Турбатда истироҳат қилғонларимиз
Таҳлил
−
29 Декабрь 2025 6795 39 дақиқа
Эски йил ниҳоясига етиб, милоднинг янги саҳифасига қадам қўяр эканмиз, ортда қолган 365 кунлик ҳаётимизга беихтиёр назар ташлаймиз. Қаерда адашдик, қаерда тўғри йўл тутдик, қайси лаҳзаларда ютдик, қайси паллаларда бой бердик – буларнинг барчаси хотира тарозисига қўйилади. Ютуқ ва камчиликлар билан бир қаторда, инсон қалбини энг кўп ўртайдиган туйғу – йўқотиш ҳисси ҳам бор. 2025 йил кўплар ҳаётидан азиз инсонларини олиб кетган бўлиши мумкин. Бу – сўз билан ифодалаб бўлмас даражадаги оғриқ.
Аммо шундай йўқотишлар ҳам бўладики, у фақат бир хонадон ёки бир инсон дардигина эмас, балки бутун бошли миллат юрагида айрилиқ оҳангини уйғотади. Йил якунланар экан, анъанага мувофиқ янги режалар ва мақсадлар ҳақида ўйлаш билан бирга, бу йил бизни ҳасратда қолдириб, ўзлари турбатда истироҳат қилаётган фидойи сиймоларни ҳам хотирлаймиз. Қишлоқ хўжалиги, фан, таълим, адабиёт, санъат, журналистика ва диндан тортиб, сиёсат, қуролли кучлар, ҳуқуқ ҳамда дипломатия соҳаларида Ватан эртаси учун сидқидилдан хизмат қилган, олтин ўзбек генофондини бойитган ана шундай муносиблар хотираси қалбларимизда мангу яшайди. Муғанний айтганидай, “айрилиқ куйини чалинг”.
Январь ойининг 4-санасида ўзбек эстрадасининг йирик намоёндаларидан бири тарихга муҳрланди. “Бедана” қўшиғи билан танилган, “Тошкент” гуруҳининг хонандаси Бахтиёр Султонов 60 ёшида вафот этди.
“Бугунги тонг жуда нохуш хабар олиб келди. Бир пайтлар “Бедана” қўшиғи билан машҳур бўлган хонанда, созанда, бастакор, энг муҳими яхши инсон Бахтиёр Султонов вафот этибди. Ишонмай, дабдурустдан карахт бўлиб қолдим. Икки кун олдин 1 январь куни кечқурун Telegram’дан янги йил табригини жўнатгандилар. Бахтиёр ака билан анча ҳамкорлик қилганмиз, кўп суҳбатда бўлганмиз. Доим ҳаракатда эдилар, ниятлари кўп эди. Афсус, тақдирнинг айтгани бошқа экан. Нима дейишни, ёзишни билмаяпман. Одамзод нақадар мўрт, омонат. Бир-биримизга эътиборлироқ бўлайлик. Бахтиёр акани Аллоҳ раҳматига олсин”, деб ёзди шоир Бобур Бобомурод.

Орадан икки кун ўтиб, 6 январь куни Қорақалпоғистон халқ рассоми, Ўзбекистон Бадиий ижодкорлар уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими аъзоси, Бердақ мукофоти совриндори, Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби, театр рассоми Барлиқбай Айтмуратов 67 ёшида оламдан ўтди.
Рассомнинг ижоди қорақалпоқ тарихи ва адабиётини кенг қамраб олган бўлиб, у Бердақ, Ажинияз, Ибрайим Юсупов сингари адабиётнинг йирик дарғалари портретларини яратган. Айтмуратов, шунингдек, уларнинг асарларига композициялар ишлаган ва халқ оғзаки ижодидан олинган достонларга бағишлаб кўплаб асарларни санъат ихлосмандларига ҳавола этган. Бундан ташқари, Қорақалпоқ халқ достонларидан “Қирққиз”, “Тўмарис”, “Шарияр”, “Ерназарбий” рассомнинг энг сермаҳсул ижодий ишларидан саналади.

Таъкидлаш керакки, 2025 йил ўзбек адабиёти учун бошқа соҳаларга қараганда кўпроқ йўқотишларга олиб келди. 9 январь куни Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Минҳожиддин Ҳайдар 84 ёшида вафот этди. Унинг биринчи шеърий тўплами 1971 йилда “Инсон юраги” номи билан чоп этилади. Сўнгра унинг “Нина устида қаср” (1979), “Ўчмас бўрон” (1979), ”Тирик аланга” (1984), “Булбулсиз” (1991) каби бир қатор шеърий тўпламлари ва 1992 йилда “Мусалло” номли публицистик асарлари босилиб чиқади.
У таржимон ва драматург сифатида ҳам сермаҳсул ижодкор эди. Жумладан, “Онаизор” (1970), “Дўзахдаги шайтон” (1976) каби шеърий драмалари ва памфлетларини ёзган.

10 январь куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳибаси, икки карра Олий Мажлис Сенати аъзоси бўлган Ҳаётхон Ортиқбоеванинг 78 ёшида оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни ҳузн билан қарши олдик.
Ҳаётхон Ортиқбоева ўнлаб шогирдлар тарбиялаган меҳрибон ва фидойи устоз эди. Шоиранинг “Феруза оқшомлар”, “Кўклам эртаклари”, “Ҳумолари қайтган юрт”, “Не бахт бу дийдор”, “Ой қўнган айвон”, “Тонгларингда эсган насимман” каби китоблари нашр этилган.

***
Рафиқ бўлолмассан, дилинг сотарсан,
Нишон олмоқ учун элинг сотарсан.
Расул бўлолмассан, ғулом бўларсан,
Раъноман дейсан-у милтиқ отарсан.
1985
Хуршид Даврон
P/s. Тўртликнинг биринчи-иккинчи сатрида Рафиқ Нишонов, учинчи сатрида ашаддий советпраст тўда раҳнамоларидан бири Расул Ғуломов ва ниҳоят 4 сатрда Раъно Абдуллаева назарда тутилган.
Ўтганларни яхши сўзлар билан хотирлаш кераклигини айтишади. Советлар даврида Наврўз байрамига диний тус бериб, уни халқ ҳаётидан юлқиб чиқаришга уринган, ўз даврининг сиёсатига қаттиқ ишониб, шу сиёсат қурбонига айланганча 1987 йилдан 1990 йилгача қамоқда ўтирган совет мафкураси етакчиларидан бири 90 ёшли Раъно Абдуллаева ҳам 2025 йилда ажал билан юзлашди.
У 1963−1971 йилларда Ўзбекистон комсомолининг биринчи котиби, сўнгра Ўзбекистон ССР Министрлар Совети раисининг ўринбосари, 1987 йилгача Ўзбекистон Компартияси Марказий Қўмитасининг мафкура бўйича котиби лавозимларида ишлаган.
Раъно Абдуллаева номини қатор совет мафкурасига асосланган ташаббуслар билан боғлашади. Жумладан, 1987 йилда партия мажлисида Наврўз байрамини тақиқлаш масаласи кўрилиши ҳам Абдуллаевадан чиққани айтилади. Ўшанда Наврўзни бекор қилиб, унинг ўрнига 10 апрелни кўчат экадиган “Навбаҳор” деган байрамга айлантириш таклиф қилинган. Ҳаттоки шу номни дастаклаш учун Наманганнинг футбол жамоасига ҳам “Навбаҳор” номи берилган. Унинг номи 1987 йилгача “Автомобилист” бўлган. Дарвоқе, 1990 йилда биринчи ҳаж мавсуми уюштирилганида Раъно Абдуллаева биринчи ҳожи оналардан бирига айланган.
Ўзбекистон халқ шоири Хуршид Даврон ўзининг 2003 йилда ёзилган “Унутмайман, унутолмайман” мақоласида келтиришича, Раъно Абдуллаева Ўзбекистон компартиясининг мафкура тизимини бошқарган пайтлари ўзбек адибларини, энг аввало, Наврўзни ва она тили мақомини тиклашга киришган ёш шоирларга қарши кескин кураш бошлаган, уларнинг тўпламларини нашриётлар режасидан ўчиришга фармон берган. У Атом энергияси агентлиги (Ўзатом) нинг ҳозирги раҳбари Азим Аҳмадхўжаевнинг ҳам бувиси бўлган.

Тугаб бораётган йилнинг 15 январь санасида эса пайғамбар ёшига етган актёр Равшан Жўраев вафот этди. У кўп йиллар давомида театр ҳамда кино соҳасида фаолият юритиб, ёрқин ва мазмунли роллари орқали томошабинлар қалбидан ўрин олган.
Актёр “Бобур”, “Чақалоқ”, “Кўнгил кўчалари”, “Шайтанат”, “Буюк шараф” ва бошқа фильмлардаги роллари билан танилган. У бир муддат Маънавият ва маърифат маркази Сергели туман бўлими раҳбари лавозимида ҳам ишлаган.

24 январь куни эса Қорақалпоғистоннинг собиқ Маданият вазири, Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, драматург, Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби Пўлат Айтмуратов 64 ёшида туғилган кунидан бир кун ўтиб вафот этди
Марҳум 1961 йил 23 январда Чимбойда туғилган.

31 январь куни яна бир маданият ходими – Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист, педагог Ойгул Темировна Халилова 64 ёшида вафот этди.
Қашқадарё вилоятида таваллуд топган Ойгул Халилова 2001 йилда “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист” унвони билан тақдирланган. Унга 2011 йилда Ўзбекистон мустақиллигининг 20 йиллиги шарафига юбилей кўкрак нишони топширилган. 2016 йилда Халилова “Дўстлик” ордени ва Ўзбекистон мустақиллигининг 25 йиллиги шарафига юбилей кўкрак нишони билан тақдирланган.

Февраль ойининг биринчи санасида Ўзбекистонда хизмат кўрсатган фан арбоби Галина Матвиевскаяни йўқотдик. 95 ёшли олима Ўзбекистонда шарқшунослик фанининг ривожига ҳисса қўшган, Фанлар академияси ҳақиқий аъзоси, физика-математика фанлари доктори, профессор эди. Галина Матвиевская 1930 йилда Днепропетровск (ҳозирги Украинанинг Днепр шаҳри)да туғилган. У 1959 йилда Ўзбекистон Фанлар академиясининг Математика институтига Ўрта асрлар шарқидаги фанлар тарихи бўйича тадқиқотларни кучайтириш учун таклиф қилинган.
У Борис Абрамович Розенфелд билан биргаликда жаҳон фондларида сақланаётган араб тилидаги математика ва астрономияга оид қўлёзмалар каталогини тузган, шогирдлари билан биргаликда ФА Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институтидаги математик қўлёзмаларнинг тавсифини амалга оширган.
Профессор Фанлар академияси мухбир аъзоси (1984), сўнгра академиянинг ҳақиқий аъзоси (2000) этиб сайланган. У UNESCO томонидан табиий фанлар тарихи бўйича йирик мутахассис сифатида тан олинган ва Халқаро фанлар тарихи академиясининг (Париж) ҳақиқий аъзоси этиб сайланган.
Галина Матвиевская Хоразмий, Декарт, Беруний, Улуғбек, Романовский, Сўфий ҳақида китоблар нашр эттирган, шарқшунослик соҳасида илмий тўпламлар тузувчи ва бош муҳаррир бўлган, Муҳаммад ибн Мусо ал-Хоразмийнинг 1200 йиллиги муносабати билан ташкил этилган юбилей (1983) тадбирларини ўтказишда фаол иштирок этган.

6 февраль куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими, Халқаро А.Ноболсин мукофоти лауреати Хайриддин Масъудов 88 ёшида оламдан ўтди. Марҳум узоқ йиллар Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирининг ўринбосари ҳамда Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази директорининг биринчи ўринбосари сифатида таълим тизимини ривожлантиришга улкан ҳисса қўшган.

8 февраль куни “Дўстлик” ордени соҳиби, эл суйган актёр Ҳусан Мусабоев 71 ёшида бу ёруғ оламни тарк этди. Ҳусан Мусабоев “Ажойиб хаёлпараст”, “Бозор кўрмаган йигит”, “Анора”, “Ҳаёт-мамот”, “Мен бу мен”, “Ўғригина келин”, “Эр бермоқ – жон бермоқ”, “Жиблажибон”, “Алдамадим, ҳазиллашдим”, “Ана холос!”, “Супер хизматкор”, “Яша, хотин!” каби кўплаб фильмлардаги ўзига хос роллари билан томошабин меҳрини қозонган эди.

Дарҳақиқат ўлим ёш танламайди, эндигина гуллаб ижод қила бошлаган истеъдод соҳибасига янада кўплаб саҳналарни забт этиш насиб қилмади. 15 февраль санасида Хонанда Ширин Абдуллаева 19 ёшида оламдан ўтди.
Марҳума 2005 йил 14 декабрь санасида Наманган шаҳрида дунёга келган. Пекиндаги Синьхуа университети талабаси бўлган қўшиқчи 2023 йилда санъат йўналиши бўйича Зулфия номидаги Давлат мукофоти билан тақдирланган.
Ширин уч ёшга тўлар-тўлмас қўшиқ куйлашни бошлаган, ўзи қўшиқ ёзарди, республика ва халқаро мусиқий танловларда қатнашарди, ҳам кинода суратга тушарди. Шириннинг азалий орзуси ўзининг жонажон ватани Ўзбекистоннинг номини халқаро майдонда донг таратиш эканини айтганди.

Ўзбекистон Давлат мусиқали комедия театри асосчиси Григорий Спектор 18 февраль куни 99 ёшида оламдан ўтди. Россия Федерациясининг санъат арбоби Григорий Спектор ўз ижоди билан Ўзбекистон Давлат мусиқали комедия театри (оперетта)нинг тарихида ёрқин саҳифалар қўшганлиги билан эсланади.

2025 да вафот этган нуронийларимиз қаторида авлодлар учун ҳақиқий курашга ўзини отган уруш қаҳрамони 105 ёшли Пирназар бобо ҳам бор. Навоий вилоятининг Кармана туманидаги Дўрман маҳалласида истиқомат қилган уруш ва меҳнат фахрийси Пирназар бобо Турдиев 18 февралда боқий дунёга сафар қилди. Пирназар бобо урушнинг дастлабки кунларидаёқ ҳарбий хизматга чақирилиб, 1947 йилда юртга қайтган. Тўрт марта қаттиқ яралган. Икки бор уйига қорахат келган.

Шунингдек, Ўзбекистон халқ артисти, машҳур мақом ижрочиси Нафиса Тўхтаева 21 февраль куни 83 ёшида вафот этди.
Нафиса Тўхтаева Ўзбекистон Давлат филармониясида, Юнус Ражабий номидаги “Мақом” ансамблида хонанда сифатида ижод қилган, 50 дан ортиқ мумтоз мусиқалар ижрочиси бўлган. Унинг ижросида “Сарахбори Оромижон”, “Қашқачаи Савти Сабо”, “Эй Назокат” каби куйлар маънавий мерос дурдоналарига айланган.

***
Мен ҳам нур-зиёга ҳавас қиламан,
Гувраган дарёга ҳавас қиламан.
Нур-зиё таратган дарёдил инсон –
Баҳодир Исога ҳавас қиламан.
2008
Иқбол Мирзо
Баҳодир Исо камдан-кам насиб этадиган бахтга эга шоир эди – халқ ичида яшаб, халқнинг дардини юрагидан ўтказа олган ижодкор. У шон-шараф ортидан қувмади, пойтахтнинг баланд минбарлари эмас, қишлоқнинг сокин кўчалари унга яқин эди. Авлодининг салмоқли шоири бўла туриб, кибр нималигини билмасдан яшади. “Яхши инсон” деган таъриф кўпинча юзаки айтилади, аммо Баҳодир Исога бу сўз торлик қилади. У оғриғини одамларга эмас, сатрларга айтди, сукутини шеърга айлантирди. Жисми кичик бўлса-да, маъноси, сўзи ва изтироби билан адабиётда баланд бўй кўрсатган буюк шоир эди.
Биз ундан 25 февраль куни айрилдик. Баҳодир Исо 1956 йилда Фарғона вилояти Риштон туманидаги Дўтир қишлоғида туғилган. У 1977 йилда Фарғона педагогика институтини тамомлаган. Марҳум фаолиятини, асосан, адабиёт ва санъатга боғлаган.
Унинг шеърлари, достонлари республиканинг қатор матбуотларида, коллектив тўпламларда чоп этилган. Хусусан, 1988 йилда нашр этилган “Хайрли тун” шеърий тўплами билан мухлисларга яхши таниш эди.

Адабиётнинг яна бир дарғаси ёзувчи Шодмон Отабек 79 ёшида оламдан ўтди.
3 март куни совуқ ҳаво каби эсган бу хабар марҳум ижодини бирваракайига кўз олдимиздан ўтказди. Турли йилларда ёзувчининг “Мирзакалон Исмоилий” (1978), “Япроқдаги нур” (1979), “Одамийлик синовлари” (1986), “Энг бахтли кун”, “Қорбўрон”, (1988, 2009), “Шахмат абадийдир” (1990), “Ширмонбулоқ оқшомлари” (1995) каби китоблари, шунингдек, “Яхши кунларда кўришайлик”, “Биркам дунё” қиссалари чоп этилган. Адиб атоқли ёзувчи Мирзакалон Исмоилий ҳақидаги илмий изланишларини давом эттириб, 2010 йили “Мирзакалон Исмоилий сабоқлари” деган китобини нашр эттирган.
Шодмон Отабекнинг шоир ва ёзувчилар ҳаётидан олиб ёзилган, Озод Шарафиддинов, Эркин Воҳидов сўзбоши ёзган, тўрт марта нашр қилинган “Дўрмон ҳангомалари” китоби машҳурдир. Бу китоб адабий муҳитнинг ҳазил-мутойибаларга йўғрилган бир тарихи сифатида ҳам қимматлидир.
Шодмон Отабекнинг асарлари рус, украин, қозоқ, турк тилларига таржима қилинган. Шунингдек, у “Шуҳрат” медали билан тақдирланган.

26 февраль куни яна бир ҳақиқатпарвар журналистдан айрилдик. Алишер Рўзиохунов 32 ёшида оламдан ўтди. У журналистлик фаолиятини QALAMPIR.UZ’да бошлаган, кейинроқ Ўзбекистоннинг бир қанча таниқли интернет нашрларида, шунингдек, қатор хорижий нашрларда ҳам фаолият кўрсатган. У 2021 йилда “Ижтимоий-ҳуқуқий медиа маркази” нодавлат нотижорат ташкилоти муҳаррири сифатида “Келажак бунёдкори” медали билан тақдирланган.
Марҳумни узоқ йиллардан буён қандли диабет касаллиги қийнаб келгани айтилади.

Опа-сингилларимиз севиб томоша қилган “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” сериалини эсласангиз керак, сериал муаллифи бўлган тележурналист Марат Асадуллаев 6 март куни 75 ёшида вафот этди.
Марат Асадуллаев 1950 йилнинг 13 февралида Тошкент шаҳрида ишчилар оиласида туғилган. 1968-1974 йилларда ҳозирги Ўзбекистон Миллий Университетида таҳсил олган. Дастлаб театрда иш бошлаган Марат Асадуллаев 1971 йилдан бошлаб фаолиятини телевидениеда давом эттирган. У карьерасини режиссёр ассистентлигидан бошлаган ва бош муҳаррир даражасига етган.
2002 йилда Ўзбекистон телерадиокомпанияси Тошкент телеканалидан “Қирқ тоғоранинг қирқ ноғораси” номли сериал эфирга узатилган. Лойиҳа катта шов-шувларга сабаб бўлган. Унинг муаллифи Марат Асадуллаев бўлган.

Жорий йилнинг 15 март санасида эса шоира Ҳалима Қорабоева 79 ёшида вафот этгани ҳақида хабар ёйилди. Марҳума Фарғона вилояти Олтиариқ туманида туғилган. У кўплаб шеърий тўпламлар муаллифи саналади. “Учаётган қушлар”, “Қайтмас дақиқалар”, “Ҳарорат” шулар жумласидандир.

22 март куни Ўзбекистоннинг аграр соҳасида катта йўқотиш бўлди. Қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор Ҳалима Атабаева 91 ёшида оламдан ўтди.
Марҳума умрини илм-фан ва таълимга бағишлаб, 72 йил давомида кўплаб етук мутахассис ва раҳбарлар етиштирган. Қишлоқ хўжалигининг барқарор ривожи, экинлар ҳосилдорлигини ошириш ва замонавий агротехнологияларни жорий этиш йўлида муҳим илмий ишлар амалга оширган.
Ҳалоллиги, фидойилиги ва талабчанлиги билан ҳурмат қозонган Ҳалима Атабаева ҳукумат томонидан “Дўстлик” ордени, “1-даражали Меҳнат фахрийси” унвони ва “Қишлоқ хўжалиги фидойиси” кўкрак нишони билан тақдирланган.

Бу дунёни тарк этган зиёлилар орасида Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги биринчи элчиси Суръат Мирқосимов ҳам бор. У 24 март куни 85 ёшида вафот этди.
QALAMPIR.UZ манбасининг хабар беришича, Ўзбекистоннинг Ҳиндистондаги собиқ Фавқулодда ва мухтор элчиси Суръат Мирҳожиевич Мирқосимов узоқ давом этган касалликдан сўнг оламдан ўтган. Суръат Мирқосимов моҳир дипломат, педагог, Фавқулодда ва мухтор элчи бўлган. У дипломатияга доир 4 та ўқув қўлланма, 50 дан ортиқ илмий мақола ёзган.

30 март куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, шоир Ҳаёт Шодмон (Исматулло Ибодуллаев) 63 ёшида оламдан ўтди. У 1983 йилда Гулистон қурилиш техникумини, 2009 йилда Ўзбекистон Миллий университети ҳузуридаги Олий адабиёт курсини тугатган.
2000 йилда “Соғинчларга ишондим сени”, 2002 йилда “Давкар элим”, 2004 йилда “Ўлан тўшак”, 2011 йилда “Умид фасллари”, 2004 йилда “Жиян келди”, 2017 йилда “Энадарё” шеърий тўпламлари нашр қилинган.

1 апрель! Одамлар бу санани ҳазил куни сифатида билади, аммо бу кун ўзбек болалар адабиёти учун чин маънода устун бўлган дарғани орамиздан олиб кетди. Таниқли болалар шоири Ҳабиб Раҳмат 84 ёшида вафот этди.
Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси Ҳабиб Раҳматнинг “Сизни Ватан эркалар“, “Бизнинг звено“, “Қулоқсиз улоқ“, “Ари ва Али“, “Қушлар бозори“, “Қизиқ совғалар“, “Ботир аскарча“ деб номланган қатор китоблари босилиб чиққан.

5 апрель куни таниқли журналист ва блогер Жасур Ҳамроев 42 ёшида вафот этди. У биринчилардан бўлиб ўзбек медиасида ўз сайтини очган журналистлардан эди. У қандли диабет касалига чалинган ва сўнгги ойларда буйрак етишмовчилиги дарди билан оғриб келган.

12 апрель санасида “Эл-юрт ҳурмати” ордени соҳиби, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган халқ таълими ходими" унвонлари билан тақдирланган профессор Муфат Маматов 92 ёшида вафот этди.
Муфат Маматов 1932 йили Наманган вилояти Чуст туманида туғилган. Фарғона давлат педагогика институтини тамомлаган. У бутун умрини таълим, тарбия, илм-фан ва маънавият соҳасига бағишлаб, Тошкент ва Намангандаги йирик таълим муассасаларида раҳбарлик лавозимларида самарали фаолият олиб борган.

Май ойига келиб, диний уламо, водий аҳлининг етакчи дин олимларидан бўлган Иброҳимжон Қўқандий вафот этди. Қўқон шаҳар “Саодат” масжиди имом хатиби, халқ орасида Иброҳимжон домла номи билан танилган Иброҳимжон Қодиров 3 май куни ҳаётдан кўз юмган. Марҳум етук уламолар – Мавлавий Ҳиндустоний ва Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг шогирди ва юзлаб талабаларнинг устози бўлган.

Шу ойнинг ўзида Ҳажга элликбоши бўлиб кетган тошкентлик имом Раббимқул Муҳаммадиев Мадинада вафот этди. Марҳум 2019 йилдан буён Яккасарой туманидаги “Ракат” жоме масжиди имом-хатиби сифатида ишлаб келаётган эди. У олдин Тошкент шаҳрининг Олмазор туманидаги “Имом Термизий” масжидида ҳам имом-хатиб бўлиб ишлаган.

Бундан ҳеч қанча ўтмай, 23 июнь куни Андижон вилояти Избоскан тумани бош имом-хатиби сифатида ишлаган, “Аҳмадали ҳожи” жоме масжиди имом-хатиби Салимжон домла Юнусов 51 ёшида вафот этди.

26 апрель санасида Ўзбекистон Республикаси Фанлар академияси Санъатшунослик институти Тасвирий ва амалий санъат бўлими мудири, йирик давлат ва жамоат арбоби, археолог олим ҳамда маданий меросни сақлаш ва тарғиб қилишга ҳисса қўшган Зафар Ҳакимов 83 ёшида ҳаққа қовушди.
Олим 1942 йил 14 августда Бухоро шаҳрида туғилган. 1992-1993 йилларда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирининг биринчи ўринбосари бўлган.

Май ойининг ўрталарида Ўзбекистоннинг АҚШдаги собиқ консули Фахриддин Мўминов вафот этди. Мўминов АҚШдан ташқари БАА ва Бангладеш мамлакатларида ҳам консул сифатида фаолият юритган.

28 май куни “Шайтанат”, “Қўрғошин” ва бошқа ўзбек фильмларида роль ўйнаган Михаил Каминский вафот этди.

Каминский бир қатор ўзбек фильмларида роль ижро этган. Жумладан, “Шайтанат” сериалида арман мафиаси образини гавдалантирган. Шунингдек, “Юзма-юз”, “Назира”, “Қўрғошин” каби кинокартиналарда суратга тушган. Бундан ташқари, у бир қатор театрларда ҳам фаолият кўрсатган. 2022 йилдан БДКИ Тошкент филиалида актёрлик устахонаси раҳбари бўлиб фаолият юритиб келаётганди.
Баҳорнинг сўнгги кунлари ҳам ўзбек илм-фани учун оғриқли кечди. 28 май куни Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистон Миллий университети Математик анализ кафедраси профессори, физика-математика фанлари доктори, таниқли математик олим Азимбой Саъдуллаев 78 ёшида вафот этди.

“Ёмғир ёғди” “Саратон”, “Сен қайдасан”, “Икки дарахт”, “Азизим”, “Йиғлама”, “Ёлғон дунё”, “Мен сени ҳеч кимга бермайман” каби сон-саноғи йўқ ретро тароналар сизнинг ҳам кўнглингиздан жой олган бўлса не ажаб. Биз қўшиқларни ким куйлашини, нари борса шеър муаллифини ҳам танишимиз мумкин, аммо унга сайқал берган, оҳанг киритган бастакорлар негадир доим четда қолади. Бугунги рўйхатда афсуски даҳо композитор Дилором Омонуллаева ҳам бор.
Таниқли ўзбек бастакори, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, профессор Дилором Омонуллаева 31 май куни 65 ёшида оламдан ўтди. Омонуллаеванинг ижодий фаолиятида замонавий эстрада қўшиқчилик санъати устувор бўлган. У замондош шоирлар – Усмон Азим, Ёдгор Обид, Пўлат Мўмин, Зулфия Мўминова, Ҳалима Худойбердиева ва бошқаларнинг сўзларига, турли мавзуларда 100 дан ортиқ қўшиқ яратган.

Июнь ойида Қуролли кучлар фахрийси Тўлқин Қосимов ҳам оламдан ўтди. Ўзбекистон Республикаси Қуролли кучлари бош штаби бошлиғи лавозимида фаолият юритган генерал-полковник 1962 йилдан бошлаб 2003 йилга қадар Қуролли кучлар сафида хизмат қилган эди.

Қорақалпоғистон халқ ёзувчиси Гулайша Есемуратова 23 июнь куни 95 ёшида оламдан ўтди.
Ёзувчи 1930 йил 10 январда Чимбой туманида туғилган. 1951 йили Қорақалпоқ давлат педагогика институтини тугатгач, ёшлар газетасида бўлим мудири, 1957-60 йилларда “Жеткиншек” газетаси, 1960-90 йилларда “Амударё” журнали бўлим мудири, 1991-2004 йилгача “Орол қизлари” журнали бош муҳаррири лавозимларида фаолият юритган.

Июль ойи ўзбек сиёсатида ҳокимлик вазифаларини бажарган кўплаб собиқ мулозимларни ҳам олиб кетди. Жумладан, Қашқадарё вилоятининг собиқ Баҳористон (айни кундаги Миришкор) туманида 1991-1995 йилларда раҳбарлик қилган Яздурди Сафаров 4 июлда 80 ёшида вафот этди.

Худди шу куни, 4 июлда 2003-2009 йиллар мобайнида вилоятнинг Нишон туман ҳокими лавозимида фаолият юритган Ориф Тўхтамешов 62 ёшида оламдан ўтди.

Кошки бу билан саноқ чекланса, 4 июль санаси атоқли давлат ва жамоат арбоби, 1992-94 йиллардаги Бухоро ҳокими Дамир Ёдгоровни ҳам ўзи билан олиб кетди. Марҳум узоқ давом этган хасталикдан сўнг 88 ёшида вафот этди.
Ёдгоров 1937 йил 18 февралда Шофиркон туманида туғилган. У раҳбарлик қилган даврда Бухоро давлат тиббиёт институти таъсис этилган, Бухоро нефтни қайта ишлаш заводи қурилишига тамал тоши қўйилган, Дамхўжа-Навоий-Бухоро магистраль сув тармоғи барпо этилган эди.

5 июль куни таниқли ёзувчи ва таржимон Улуғбек Абдусаломов 73 ёшида оламдан ўтди. Марҳум Қирғизистоннинг Жалолобод вилоятидаги Алишер Навоий номли ўзбек миллий-маданий марказининг собиқ вице-президенти ва 1990-1995 йиллар мобайнида Жалолобод вилояти Кенгашининг депутати, қонунчилик комиссиясининг раиси бўлган. Абдусаломов Қирғизистондаги ўзбеклар лидерларидан бири сифатида эътироф этилган шахслардан эди.

6 июль куни атоқли тарихчи олим, профессор, тарих фанлари доктори Раҳмон Фармонов оламдан ўтди. Марҳум 1967 йил Тожикистон Давлат университети тарих факультетини тамомлаб, тарихчи ва жамиятшунос мутахассислигини олган. 1970 йил ноябридан то 1973 йил декабригача Ломоносов номидаги МДУ аспирантурасида ўқиган ёш тарихчи 1974 йил февралида Франция янги тарихи бўйича: “Бонапарт давлат тўнтарилиши (2 декабрь 1851 йил)нинг француз замонавий публицистикасидаги ўрни” мавзусидаги номзодлик диссертациясини ёқлаган.
У Тошкент давлат университети, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетларида кафедра мудири, профессор лавозимларида ишлаган. Унинг раҳбарлигида 3 та докторлик ҳимояси, 12 та номзодлик диссертациялари ҳимояси ўтказилган. 40 дан зиёд ўқув қўлланмалар ва дарсликлар, 7 та монография, 5 та шеърий тўпламлар муаллифи бўлган. Ўз ўрнида таъкидлаб ўтиш керакки, Туркия давлатининг профессори Атаман Камил Явуз билан ҳамкорликда Раҳмон Фармоновнинг “Амир Темур Кўрагон ва император Наполеон” китоби турк тилига таржима қилиниб, Туркия давлатида нашр қилинган.
Жорий йил январь ойида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида Раҳмон Фармонов таваллудининг 80 йиллигига бағишланган тадбир ўтказилганди. Март ойида эса QALAMPIR.UZ профессордан Франция-Ўзбекистон муносабатлари ва “Фахрий легион” ордени ҳақида интервью олган эди.

14 июль куни Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси аъзоси, таниқли ғазалнавис шоир Нусрат Абдусалом 80 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Марҳум шоир “Созим менинг”, “Муҳаббат ёғдуси” номли китоблари, йигирмадан ортиқ тўпламларга киритилган асарлари орқали халқ эътиборига тушган. Умрининг охирида эса 400 саҳифалик “Девон” тартиб қилган.

“Қалпоқ” ҳажвий кўрсатуви аъзоси, актёр Жўрабек Норқулов шу йилнинг 13 июль куни вафот этди. Унинг ўлимига узоқ давом этган касаллик сабаб бўлган.

20 июль куни Қорақалпоғистон Республикаси санъат арбоби, таниқли композитор Шарофатдин Пахратдинов оламдан ўтди. Санъаткорни сўнгги манзилга кузатиш 21 июль куни соат 12:00 да Нукус шаҳри, Тахтакўпир кўчаси, 88-уйда бўлиб ўтди.

26 июлда Ўзбекистон халқ артисти, балерина, раққоса Гулнора Маваева 94 ёшида вафот этди. У кўп йиллар давомида балерина сифатида Алишер Навоий номидаги Давлат академик катта театри саҳнасида классик балетлардаги ёрқин роллари билан томошабинларни хушнуд этиб келган.
Гулнора Маваева ҳаётининг сўнгги кунларигача Ўзбекистон давлат хореография академияси ва Республика ихтисослаштирилган хореография мактаб-интернати ўқитувчилари ва талабаларига ўз билим ва тажрибалари билан бўлишиб келди.

Бу йилда яна бир афсонавий бастакордан айрилдик. Мусиқаларисиз бирор бир тадбир, тантана ўтмайдиган бастакор Султонали Раҳматов бизга ўзининг бетакрор композицияларини қолдириб кетди. Султонали Раҳматовнинг илк яккахон концерти 2006 йил Олмаота шаҳрида бўлиб ўтган ва унга 70 000 доллар маблағ кетган. Ўзбекистондаги илк концерти эса 2007 йилда Самарқанддаги Регистон майдонида бўлиб ўтган. Султонали Раҳматов 2010 йилда Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони билан тақдирланган.
Бастакор 1998 йилнинг январь ойида Театр ва рассомчилик (ҳозирги Ўзбекистон давлат санъат ва маданият) институтида хонанда Нилуфар Саидова билан учрашади. У билан ижодий фаолият давомида турмуш қуришади, лекин маълум вақт ўтганидан кейин ажрашишади.

