Туркий давлатлар раҳбарлари Регистонда дарахт экди
Жамият
−
11 Ноябрь 2022
6458Туркий давлатлар ташкилотининг Самарқанд саммити доирасида яна бир хайрли ишга қўл урилди – барча иштирокчи мамлакатларда дарахт экиш маросими бўлди.
Маълумки, ташкилотда бугунги куннинг энг долзарб муаммоси бўлган экология масалаларига алоҳида аҳамият қаратилиб, табиатни асраш бўйича амалий чоралар кўрилмоқда. Хусусан, Ўзбекистонда Президентимиз ташаббуси билан “Яшил макон” дастури амалга оширилмоқда. Бундай лойиҳалар Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгрияда ҳам бор.
Самарқанд бу эзгу ҳаракатларни бирлаштирди. Саммитнинг асосий тадбирларидан кейин, туркий давлатлар етакчилари Регистон майдонига ташриф буюрди.
“Не-не тарихий воқеаларга гувоҳ бўлган муҳташам Регистон майдонида туриб, туркий дунё цивилизациясининг янги босқичига рамзий маънода қадам қўймоқдамиз. Улуғ аждодларимизга хос бўлган азалий анъаналарни давом эттирган ҳолда, яна бир хайрли ташаббусни бошламоқдамиз”, дейди Шавкат Мирзиёев.
Дарахт экиш туркий миллатлар қадрияти, бугунги муштарак интилишлар тимсоли экани таъкидланди.
“Бу ишларнинг барчаси туркий халқлар умумий тараққиёти ва фаровонлиги сари муштарак интилишларимизнинг яққол тимсоли, десак, муболаға бўлмайди. Биз бугун туркий дунё ҳурматли етакчиларининг ушбу табаррук заминга ўз қўллари билан кўчат экаётганларини юксак қадрлаймиз. Зеро, бу ниҳоллар – ҳаёт дарахтлари, дўстлик ва ўзаро ишонч, маънавият ва келажак боғлари бўлиб қад ростлайди”, деди Ўзбекистон раҳбари.
Шундан сўнг, Ўзбекистон, Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Туркия, Туркманистон ва Венгрия етакчилари мажмуа боғига кўчатлар экди.
Маросим ушбу давлатлар пойтахтлари ва мамлакатимиз ҳудудларида видеоалоқа орқали кўрсатилди. У ерларда ҳам минглаб кўчатлар экилди. Шу тариқа, дарахтзорларни кўпайтириш ҳаракати халқаро миқёс касб этди.
Туркий давлатлар етакчилари биргаликда суратга тушди.
LiveБарчаси