Туркияда катта “скандал”. Гулшан “ҳазил” сабаб 3 йилга қамалиши мумкин
Маданият-санъат
−
03 Сентябрь 2022
17264Кеча, 2 сентябрь куни Туркия Прокуратураси хонанда Гулшан Чўлоқўғлига нисбатан тергов ҳаракатларини якунлади. Прокуратура хонандани “Жамиятда нафрат ва бўлиниш” уйғотганликда айблаб, унга 1 йилдан 3 йилгача бўлган қамоқ жазоси берилишини сўрамоқда.
Агар айблов ҳукми раислик қилувчи судья томонидан қабул қилингудек бўлса, тез кунда таниқли хонанда суд курсисида ўтиришига тўғри келади.
Гап шундаки август ойининг сўнгига келиб интернет тармоқларида туркиялик хонанда Гулшан концерт вақтида “Имом хатиб” лицейи ўқувчилари (Туркиянинг амалдаги Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған ҳам мана шу мактаб битирувчиси – таҳр.) шаънига номақбул сўзлар айтгани тасвирланган бор-йўғи тўққиз сониялик видео яшин тезлигида тарқалиб кетган. Видеода хонанда “Унинг “бузуқлиги”нинг сабаби, у Имом хатибда ўқиган” деган сўзни айтганини кўриш мумкин. Матбуот ва жамоатчиликнинг эътирози ортидан хонанда ижтимоий тармоқлар орқали узр сўраган ва буни “ҳазил”га йўйган. Аммо, ана шу куннинг ўзидаёқ Истанбул прокуратураси тергов ҳаракатларини бошлаган. Кечга келиб Гулшан Чўлоқўғли адвокатлари ҳамроҳлигида даставвал полиция идорасига, кейинроқ шаҳар суд биносига келтирилган. Видеотасвир жорий йилнинг апрель ойидаги концерт вақтида суратга олингани маълум бўлганидан сўнг, хонанда “жамоатни нафрат ва адоватга қўзғаш ёки ҳақорат қилиш” айблови билан судгача сақлаб туриш мақсадида “Бакиркўй” аёллар қамоқхонасига жўнатилган.
Гулшан Чўлоқўғли ҳолат юзасидан кўрсатма берган ва ўз юртини севиши, 25 йилдан буён фаол ижод қилиши, видео провокаторлар томонидан тарқатилгани, ана шу сўзни айтган вақтида мамлакатдаги “Имом Хатиб” лицейи ўқувчиларини назарда тутмагани, балки Мирож исмли созандасининг лақаби “Имом” бўлиб, у концерт вақтида ана шу созандасига ҳазил қилганини айтган. Шунингдек, у бу сўзлари билан диний нуқтаи назардан ҳеч кимни қоралаш ёки ҳақорат қилиш мақсади бўлмаганини қўшимча қилган.
Кейинги кунларда қатор қўшиқчилар, санъаткорлар, таниқли шахслар ва кўп сонли мухлислар Гулшанни қўллаб-қувватлаган. Сиёсий мухолифат вакиллари ҳам Twitter орқали ижодкорни озод этишни талаб қилган. 27 августга келиб масала халқаро тусга кирган, яъни АҚШ Давлат департаменти матбуот котиби “Цензура ва суд таъқиби”нинг сўз эркинлигига таъсиридан хавотир билдирган.
29 августга келиб Гулшан Чўлоқўғли қамоқдан озод этилган ва уй қамоғига ҳукм қилинган. Бунга адвокатнинг хонанда қамоққа олиниши устидан берган апелляцияси ва унинг вояга етмаган фарзанди борлиги сабаб бўлган.
Аммо вазият жиддийлашишдан тўхтамаган, Истанбул Бош прокуратураси бюроси томонидан тайёрланган айблов хулосасида 702 муассаса ва шахс шикоятчи сифатида қайд этилган.
Шикоятчилар орасида Туркиянинг Саноат ва технология вазири Мустафо Варанк, ёзувчи Эмина Шенликўғли, Аёллар ва Демократия Уюшмаси раиси Салиҳа Окур, KADEM Жамғармаси, Имом Хатиблари уюшмаси ҳам бор.
Гулшан Чўлоқўғли “гумонланувчи” сифатида ўрин олган айблов хулосасига кўра, у Туркия Жиноят кодексининг тегишли моддалари бўйича “Душманлик ва нафратга сабаб бўлиш” ва “Ижтимоий таҳқирлаш” жинояти таркибига кирганлиги қайд этилган.
Айблов хулосасида, гумонланувчининг сўзлари ва баёнотларида иғво ва душманларга хос муносабат, хатти-ҳаракатлар мавжуд бўлиб, жамият ривожига ҳисса қўшишдан йироқ, жамоатчиликни адоватга чорловчи, камситувчи муайян хусусиятларга эга эканлиги, жамиятнинг бошқа қисмига нисбатан адоват ва камситишни тақозо этиши, бу фитна одамларнинг бир-бирига гина-кудрат сақлаши ва оммавий жанжал учун мос экани қайд этилган. Ушбу айблов хулосаси Прокуратура томонидан судга юборилган. Юқорида қайд этилганидек, Туркия Прокуратураси хонанда Гулшан Чўлоқўғлига 1 йилдан 3 йилгача бўлган қамоқ жазоси тайинланишини сўрамоқда.
Маълумот учун, Туркиядаги “Имом Хатиб” лицейлари имомларни тайёрлаш учун касб-ҳунар мактаби (мадраса) ўрнига ташкил этилган ўрта таълим муассасаси ҳисобланади.
Гулшан Чўлоқўғли 1976 йилнинг 29 май куни Истанбул шаҳрида дунёга келган. 1996 йилда “Be Adam” дея номланган ўзининг илк мусиқий альбомини тақдим этган. 2004 йилга келиб хонанда Туркияда катта мусиқий муваффақиятларга эришади. У томонидан ижро этилган тароналар хитга айлана бошлайди. 2016 йилда Гулшан томонидан куйланган қўшиққа ишланган видеоклип YouTube'да 200 миллиондан ортиқ кўрилади ва у бундай натижага эришган илк турк хонандасига айланади.
Хонанда ижросидаги “Bangir-bangir”, “Bir Ihtimal biliyorum”, “Dan Dan”, “Iltimas“, “Of Of” каби қўшиқлар Ўзбекистонда ҳам машҳур.
LiveБарчаси