўйлаб манзарали гуллар сифатида экилган. Лолаларга бўлган бу иштиёқ Сулаймон Шоҳ ҳукмронлиги даврида кенг тарқалган бўлиб, бу ўсимликнинг турли хил ва навларини ривожланишига олиб келди. Айниқса, шаҳарнинг рамзи бўлган Истанбул лоласи ўша даврда пайдо бўлди. Султон Аҳмад III даврида лола икки мингга яқин нави билан шуҳрат қозонди ва ХVIII асрга Лола даври дея ном берилди.
Ҳар бир ранг алоҳида маънога эга
Лола навлари кўпайиб боргани сари лолалар ва уларнинг ранглари турли маъноларга эга бўлди. Қизил лолалар севгини, оқ лолалар эса поклик ва ҳокисорликни ифодалаган. Бинафшаранг гуллар олижаноблик ва романтикани, сариқ ранг эса қувонч ни билдиради. Ноёб қора лола пинхон, қўл етмас деган маънони англатса, чизиқли лола эса бетакрор гўзалликка ишора қилади.
Турк маданиятида шундай муҳим ўрин тутган бу ажойиб гул ХV асрнинг иккинчи ярмида Австриянинг Вена шаҳрига, сўнгра Нидерландияга олиб келинган ва шу тариқа Европага таништирилган. Голландияда тезда катта шуҳрат қозонган лолалар Канада пойтахти Оттавага олиб келинди ва дунёга машҳур бўлди.
Бугунги кунда Онадўлида жуда кўп лола навлари етиштирилмоқда. Энг ҳайратланарлилари орасида “йиғлаётган келин” деб ҳам аталадиган энгашган лола бор. Дунё бўйлаб ушбу боши қуйига эгилган лолаларнинг 167 тури мавжуд. Улардан 20 таси эндемик бўлиб, 43 турини Туркияда учратиш мумкин.