Туркия курдларни огоҳлантирди

Олам

image

Туркия АҚШ, Ироқ ва курд тузилмаларини огоҳлантириб, агар курд ташкилотлари Эронга қарши операцияларда иштирок этса, ҳарбий чоралар кўришини маълум қилди. Бу ҳақда “Türkiye” газетаси хабар берди.

Нашр маълумотига кўра, Эронга қарши ҳужумлар бошланганидан сўнг  Исроил Анқарада террорчи деб тан олинган Курдистон ишчилар партияси ва унинг Эрон бўлинмаси билан музокаралар олиб боришга уринган. Улар жанговар ҳаракатларда ер усти прокси кучлари сифатида жалб этилиши режалаштирилган. Ушбу ташкилотлар қўмондонлари билан алоқалар “Моссад” разведкаси орқали амалга оширилган. Бу маълумотларни олгач, Туркия жараёнга фаол аралаша бошлаган.

Газетанинг ёзишича, мазкур масала март ойи бошида Эрдўған ва Трамп ўртасидаги телефон суҳбатида ҳам муҳокама қилинган. Эрдўған курд тузилмаларини Эронга қарши урушда қўллашга қатъий қарши чиққан. Курд ташкилотларига эса, агар улар урушда иштирок этса, Туркия томони “олдин Сурияда бўлгани каби ҳар қандай ҳолатда ҳам уларга зарба бериши” ҳақида огоҳлантириш етказилган.

Мазкур масалани тартибга солишда Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ҳамда Миллий разведка ташкилоти иштирок этмоқда. Уларнинг раҳбарияти Ироқ Курдистони маъмурияти ва Ироқ марказий ҳукумати билан фаол алоқалар олиб бормоқда. Шунингдек, турк расмийлари Шимолий Ироққа ташриф буюриб, Анқаранинг қатъий позициясини тушунтирган ҳамда зарурат туғилганда ҳарбий жавоб беришга тайёр эканини билдирган.

Бундан ташқари, ушбу жараёнга қамоқда бўлган етакчи Абдулла Ўжалон ҳам жалб этилган. У Шимолий Ироқдаги ташкилот раҳбариятига мурожаат қилиб, Эрон ишларига аралашмаслик кераклигини таъкидлаган ҳамда “Исроил тузоғига тушиб қолмаслик” ҳақида огоҳлантирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг “Курдистон эркин ҳаёт партияси” қуролли аъзолари аллақачон Эрон ҳудудида ва қўзғолонга шайлиги, бироқ улар АҚШ қўллаб-қувватлашисиз ҳаракат бошламаслиги ҳақида айтганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг