Туркияда демографик муаммо: мамлакат “қаримоқда”
Олам
−
14:17 2991 2 дақиқа
Туркияда 65 ва ундан катта ёшли аҳоли сони сўнгги 5 йилда 20 фоиздан ошиб кетди. 100 ёш ва ундан катталар сони эса 10 мингдан ортиқни ташкил этган. Бу ҳақда Туркия статистика қўмитаси хабар қилди.
Қўмита томонидан эълон қилинган маълумотларга кўра, Туркия аҳолиси 86 миллион 92 минг 168 нафарни ташкил этган. “2025 йилги қариялар статистикаси”да 2020 йилда 7 миллион 953 минг бўлган қариялар сони 2025 йил охирида 9 миллион 583 минг 59 нафарни ташкил қилиб, мамлакат умумий аҳолисининг 11,2 фоизига етган. Энг “қария” шаҳар эса Синоп бўлган.
Демографик прогнозларга кўра, 2030 йилда бу кўрсаткич 13 фоиздан ҳам ошиши мумкин. Шу билан бирга қариялар сонининг аҳолига нисбатан улуши ҳам ортиб бормоқда. Ҳозирда ҳар 100 нафар меҳнат ёшидаги инсоннинг гарданига тахминан 16 нафар қарияни таъминлаш масъулияти тушмоқда. Бу ҳолат келажакда ижтимоий таъминот харажатларининг ортишига ва ишчи кучи камайишига олиб келиши мумкин.
Туркияда қариялар улуши бўйича энг юқори кўрсаткич 20 фоиздан ортиқ бўлган Синоп шаҳрида сақланиб қолган. Аҳоли сони жиҳатидан эса энг “қария” мегаполис Истанбул ҳисобланади.
Шунингдек, мамлакатда 100 ёш ва ундан катта бўлган 10 228 нафар қария яшамоқда. Уларнинг 8 мингдан ортиғини аёллар ташкил этади. Умуман олганда, 65 ёшдан катталар орасида аёллар улуши 54,1 фоиз бўлиб, эркаклардан анча юқори.
Туркияда тахминан 1 миллион 700 минг қария уйида якка ҳолда яшайди. Уларнинг 75 фоизини бевалар ташкил қилади. Қариндошлар ёрдами ва оилавий қўллаб-қувватлаш ҳали ҳам кучли. Аммо ёлғиз яшайдиган қариялар сони ошиб бораётгани келгуси йилларда ижтимоий ғамхўрлик масаласи Туркия учун энг долзарб масалалардан бири бўлишини кўрсатмоқда.
Қайд этиш жоиз, 2023 йил охирига келиб, Туркия БМТ таснифига кўра аҳолиси “кекса” бўлган давлатлар тоифасига кирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2040 йилга бориб Марказий Осиё аҳолиси 96 миллион кишига етиши мумкинлиги ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси