Туркия коинотга саккизинчи сунъий йўлдошини учирди
Олам
−
20 Декабрь 2021
3624Туркия саккизинчи сунъий йўлдошини коинотга учирди. Сунъий йўлдош орбитага Американинг SpaceX компаниясининг Falcon 9 ракетаси орқали чиқарилган. Шу билан коинотдаги фаол турк сунъий йўлдошлари сони 8 тага етди.Бу ҳақда Туркия Президенти маъмуриятининг алоқа бўлимига таяниб, "Ukrinform" хабар берди.
“Бугун биз коинотга мамлакатимиздаги энг кучли алоқа сунъий йўлдоши Turksat 5B’ни учирдик. Бу лойиҳада биз SpaceX'нинг Falcon 9 ракетасини афзал кўрдик”, дея фикр билдирган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған учириш маросимидан сўнг.
Унинг сўзларига кўра, Turksat 5B’нинг ишга туширилиши маълумотларни узатиш тезлиги ва қувватини 15 баробардан зиёд оширади. Учирилган сунъий йўлдош интернетдан фойдаланиш чекланган ҳудудларни, шунингдек, қуруқлик, денгиз ва ҳаво транспортини кенг қамровли сунъий йўлдош интернети билан таъминлайди.
Turksat 5B алоқа сунъий йўлдоши бўлиб, Туркия, Яқин Шарқ, Европа ва Африканинг катта қисмини қамраб олади. У Turksat ва TAI томонидан Airbus Defence and Space (D&S) билан ҳамкорликда 2011 йилда имзоланган шартнома асосида қурилган.
Шунингдек, Turksat 5B сунъий йўлдоши Туркия Транспорт ва инфратузилма вазирлиги билан Турк Аэрокосмик саноати, CTech, Turksat ҳамда Фан ва техник тадқиқот кенгаши ўртасидаги ҳамкорлик маҳсулидир.
Маълумот учун, Туркия Ер атрофида ўз сунъий йўлдошларига эга бўлган дунёнинг 30 давлатидан биридир. Бугунги кунда Ернинг геостационар орбитасида Туркиянинг 7 та сунъий йўлдоши фаолият кўрсатмоқда. Уларнинг тўрттаси алоқа сунъий йўлдоши – Turksat 3A, Turksat 4A, Turksat 4B ва Turksat 5A ва учтаси овоз чиқарувчи сунъий йўлдошлар – Göktürk-1, Göktürk-2 ва RASAT.
Озода Чориева
LiveБарчаси