“Тур ўрнингдан, дўппинг қани?” – Маданият вазирлигида ходимлар дўппили ва дўпписизга ажралиб қоляпти
Маданият-санъат
−
10 Декабрь 2021
69903Аввалроқ, Ўзбекистон Республикаси Маданият вазири Озодбек Назарбеков ижтимоий тармоқлар орқали видеобаёнот билан чиқиб, энди вазирлик ходимлари ишга дўппи кийиб келиши йўлга қўйилгани ҳақида гапириб, бошқа ҳамкасбларини ҳам дўппи кийиш борасида шахсий намуна бўлишга чақирган эди.
Назарбеков бошчилигидаги Маданият вазирлигидагиларнинг дўппи кийиш борасидаги ушбу қарори ижтимоий тармоқларда кўплаб аёвсиз муҳокамаларга сабаб бўлди. Вазирнинг миллий қадриятларни ишга дўппи кийиб келиш йўли билан ҳаётга қайтариш ва уни оммалаштириш борасидаги таклифи кўп ўтмай танқидлар ёмғири остида қолди.
Айни вақтда тармоқда дўппи масаласи трендда турибди. Жамоатчилик Назарбековдан дўппи кийишни тарғиб қилгунча, ишни маданиятнинг энг оддий кўринишларидан бошлашга чақирмоқда.
“Тизим коррупция ва ўғирликларга ботиб ётганда, шу йилнинг ўзида 4 миллиард пул қаерга ишлатилганини билмай, бош қашлаб ўтирилганда, қайси дўппи ҳақида гапиряпсиз, жаноб Назарбеков”, деб ёзади фойдаланувчилардан бири.
Хуллас, вазирга дўппи бўйича билдирган таклифи ортидан келган танқидлар оғир таъсир қилди чоғи вазирликда унинг ўзи биринчилардан бўлиб дўппини ташлади. Вазирлик ахборот хизмати томонидан тарқатилган сўнгги хабарлар, Назарбековнинг ижтимоий тармоқлардаги саҳифасида жойлаштирилган охирги постларда вазирнинг дўпписиз ўтирганини кўриш мумкин.
Ўйламай қабул қилинган қарор эса вазирликда икки бўлинишни ҳам келтириб чиқарган. Бугун, 10 декабрь куни Маданият вазирлигида ўтган йиғилишда мажлис иштирокчиларининг ярми дўппида, ярми эса бош кийимсиз ўтирганини кўриш мумкин. Бошқалардан шахсий намуна талаб қилган Назарбековнинг ўзи эса биринчилардан бўлиб дўппини ташлаган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь