Туркия ва Озарбайжон армиялари қонун билан “бир тан, бир жон”га айланмоқда
Олам
−
02 Февраль 2022
8410Анқара ва Бакунинг ҳарбий ва мудофаа соҳаларидаги ҳамкорлик доирасида биргаликда ҳаракат қилиш имкониятини кўзда тутувчи қонун лойиҳаси кеча, 1 февраль куни Туркия парламентига кўриб чиқиш учун тақдим этилди.
Озарбайжон Парламенти ушбу декларацияни тасдиқлади. Ҳужжатни ўтган йилнинг 15 июнида Озарбайжон ва Туркия Президентлари Илҳом Алиев ва Ражаб Тойиб Эрдўған Қорабоғнинг Шуша шаҳрида имзолаган эди.
Декларация “томонлардан бирининг халқаро тан олинган чегараларнинг мустақиллиги, суверенитети, ҳудудий яхлитлиги, дахлсизлиги ёки хавфсизлигига учинчи давлат ёки давлатлар томонидан таҳдид ёки тажовуз содир бўлган тақдирда” БМТ Низомига мувофиқ Баку ва Анқара томонидан ўзаро ёрдам кўрсатишни назарда тутади.
“Шошилинч муҳокамалар орқали ушбу ёрдамнинг ҳажми ва шакли аниқлангандан сўнг, мудофаа эҳтиёжларини қондириш бўйича қўшма чора-тадбирларни қабул қилиш ва қуролли кучлар қўмондонлиги ва қўмондонлик тузилмаларининг мувофиқлаштирилган фаолиятини ташкил этиш бўйича қарор қабул қилинади”, дейилади хабарда.
Ҳужжат бандларидан бирида Озарбайжон ва Туркия икки давлат қуролли кучларини замонавий талаблар асосида модернизация қилиш бўйича биргаликдаги саъй-ҳаракатларни давом эттириши белгилаб қўйилган. Бу кадрлар алмашинуви ва қўшма машғулотлар ўтказишни назарда тутади. Шу билан бирга, ҳужжатда икки давлат ўртасидаги ҳарбий-сиёсий ҳамкорлик учинчи давлатларга қарши қаратилган эмаслиги белгилаб қўйилган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олишди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10-сига ўтар тунда “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Шуниси аниқки, уруш якунларига кўра Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган Bayraktar учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
LiveБарчаси