Туркияда офат
Олам
−
06 Февраль 2023
10175Бугун, 6 февраль куни Туркия жануби-шарқида маҳаллий вақт билан 04:17 да 7,4 (баъзи манбаларда 7,9) магнитудали зилзила содир бўлди. Унинг оқибатида кўплаб вилоятларда юзлаб бинолар қулаб тушган. Таъкидланишича, аксарият шаҳарларда сезилган зилзила 30 сониядан ортиқ давом этган. Зилзила ердан 7 километр чуқурликда содир бўлган.
Маълум қилинишича, зилзила кун давомида яна кўп маротаба юз берган уларнинг энг кучлиси 6,6 баллни ташкил қилган. Шунингдек, Тошкент вақти билан соат 14:15 лар атрофида 7,6 магнитудали кучли ер силкиниши қайд этилди. Аксарият шаҳарларда сезилган зилзила 30 сониядан ортиқ давом этган. Зилзила ердан 7 километр чуқурликда содир бўлган.
Таъкидланишича, 2 800 дан ортиқ бино вайрон бўлди, вайроналар остидан ҳозиргача 2 500 га яқин киши олиб чиқилди. Кучли зилзила оқибатида қурбон бўлганлар сони 1541 нафарга етиб, жами 9 733 киши жароҳатлангани айтилган. Бироқ бу рақамлар ҳали яна ўзгариши мумкин.
Шунингдек, Туркияда юз берган зилзила туфайли талафот кўрган ҳудудларда таълим 1 ҳафтага тўхтатилган. Барча фуқароларга бепул қўнғироқлар имконини берувчи қўшимча алоқа ҳамда текин интернет трафиклари берилган. Бу ҳақда Туркиянинг Транспорт ва инфратузилма вазири ўринбосари Ўмер Фатиҳ Саян баёнотида айтиб ўтилган.
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев кучли зилзила оқибатида кўплаб одам қурбон бўлгани ва жиддий жароҳат олгани, катта талафотлар кўрилгани муносабати билан Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғанга ҳамдардлик йўллади. Шундан сўнг Шавкат Мирзиёевнинг Ражаб Тойиб Эрдўған билан телефон орқали мулоқоти бўлиб ўтди.
Мирзиёев топшириғига асосан, 7 февраль куни қардош Туркия давлатига инсонпарварлик ёрдами ва зилзила оқибатларини бартараф этиш мақсадида, 60 нафар ФВВ қутқарувчилари ҳамда 3 та махсус авария-қутқарув техникаси юборилиши маълум қилинди.
Шунингдек, Ташқи ишлар вазирлиги 6 февраль куни Тошкент вақти билан соат 11:00 ҳолатига кўра, мамлакатимизнинг Туркиядаги дипломатик ваколатхоналарига зилзила оқибатида ҳалок бўлган ва жароҳатланган Ўзбекистон фуқаролари бўйича маълумот келиб тушмаганини билдирди.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг Туркиядаги элчихонаси ҳам талафот кўрганларга ҳамдардлик билдириб, содир бўлган зилзиладан чуқур қайғуда экани, барча имкониятлар билан қардош ва дўст Туркиянинг ёнида эканини айтиб ўтган.
Зилзилада талафот кўрган ҳудудларга Америка Қўшма Штатлари, Бельгия, Греция, Украина, Европа Иттифоқи ва Россия ҳам ёрдам беришини маълум қилди.
Бугун, 6 февраль куни эпимаркази Туркиянинг Қаҳраманмараш вилоятидаги Пазаржик тумани бўлган зилзиланинг таъсири Сурияда ҳам кузатилган. Унинг оқибатида 600 га яқин киши вафот этиб, 1000 дан ортиқ одамлар яраланди. Бу рақамлар ҳам худди Туркия сингари вақт ўтгани сайин ортиб бормоқда.
Қайд этилишича, Суриянинг Идлиб, Ҳалаб, Ҳама, Латакия, Тартус, Раққа вилоятлари зилзиладан катта талафот кўрган ҳудудлар сирасига киради.
Сурия Миллий сейсмология маркази раҳбари Раед Аҳмаднинг айтишича, у ердаги силкинишлар 7,7 баллга етган, сўнг икки давлат чегарасида 6,4 балл ва ундан кучсизроқ ер силкинишлари қайд этилган. Аҳмад ушбу зилзила 1995 йилдан бери энг кучли бўлганини таъкидлади.
Шунингдек, Афғонистонда ҳам айни шу кунда 4,1 магнитудали зилзила юз берган.
Акобир Мисиралиев
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь