Туркистонда кўприк қулаб тушди
Олам
−
18 Декабрь 6068 1 дақиқа
Бугун, 18 декабрь куни Қозоғистонда Туркистон вилоятининг Келес тумани, Қошқарота қишлоғида Келес дарёси устидан ўтган кўприк қулаб тушди. Бу ҳақда Келес тумани ҳокимлигига таяниб, “Орда.кз” хабар берди.
Қайд этилишича, қулашдан бироз олдин кўприкда ёриқ пайдо бўлгани сезилган ва ҳаракат вақтинча тўхтатилган. Ҳозирда воқеа жойида Фавқулодда вазиятлар хизмати, ички ишлар органлари ҳамда маҳаллий ижроия ҳокимияти вакиллари ишламоқда. Вазият назорат остида.
Дастлабки маълумотларга кўра, ҳодисанинг сабаби кўприкнинг узоқ йиллар давомида фойдаланилгани ҳамда таянч устунлари остининг сув оқими таъсирида ювилиб кетгани. Кўприк Туркистон вилояти Йўловчи транспорти ва автомобиль йўллари бошқармаси балансида бўлиб, ҳозирда у фавқулодда тартибда таъмирланмоқда.
“Ҳозирда Алпамйс ва Биртилек қишлоқ округлари орқали 10–15 километрли айланма йўллар орқали ҳаракатланиш мумкин”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Хитойда яқинда қурилган кўприк қулаб тушганди.
Live
Барчаси