Ўзбек адиби Тоҳир Маликнинг “Шайтанат” асарида хориждаги ўзбеклар учун “Ўтган кунлар” романини нашрдан чиқарган миллатпарвар киши Жўра Бўтакўз номи тилга олинади. Ҳаётдан олинган бу образ эгаси 7 август куни 100 ёшида оламдан ўтди.
Марҳум “Ўткан кунлар” романини ўз ҳисобидан 1961 йили Карачи (Покистон)да чоп эттириб, муҳожир ватандошларга текин тарқатгани билан яхши эсланади. У XX асрда қулоқ бўлиб сургун қилинган. Дастлаб Афғонистон, сўнгра Покистон, Туркия, Америка Қўшма Штатлари каби давлатларда яшаган.
“Озодлигимизнинг муборак байроғи кўтарилаётганда ўша ерда йиғлаб турдим. Шу лутфга сазовор бўлганлардан, иштирок этганлардан бири бўлиш шарафига лойиқ бўлдим”, деган у интервьюларининг бирида.

9 август куни Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Дилмурод Исломов 71 ёшида вафот этди. У “Шодлик” ансамблида 37 йилдан ортиқ меҳнат қилган. Марҳум концерт дастурлари билан 100 дан ортиқ хорижий мамлакатларда бўлиб, ўзбек санъатини оламга танитишга ўз ҳиссасини қўшган.

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими Абдураҳмон Абдуназаров эса 10 август куни 72 ёшида вафот этди. Режиссёр “Темир хотин” , “Жононга бордим бир кеча”, “Заҳарли ҳаёт ёхуд ишқ қурбонлари”, “Майли, сайланг”, “Бахтиёрни уйлантирамиз”, “Гуля + Эрик”, “Бой ила...”, “Момо ер” сингари ўнлаб спектакллари билан ўзбек театр санъатига, мустақил ижодий студиялар ривожига катта ҳисса қўшган.

Бу йил Ўзбекистон ўзининг “Тоғлик куйов”идан ҳам айрилди. “Тоғлик куйов” фильмидаги роли орқали томошабинлар эътиборини қозонган актёр Йўлчи Ортиқов 10 августда юрак хуружи сабабли 51 ёшида ҳаётдан кўз юмди.

Ўзбек бахшичилик санъати дарғаларидан бири, Ўзбекистон халқ бахшиси Шоберди бахши Болтаев 25 август куни 81 ёшида вафот этди. У яқин-яқингача Термиздаги бахшичилик мактабида бир қатор ёш бахшиларга дўмбира чалиш ҳамда бахшичилик санъати сирларини ўргатиб келаётган эди.
Унинг репертуарида “Алпомиш”, “Олтин қовоқ”, “Олланазар Олчинбек”, “Кунтуғмиш”, “Сулувхон”, “Санам гавҳари”, “Малла савдогар”, “Ойпарча” каби достонлар, “Дўмбирам”, “Меҳмондир”, “Тилар”, “Нима керак”, “Билмади”, “Ойпари” каби термалар ўрин олган.
Шоберди Болтаев 1983 йил Шаҳрисабзида бўлиб ўтган Республика бахшиларининг кўрик танловида 3-ўрин, 1989 йил Денов шаҳрида бўлиб ўтган республика бахшиларининг кўрик танловида 1-ўринни олган. Шунингдек, 1990 йил Қозоғистондаги “Олтин олма” фестивалида ташкилотчилар томонидан мукофотланган. 1991 йил Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Марказий Осиё бахшилар кўрик танловида олий мукофотга сазовор бўлган.
Шоберди бахши 1993 йил Ўзбекистон президентининг фахрий ёрлиғи, 2002 йил “Ўзбекистон халқ бахшиси” унвони, 2007 йил “Эл-юрт ҳурмати” ордени билан тақдирланган. 2002 йилда унинг “Ойпарча” номли термаси, 2019 йил “Малла савдогар” номли достони чоп этилган.

Бу йил ҳаётдан кўз юмган собиқ ҳокимлар орасида мустақилликнинг илк йилларида, 1992 йилдан 1994 йилгача Наманган шаҳар ҳокими бўлиб ишлаган Акмалхон Икромов ҳам бор. У 26 август куни 76 ёшида оламдан ўтди.

Шунингдек, Ўзбекистон Фанлар академияси Материалшунослик институтининг Оксид материаллар, керамика ва улар синтези лабораторияси мудири, профессор Дилбара Ғуломова вафот этди.
Марҳума 52 йил давомида ЎзР ФА Материалшунослик институти (олдинги Электроника институти)да илмий фаолият олиб борган. Кўп йиллар давомида Франциянинг Лион амалий фанлар миллий институти билан ҳамкорликда Bi(Pb)2Sr2Ca2Cu3Oy асосида материаллар синтези бўйича илмий тадқиқотлар бажарган.

2025 йил биздан олиб кетган зиёлиларимиз орасида Ватандан ташқарида туриб Ўзбекистон учун яшаганлар ҳам бор. Шоир, ёзувчи ва журналист, афғонистонлик ўзбеклардан бўлган ижодкор Муҳаммад Олим Кўҳкан 3 сентябрь куни 63 ёшида Америка Қўшма Штатларида оғир юрак касаллиги туфайли вафот этди.
Муҳаммад Олим Кўҳкан 1962 йилда Афғонистоннинг ўзбеклар энг кўп яшайдиган Фарёб вилоятида туғилган. Ўрта мактабни Хўжа Сабзпуш туманида, лицейни Маймана шаҳрида тамомлаган. 1983 йили Фарёб Дорулмуаллимин ўқув даргоҳини, 2016 йилда Қобулдаги Гавҳаршод университетининг ҳуқуқ факультетини тугатган.
Кўҳкан 1981 йилдан “Фарёб” рўзномасида масъул котиб сифатида фаолият бошлаган, кейинчалик бир неча йил бош муҳаррир ва бир муддат Балх вилояти ахборот ва маданият бошқармасига ҳам раҳбарлик қилган. Шунингдек, у Кобулдаги “Ойина” ўзбек телеканали раҳбари ва “Ариана” телеканалининг ўзбек бўлими масъули сифатида ҳам фаолият олиб борган. Афғонистондаги ўзбеклар орасида биринчилардан бўлиб насрда асар ёзган.
Марҳумнинг шеърлари “Фарёб”, “Юлдуз”, “Билги” ва бошқа нашрларда чоп этилган. 1999-2000 йилларда Пешоварда “Човуш” журналининг бош муҳаррир ўринбосари бўлган. Айрим ҳикоялари “Қўрқинчли кунлар” тўпламида чоп этилган. Қолаверса, у “Афғонистон Қалам жамияти”, “Турон” ижтимоий ва маданий жамғармаси ҳамда “Китоб маркази” жамғармаси аъзоларидан бўлган. Зикруллоҳ Ишонч билан ҳамкорликда ёзган “Ўзбек адабияти фарҳанги” китоби 2016 йилда Майманада чоп этилган. Шоирнинг илк тўплами “Афғонистон Қалам жамияти” томонидан, иккинчи шеърий тўплами “Қора кўзларим” эса Қобулда нашр этилган. Шунингдек, у Холид Ҳусайнийнинг “Денгиз дуоси” ва Носир Аҳмад Аҳмадийнинг “Ғазни нигини” асарларини ўзбек тилига таржима қилган. Унинг кўплаб ижтимоий ва маданий мақолалари турли газеталарда чоп этилган.
Кўҳкан Афғонистоннинг “Толибон”дан аввалги ҳукумати томонидан “Мир Масжиди Хон” мукофоти, шунингдек Қирғизистон ёзувчилар уюшмасининг “Чингиз Айтматов” кўкрак нишони билан тақдирланган.
“Толибон” Афғонистонда ҳокимиятни қўлга олгач, у АҚШга кўчган. Марҳум умрини ўзбек тили, адабиёти ва маданиятини ривожлантиришга бағишлаган. Афғонистон Журналистларни ҳимоя қилиш ташкилоти унинг вафотини мамлакат маданий ва медиа жамоатчилиги учун катта йўқотиш сифатида баҳолади.

7 сентябрь куни машҳур опера хонандаси, Алишер Навоий номидаги савлат академик катта театри солисти Яника Багрянская Туркия клиникаларидан бирида узоқ давом этган касалликдан сўнг вафот этди.
Яника Багрянская Тошкент давлат консерваториясини тамомлаб ва йигирма йилдан ортиқ вақт давомида театрнинг етакчи метцсо-сопрано хонандаларидан бири бўлиб келган. У “Романсиада” халқаро романси танловининг II даражали мукофоти совриндори, халқаро фестивалларда фаол иштирок этган ҳамда ўзининг юқори профессионал маҳорат, саҳна ижодкорлиги ва санъатга садоқати билан халқ ичида танилган.

Бу йўқотиш нафақат ўзбек жамоатчилигига, балки Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Коррупцияга қарши курашиш ва суд-ҳуқуқ масалалари қўмитасининг аъзоси Шаҳноза Жолдасовага ҳам оғир йўқотиш бўлди – 15 сентябрь куни таниқли кино ва телевидение оператори, режиссёр Батир Базарбоев 70 ёшида вафот этди.
У “Денгиз сув сўрайди”, “Орол қизлари” , “Денгизга етиб бор” , “Аждар йили” , “Ўтган йил” ва бошқа бир қатор илмий-оммабоп, хроник фильмлар оператори ва режиссёри сифатида томошабинларга таниш эди.
“Бугун Ўзбекистон кино арбоблар ижодий уюшмаси, Россия кинематографлар уюшмаси ва Россия кинооператорлар гильдияси бошқармаси аъзоси, Муҳаммад ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялар университети профессори, отам Батир Базарбоев бу ёруғ дунёни тарк этдилар. У ўз соҳасининг устаси, минглаб шогирдларнинг устози, бутун дунёда маслакдошлари бор инсон эдилар. Онам учун энг яхши умр йўлдош, биз учун эса борини берган ота эдилар”, деб ёзди марҳумнинг қизи.

17 сентябрда адабиётшунос Ғафуржон Тожибоев 69 ёшида оламдан ўтди.
Таниқли шоир, адабиётшунос Ғафуржон Тожибоев 1956 йилда туғилган. У Ўзбекистон Фанлар академиясининг мухбир аъзоси, профессор Азим Ҳожиев раҳбарлигида “Абдулла Қодирий романларининг тили” мавзусида номзодлик диссертациясини ёзиб тугатган.

Сентябрь ойида Ўзбекистон композиторлари ва бастакорлари уюшмасининг яна бир аъзоси, таниқли мақомдон устоз, хонанда, бастакор, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” Раҳматулло Иноятов вафот этди.

22 сентябрь куни ўзбек футболини “Бунёдкор” клуби собиқ бош мураббийи, СССР футбол чемпионатининг Биринчи лигаси ғолиби, “Помир” жамоаси аъзоси Сергей Арсланов 62 ёшида оламдан ўтди. Арсланов ёшлар терма жамоаси ва 2024-йилда “Бунёдкор” клубида бош мураббий бўлиб ишлаган. У 1988–1989-йилларда “Помир” жамоаси сафида ҳимоячи сифатида тўп сурган. 1988-йилда бу клуб билан СССР Биринчи лигаси чемпиони бўлган. Шунингдек, у ССКА, “Навбаҳор” ва “Қизилқум” клубларида ҳам ўйнаган.

26 сентябрда актёр, режиссёр, ҳажвий қўшиқлар ва сўз устаси Шерқўзи Ғозиев 75 ёшида вафот этди. Шерқўзи Ғозиев фаолияти давомида “Телеминиатюралар театри”да ҳамда “Чангалзор қироли” фильмида роллар ижро этган. Шунингдек, “Шерхан” студиясини очиб, ҳиндлар билан ҳамкорликда 2006-йилда “Шерхан тракторчи” кинокомедиясини, 2008 йилда “Ёлғиз эмассан” мелодрама фильмларини тасвирга олган.

29 сентябрь тонгида эса, Сув хўжалиги вазири маслаҳатчиси Исмоил Жўрабеков 94 ёшида оламдан ўтгани ҳақидаги хабарни эшитдик. Шу куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг давлат маслаҳатчиси, Ўзбекистон Бош вазирининг биринчи ўринбосари – қишлоқ ва сув хўжалиги вазири лавозимларида фаолият юритган. Атоқли давлат ва жамоат арбоби, Исмоил Жўрабеков 94 ёшида вафот этди.
У “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ирригатор” ва “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвонлари ҳамда “Меҳнат шуҳрати”, “Эл-юрт ҳурмати”, “Буюк хизматлари учун”, “Фидокорона хизматлари учун” орденлари билан тақдирланган.

6 октябрь куни фахрий журналист Тиллатўра Ниязматов 84 ёшида оламдан ўтди. У журналистик фаолиятини “Комсомолская правда” газетасининг Ўзбекистондаги мухбири сифатида бошлаган.
Кейинчалик “РИА Новости” ахборот агентлигининг Ўзбекистондаги ваколатхонасини бошқарди, қатор босма нашрларда фаолият олиб борди. 1992 йили мамлакатда биринчилар қаторида хусусий мустақил “Новий век” газетасини таъсис этган.

Бу орада Тошкент шаҳри 8-сон оилавий поликлиникаси жарроҳ шифокори Муҳаммади Абдураҳимов 7 октябрь куни 53 ёшида вафот этди. У тажрибали жарроҳ сифатида 2001 йилдан буён мазкур оилавий поликлиникада меҳнат қилиб келган.

11 октябрь куни Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган фан арбоби, Халқаро аграр таълим академияси академиги, Тошкент давлат аграр университети профессори Владимир Зуев 95 ёшида вафот этди. Владимир Зуев 1930 йил 27 июлда туғилган. Умрини илм-фан, таълим ва қишлоқ хўжалиги соҳасининг ривожига бағишлаган.

12 октябрда эса Ўзбекистоннинг биринчи мудофаа вазири, истеъфодаги генерал-полковник Рустам Аҳмедов 82 ёшида ҳаётдан кўз юмди. Марҳум 1991 йилдан 1992 йилгача Ўзбекистон Республикаси Мудофаа ишлари бўйича вазири – Ўзбекистон Республикаси Миллий Гвардия қўмондони лавозимида, 1992 йилдан 1997 йилгача эса Ўзбекистон Республикаси Мудофаа вазири лавозимида фаолият юритган.

14 октябрь куни, ҳақиқатпарвар журналист ва жамоат фаоли Носир Зокир 73 ёшида бизни тарк этди. Носир Зокир узоқ йиллар давомида “Озодлик” радиосида мухбир сифатида ишлаган. Шу билан бирга, у “Бирлик” демократик ҳаракатининг Наманган бўлимига раҳбарлик қилган. Мухолиф фикрлари ва танқидий чиқишлари сабаб беш марта озодликдан маҳрум этилган.

16 октябрда филолог олим, “Ўзбекистон” нашриёти муҳаррири Жуманазар Мелиқулов вафот этди.

30 октябрь санасида ўзбек санъатида катта йўқотиш юз берди. Ўзбекистон халқ артисти, “Фидокорона хизматлари учун” ордени соҳиби театр ва дубляж актёри Ёқуб Аҳмедов 87 ёшда вафот этди.
Марҳум Тошкент театр ва рассомлик санъати институтини тугатгандан сўнг 1958 йилдан бери Ҳамза номидаги Ўзбек давлат академик драма театри актёри, 1992 йилдан эса шу театрнинг директори лавозимида фаолият кўрсатган.
Ёқуб Аҳмедов узоқ йиллар шу ижодий жамоада ишлаш жараёнида 50 дан ортиқ спектаклларда асосий ролларни ўйнади. Дастлаб Уйғуннинг “Парвона” асари асосида саҳналаштирилган спектаклда Муроджон ролини ўйнаган актёр — бу биринчи ва мустақил роли устида тинимсиз меҳнат қилди, изланди. У ролдан-ролга ўсиб, кейинчалик қатор ажойиб образлар яратди.
Ёқуб Аҳмедовни кенг санъат мухлисларига танитган илк образ — бу Туроб Тўла сценарийси асосида, режиссёр Йўлдош Аъзамов томонидан 1958 йилда суратга олинган “Фурқат” фильмидаги Фурқат образи бўлди. Шундан кейин Ёқуб Аҳмедов кинода 30 га яқин образ яратиб, ўзбек кино санъатида ҳам ўз ўрнига эга бўлди. У яратган Окхой (“Ганга қизи”), Азизбек (“Ўтган кунлар”), Амир Олимхон (“Қора консулнинг ҳалокати”), Шайх (“Ҳамза”), Султонали (“Меҳробдан чаён”) ва бошқа образларни алоҳида таъкидлаш ўринлидир.
Шунингдек, Ёқуб Аҳмедов “Ўзбекфильм” киностудиясида дубляж қилинган 400 дан ортиқ фильмга овоз берди. Таниқли санъаткор “Алишер Навоий”, “Улуғбек хазинаси”, “Диёнат”, “Гирдоб”, “Ичкуёв” ва бошқа видеофильмларда ҳам етакчи ролларни ижро этди.

Орадан бир кун ўтиб, 31 октябрда уста кулол Худойберди Ҳақбердиев 76 ёшида вафот этгани ҳақидаги хабарни эшитдик. Ҳақбердиев Ўзбекистон халқ рассоми Умар Журақуловнинг шогирди эди. У Самарқанд кулолчилик мактабини ривожлантиришга катта ҳисса қўшган.

Жорий йилнинг 5 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Давлат хавфсизлик хизмати Чегара қўшинлари қўмондонининг ўринбосари полковник Бахтиёр Мўминович Мансуров 68 ёшида вафот этди.
Полковник узоқ йиллик хизмат фаолияти давомида кўп маротаба мукофотланган. Хусусан, 2024 йилда Чегара қўшинларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган қурувчи” фахрий унвони билан тақдирланган.

7 ноябрда 1992-1995 йилларда Навоий вилоятининг биринчи ҳокими вазифасида фаолият юритган Абдуҳолиқ Айдарқулов 83 ёшда вафот этди.

Физика-математика фанлари доктори, профессор, Халқаро Қуёш Энергияси Жамияти аъзоси, “Solar Energy” журнали таҳрир ҳайъати аъзоси, халқаро миқёсдаги таниқли олим, ЎзР ФА С. Азимов номидаги Физика-техника институти Фотоэлектроника лабораторияси мудири Тоҳиржон Розиқов 8 ноябрда оламдан ўтди.
У 1950 йилда Тошкент шаҳрида туғилган. 1972 йилда Тошкент давлат университетининг физика факультетини тамомлаган.
10 дан ортиқ физика-математика фанлари фалсафа доктори ҳамда иккита фан докторларини тайёрлаган. АҚШ, Мексика, Малайзиянинг нуфузли университетларида яримўтказгичлар физикаси соҳасида профессор лавозимида долзарб илмий тадқиқотлар ўтказган.

Ўзбекистон футбол ассоциацияси фахрийлар кенгаши раиси, ЎФА Ижроия қўмитаси аъзоси, Мураббийлар кенгаши аъзоси, “Ўзбекистон Республикасида хизмат кўрсатган ёшлар мураббийси” Тўлаган Исоқов 8 ноябрда оламдан ўтди.

9 ноябрда кадарли хабар зиёлиларимни маҳзун қилди. Умрини ўзбек тили учун курашга бағишлаган олим Бахтиёр Исабек (Ўрдабекли) 80 ёшида оламдан ўтди.
У илк меҳнат фаолиятини 1966 йили Ўзбекистон Фанлар академиясида лаборант сифатида бошлаган. 1968-1993 йилларда собиқ ТошДУ (ҳозирги Ўзбекистон Миллий университети)да ўқитувчи ва доцент лавозимларида фаолият юритган. 1980-йилларнинг охирларида ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишини талаб қилиб чиққан зиёлилардан бири бўлган ва бу ҳаракатларда унинг талабалари ҳам фаол иштирок этган.
1993 йилда демократик қарашлари сабабли ишдан бўшатилган Исабек нафақага чиққунга қадар ишсиз қолган. У ўз хотираларида тил масаласи билан боғлиқ ҳаракатларда “бутун калтак ўз бошимда синди” деб ёзган.
“Ўзбек тилининг давлат тили бўлиши учун менга ўхшаган кўп одам азоб тортган, аммо бутун калтак менда синган. Кейин эса ўзбек тилига давлат тили мақоми берилишида ташаббус кўрсатганлар кўпайиб кетди. Майли, яхши ишнинг соҳиблари кўп бўлади. Миллатнинг биринчи белгиси — тил. Агар тилнинг ўлмаслиги учун ҳаракат қилган одамни кўрсангиз, билингки, у миллатнинг ўлмаслиги учун ҳам ҳаракат қилган инсондир”, деган эди у.
Бахтиёр Исабек университетда ишлаган даврда ҳам ижодий ва илмий фаолиятни тўхтатмаган. Унинг илк китоби 1984 йилда Иристой Қўчқортоев билан ҳамкорликда ёзилган ва нашр этилган “Туркий филологияга кириш” қўлланмасидир. 1995 йилда “Сайрам” рисоласини, 2006 йилда эса Қозоғистондаги ўзбек мактабларининг 10-синфи учун “Ўзбек тили” дарслигини ёзган. Шунингдек, “Султон Работ”, “Эрк йўлида”, “Туркологияга кириш”, “Қизиқарли она тили”, “Ўғузнома”, “Яссавий ҳикматлари луғати” каби ўнлаб асарлар муаллифи ва “Яссавий насабномаси ва Амир Темур” китобига сўзбоши ёзган.
Бундан ташқари, Туркистон ва Марказий Осиё бўйича тарихчи ва шарқшунос олим Боймирза Ҳайитнинг “Туркистон Россия ва Хитой оралиғида”, Фуод Кўпрулунинг “Турк адабиётида илк мутасаввифлар”, Лев Гумилёвнинг “Қадимги турклар” асарларини ҳамда қозоқ ёзувчиси Ўлжас Сулаймоновнинг “Аз и Я” китобини ўзбек тилига таржима қилган.
Олимнинг шу кунга қадар бешта илмий асари ва 200 дан ортиқ мақолалари чоп этилган. У Маҳмуд Қошғарий номидаги халқаро мукофот соҳибидир.

10 ноябрь ҳам яна бир филологимиздан айрилдик. Филология фанлари доктори, профессор Насимхон Раҳмонов 73 ёшида вафот этди.
Олим 1952 йилда Фарғона вилояти Бувайда тумани Жов қишлоғида туғилган. У 1984-йили “Култегин ёдномаси (VIII аср) поэтикаси” номли мавзуда номзодлик, 1991-йили “Ўрхун-Енисей ёзма ёдгорликлари ва туркий эпослар муносабати” мавзусида докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.
Марҳум 1993 йилда профессор илмий унвонини олган. Насимхон Раҳмонов, шунингдек, икки китобдан иборат “Олтун ёруғ” асарини ўзбек тилига табдил қилиб, чоп эттирган.

19 ноябрь куни нуроний отахон Мираббос Мирзааҳмедов 84 ёшда вафот этди. У 60 йил давомида телерадио соҳасида хизмат кўрсатган, “Оталар сўзи – ақлнинг кўзи” лойиҳаси бошловчиси сифатида танилганди.
У “Баҳор қайтмайди”, “Қалбингга қулоқ сол”, “Дунёнинг ишлари“, “Инсон садоқати”,“Биллур қандиллар”, ”Эътироф” каби 50 дан зиёд видеофильмларни, “Буни ҳаёт дейдилар” туркум кўрсатувларини тасвирга олишда иштирок этган. Мирзааҳмедов Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими унвони, “Меҳнат шуҳрати” ва ”Дўстлик” орденлари билан мукофотланган.
Ёзувчи ва ҳуқуқшунос Исфандиёр 23-ноябри куни оламдан ўтди. Исфандиёр Маткаримов 1946 йили Марғилон шаҳрида таваллуд топган. 1969 йили Фарғона Давлат педагогика институтини, 1971-йили Фарғонадаги мусиқа ўқув юртини, 1978 йили Горкий номидаги Адабиёт институтининг наср бўлимини, 1981 йили “Давлаткино” қошидаги Олий сценаристлар курсини, 1997 йили Тошкент юридик институтини тамомлаган. 1996 йилдан адвокатлик лавозимида ишлаган.

Қишлоқ хўжалиги машинасозлиги соҳаси ривожига катта ҳисса қўшган атоқли олим Азмуддин Садриддинов 5 декабрь куни 89 ёшида вафот этди.
У ўзининг меҳнат ва илмий фаолиятини 1959-йилда бошлаган. 1968-йилда номзодлик, 1986-йилда эса докторлик диссертациясини муваффақиятли ҳимоя қилган. Ўз фаолияти давомида қишлоқ хўжалиги машинасозлиги, хусусан, пахта териш машиналари назарияси ва уларни математик моделлаштириш йўналишида илмий мактаб яратган йирик олим сифатида танилган.
1959-2024 йиллар давомида у илмий-педагогик фаолият олиб бориб, 300 га яқин илмий ишлар, жумладан 38 та муаллифлик гувоҳномаси ва патентлар муаллифи бўлган. Ўзбекистон илм-фанига қўшган хизматлари учун “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими” фахрий унвони ва “Меҳнат шуҳрати” ордени билан тақдирланган.

9 декабрь куни таниқли пульмонолог олим, Ўзбекистон Фанлар академияси академиги, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган тиббиёт ходими Абдулла Убайдуллаев Муҳаррамович 91 ёшида оламдан ўтди.
Убайдуллаев 1934 йил Тошкент шаҳрида туғилган. У Соғлиқни Сақлаш вазирлиги, Физиатрия ва пульмонология илмий текшириш институти директори, Тиббиёт ходимларининг касбий малакасини ривожлантириш маркази пульмонология ва клиник аллергология кафедраси мудири, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни Сақлаш вазирлиги бош пульмонологи бўлиб ишлаган.

10 декабрь куни ўз умрини қишлоқ хўжалигини ривожлантиришга, деҳқончилик ва фермерликни тараққий эттиришга бағишлаган, фермерлик ҳаракатининг фидойи вакилларидан бири, Ўзбекистон Қаҳрамони Абдураим Ҳомидов 82 ёшида вафот этди.
Ўз меҳнат фаолиятини 1960 йилда “Ўзбекистон” жамоа хўжалигида механизатор сифатида бошлаган. Кейинчалик ширкат хўжалиги пудратчиси сифатида фаолият юритган, 2007 йилдан эса “Шаҳанд ҳумо қуши” фермер хўжалиги раҳбари сифатида самарали меҳнат қилган.
2017 йилдан буён меҳнат фахрийси сифатида юрт равнақига, қишлоқ хўжалиги тараққиётига ўз ҳиссасини қўшишда давом этган.
Фермерлик ҳаракатининг фаол ва ташаббускор вакилларидан бири сифатида Абдураим Ҳомидов пахтадан юқори ҳосил олиш борасида ўзига хос амалий мактаб яратган, тажрибаси орқали кўплаб фермер ва деҳқонлар учун намуна бўлган.
Қишлоқ хўжалигига қўшган хизматлари учун у 1993 йилда “Ўзбекистон Республикаси Фахрий ёрлиғи”, 2001 йилда “Меҳнат шуҳрати” ордени, 2004 йилда эса юртимизнинг олий мукофоти – “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвони билан тақдирланган. Президент Шавкат Мирзиёев марҳумнинг оила аъзоларига таъзия йўллади.

Тугаётган йилнинг шов-шувли воқеаларидан бири сифатида ёдимизда қолган АҚШдаги отишмада ҳалок бўлган ватандошимиз билан боғлиқ ҳолат бўлди. Ўлими ортидан “Green Card” тўхтатилган, 18 ёшли Муҳаммадазиз Умурзоқов 13 декабрда АҚШнинг Род-Айленд штати, Провиденс шаҳрида жойлашган Браун университетидаги оммавий отишма чоғи вафот этди.
Муҳаммадазизнинг оиласи 2011 йилда Бруклиндан Мидлошенга кўчиб ўтган. Улар бундан икки йил аввал Ўзбекистондан АҚШга кўчиб бориб, кейинчалик АҚШ фуқаролигини олган. Онаси ҳамшира, отаси эса юк ташиш компанияси эгаси. Воқеадан бир неча соат олдин Муҳаммадазизнинг ота-онаси узоқ йиллик тайёргарликдан сўнг Саудия Арабистонига Умра сафарига йўл олган эди. Улар Мисрда қўниб ўтиши вақтида қизлари уларга укалари бедарак йўқолганини айтишган, Саудия Арабистонига етиб боргач эса унинг вафот этганини маълум қилишган.
Умурзоқовнинг оила аъзолари ва дўстлари уни тиришқоқ, меҳрибон ва бошқаларни қўллаб-қувватлашга доим тайёр инсон сифатида таърифлашган. Муҳаммадазиз Мидлотҳиан ўрта мактабида аъло баҳога ўқиган, БМТ Модели, викториналар ва дебатларда фаол қатнашган. У болалигида мия операциясини бошдан кечирган, бу эса унда мия жарроҳи бўлиш орзусини янада мустаҳкамлаган. Йигит университетга стипендия асосида қабул қилинган ва ёзда ноутбук сотиб олиш учун Wаwа дўконида ишлаган.

Декабрь ойи ўртасида журналист Муҳаррама Пирматова 54 ёшида вафот этди. 1993 йилда Тошкент давлат шарқшунослик институти (ҳозирги ТДШУ) “Араб филологияси” факультетини бакалавр, 2000 йилда аспирантурасини тамомлаган. Марҳума халқаро журналист сифатида Ўзбекистон миллий ахборот агентлигида фаолият юритган, долзарб мавзулардаги мақолалари билан танилган.

15 декабрь куни давлат қурилиши ва маъмурий ҳуқуқ соҳасидаги таниқли юрист ва олим – юридик фанлар доктори, профессор Иса Ҳамидов 73 ёшида вафот этди. У кўп йиллар давомида Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университетида (ЖИДУ) дарс бериб, Давлат қурилиши ва оммавий ҳуқуқ марказига раҳбарлик қилган. Давлат ва жамоат қурилиши соҳасидаги кўплаб норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини, Маъмурий ислоҳот консепциясини, Ўзбекистонни ривожлантириш стратегияларини ишлаб чиқишда иштирок этган. Кўплаб илмий ишлар, дарсликлар ва қўлланмалар муаллифи. Бир неча авлод юристларини тарбиялаб етиштирган.

18 декабрь куни аграр соҳасига катта ҳисса қўшган профессор, Андижон вилояти аграр соҳаси ривожига муносиб ҳисса қўшган таниқли олим, қишлоқ хўжалиги фанлари доктори Ойбек Яқубжанов 74 ёшида оламдан ўтди.
Марҳум фаолияти давомида Президент Давлат маслаҳатчиси ўринбосари, Андижон қишлоқ хўжалиги институти ректори, шунингдек, қатор масъул раҳбарлик ва илмий лавозимларда ишлаган.

21 декабрда Ташқи ишлар вазирлиги тизимида узоқ йиллар хизмат қилган Омонжон Ниғманов ҳаётдан кўз юмди. Марҳум 1994 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида ҳамда Ўзбекистоннинг Германия, Япония ва Эрон давлатларидаги дипломатик ваколатхоналарида ҳайдовчи-механик сифатида фаолият олиб борган.

Ҳеч қанча вақт ўтмай, 24 декабрда Ташқи ишлар вазирлиги тизимида яна бир айрилиқ юз берди. 1996 йилдан буён Ташқи ишлар вазирлиги тизимида фаолият юритиб, Ўзбекистоннинг Германия, Малайзия ҳамда Индонезиядаги дипломатик ваколатхоналарида ҳисобчи лавозимида меҳнат қилган Абдуқаҳҳор Мавлонов вафот этди.

“Унутмоқ осонмас бизларни”. Дарҳақиқат юқорида номлари қайд этилган инсони азизларни унутиб бўлмайди. Бу рўйхатимиз сўнггида исми келтирилган хонанда Раҳматилло Юсупов “Унутмоқ осонмас бизларни”, дея хониш қилиб, хотираларимизда чироқ ёққан Охунжон Мадалиевнинг шогирди эди.
Раҳматилло Юсупов 27 декабрь куни 44 ёшида вафот этди. У 1981 йил 15 сентябрь куни Фарғона вилояти Олтиариқ туманида дунёга келган. Болалигидан таниқли хонанда Охунжон Мадалиевга шогирд тушиб, хонанданинг услуби ва имижига эргашган. Шунинг учун ҳам Раҳматилло Юсуповни “иккинчи Охунжон Мадалиев” деб аташган.
Санъаткор 100 дан ортиқ қўшиқлар муаллифи бўлган. Унинг “Кетгим келмаяпти онажон”, “Келинчак” каби қўшиқлари халқ орасида айниқса машҳур.

Йил охирига етар, ҳаёт давом этар экан аммо бу исмлар ҳамон шууримизда мангу сақланишига ишонамиз. Чунки ҳар бири – бир мактаб, бир давр, бир авлод хотираси. Улар бугун мангуга қовушди, аммо қолдириб кетган сўз, овоз, оҳанг, фикр ва ибратлари тирик. Миллатни миллат қиладиган ҳам айнан шу – хотирани унутмаслик, қадрни кеч англамаслик.
Вақт беомон – бу йил биздан кетган зиёлилар нафақат ўтмиш, балки келажак олдида ҳам қарз қолдириб кетишди: уларни эслаш, асраш, ўрнак олиш қарзи. Чунки инсон ўлиши мумкин, аммо маъно ўлмас экан – у халқ хотирасида яшайверади.
Live
Барчаси31 Декабрь 2025
Фарғона давлат техника университети ректори Қўнғиротбой Шариповга янги ўринбосар бўлди.
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
30 Декабрь 2025
29 Декабрь 2025