Туркий давлатлар ўртасида Туркистон декларацияси қабул қилинди
Жамият
−
15 Май 2376 3 дақиқа
Бугун, 15 май куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилотининг “Сунъий интеллект ва рақамли ривожланиш” мавзусидаги норасмий саммитида иштирок этди. Саммит якунида Туркистон декларацияси қабул қилинди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Президент ўз нутқида ҳамкорликни ривожлантириш учун бир қатор аниқ ташаббусларни илгари сурган. Хусусан, Ўзбекистон раҳбари глобал технологик жараёнларни инобатга олган ҳолда ташкилот доирасида сунъий интеллект соҳасида стратегик ҳамкорлик тармоғини шакллантириш лозимлигини таъкидлаган. Мазкур ташаббус квант ҳисоблаш технологиялари ва ягона рақамли маконни яратиш орқали иқтисодий ўсишнинг янги нуқталарини белгилашга хизмат қилади.

Шунингдек, минтақавий маълумотлар алмашинувини таъминловчи “Рақамли туркий коридор концепцияси”ни ишлаб чиқиш ва Тошкент шаҳрида ТДТ аъзо давлатларининг Технологиялар форумини ўтказиш таклиф этилган.
Илмий-маънавий меросни пухта ўрганиш ва тарғиб этиш учун Тошкент шаҳрида барпо этилган Ислом цивилизацияси маркази минтақавий йирик илмий-маърифий масканга айланиб бормоқда. Шу кунларда мажмуада ТУРКСОЙнинг офиси очилган.

“Ушбу марказ ТУРКСОЙ ва Туркий академия билан тарихий-маданий манбаларимизни ягона “катта маълумотлар” платформасига жамласа, халқларимиз учун фойдали иш бўлар эди”, дейди давлат раҳбари.
Саммитда Яссавий тариқатининг бағрикенглик ва маърифатпарварлик ғояларини ҳамкорликда чуқур ўрганиш ва кенг тарғиб этиш таклифи ҳам берилган.

Ёш авлодни замонавий касбларга тайёрлаш мақсадида Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган “5 миллион сунъий интеллект етакчилари” дастури юқори баҳоланмоқда. Президент ёшларнинг стартап лойиҳаларини молиялаштириш учун Ўзбекистон ва Қозоғистон томонидан ташкил этилаётган Қўшма венчур жамғармасига аъзо давлатларни қўшилишга чорлаган.
Юк ташиш жараёнларини соддалаштириш мақсадида аъзо давлатлар ўртасида “E-Permit” электрон рухсатномалар тизими тўлиқ йўлга қўйилгани мамнуният билан қайд этилган. Стратегик аҳамиятга эга бўлган ўрта коридорни айни пайтда қурилаётган “Хитой – Қирғизистон – Ўзбекистон” темир йўли билан боғлаш ҳамда божхона маълумотлари алмашинувини тўлиқ рақамлаштириш бўйича амалий вазифалар белгилаб берилган.

Иқлим ўзгаришига қарши мувофиқлаштирилган ҳаракатларни ташкил этиш мақсадида 2027 йилни туркий дунёда “Табиатни асраш йили” деб эълон қилиш ташаббуси илгари сурилган.
Шу билан бирга, сунъий йўлдош маълумотлари асосида ТДТ иқлим хатарларини мониторинг қилиб бориш тизимини яратиш ҳамда қурғоқчиликни барвақт аниқлаш, трансчегаравий сув ресурсларини бошқариш жараёнига сунъий интеллектни татбиқ этиш зарурлиги қайд этилган.

Терроризм, экстремизм ва кибертаҳдидларга қарши курашишда мустаҳкам ҳуқуқий ва технологик замин яратиш мақсадида Киберхавфсизлик ва рақамли инфратузилмани ҳимоя қилиш бўйича Туркий альянсни тузиш таклифи берилган.
Ўзбекистон етакчиси ўз нутқи якунида интеллектуал салоҳият ва бирликнинг уйғунлиги Туркий дунёни барқарор тараққиёт ва илғор ечимлар маконига айлантиришини қайд этган.
Саммит якунида Туркистон декларацияси қабул қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан биргаликда Туркистон шаҳрида Ўзбекистон томонидан бунёд этилган масжид билан танишган эди. Кейинроқ, Ўзбекистон етакчиси Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаров ва Туркия Республикаси Президенти Ражаб Тойиб Эрдўған билан учрашув ўтказди. Шунингдек, етакчилар Туркистон шаҳрининг тарихий-маданий марказида бўлди.
Live
Барчаси