“Туманларда ҳалиям қонун ҳоким экан”. Учкўприклик журналистнинг даъвоси йўқ, лекин эътирози бор
Жамият
−
28 Апрель 2020
8484Хабарингиз бор, Фарғона вилояти Учкўприк туманида яшовчи, “Маърифат” газетаси мухбири Шарифа Мадраҳимова ўз фаолиятини олиб бораётган вақтда туман ҳокимлиги вакили томонидан қаршиликка учраган эди. Ноқонуний қаршиликка.
Шундан сўнг, Учкўприк туман ҳокимлиги вакили Шоҳжаҳон Мўйдинов касб этикаси меъёрларини бузгани сабабли ишдан бўшатилди.
Воқеалар ривожининг кейинги ҳолатлари ҳақида ижтимоий тармоқлар ва интернет нашрларида хабарлар тарқалди. Шундан сўнг, QALAMPIR.UZ Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси Матбуот хизмати раҳбари Ҳаёт Шамсутдинов билан боғланди.
Экспертиза хулосаси
Маълум бўлишича, ҳолат бўйича 22 апрель куни журналистнинг баданида тан жароҳати бор ёки йўқлигига аниқлик киритиш учун судга оид тиббиёт экспертизаси тайинланган.
Қўқон туманлараро суд-тиббий экспертиза пунктининг 23 апрелдаги 1524-сонли хулосасига кўра, журналист Шарифа Мадраҳимовада тан жароҳатлар аниқланмаган.
Терговга қадар текширув давомида туман ҳокимлиги вакили ва ИИБ ходимига нисбатан хизмат текшируви ўтказиш мақсадида Фарғона вилоят ИИБ бошлиғи номига тақдимнома киритилган. Ўтказилган ички идоравий текширувдан сўнг, туман ҳокими котиби Шоҳжаҳон Мўйдинов эгаллаб турган лавозимидан озод этилган.
Текширув давомида ўнга яқин шахслардан тушунтириш олинган. Журналист Шарифа Мадраҳимованинг ўзи ҳолат қонуний кўриб чиқилгани ва ҳокимлик вакили ундан кечирим сўрагани учун ҳеч қандай даъвоси йўқлигини айтган.
Журналист ёзган пост
Расмий идора маълумотидан сўнг, журналист ўзининг Facebook’даги сахифасида бўлиб ўтган воқеаларга ўз муносабатини билдириб ўтган.
“21.04.2020 йилда воқеа бўлди. 22.04.2020 й. куни мени туман ҳокими билан учраштиришди. Туман ҳокими менинг ИИБда ушлаб ўтирилганимдан хабарсиз эканлигини айтди. Ваҳоланки, мен унга 9:01 да “Мени милиция олиб кириб кетяпти”, деб СМС ёзган эдим. Шунингдек, 9:52 да ҳам унга қўнғироқ қилиб милицияхонада мени ноқонуний ушлаб ўтиришганини айтганман. Шоҳжаҳон Мўйдиновга нисбатан ҳеч қандай даъвойим йўқлигини айтмаганман, уни ишдан бўшатишларини талаб қилганман.
Бу воқеадан хулосаларим шуки, ҳали-бери биз демократик давлат қура олмас эканмиз. Чунки катта шаҳарларда билмадиму, аммо туманларда ҳалиям қонун ҳоким ҳисобланар экан. Ички ишлар, прокуратура, суд, солиқ бўлимлари ҳам ҳоким буюрган ишни амалга оширар экан”, дейилади журналист постида.
Мадраҳимова шунингдек олдинги интервьюларида Ш.Мўйдиновга, А.Мадраҳимовга нисбатан даъво аризаси ёзмаслигини айтган ва буни вақти йўқлиги билан изоҳлаган.
“Тўғри қилган эканман. Чунки менга нисбатан Ш.Мўйдинов ИИБга ариза ёзганлиги учун уч кун кўрсатма бериб чиқдим.
Президент Шавкат Мирзиёев ўз чиқишларидан бирида “яқин кунларда ҳокимларни ҳам халқ сайлайдиган бўлади”, деган эди. Шу кунлар тезроқ келишини хоҳлардим. Чунки ҳокимларни халқ сайламас экан, уларнинг оёғи ердан узилаверади.
Энди туман ҳокимлигига эътирозим (даъво қилмайман) Ш.Мўйдиновнинг ишдан бўшатилганлиги ҳақидаги буйруқни оммага ҳавола қилинглар! У Ўзбекистон Республикаси "Меҳнат кодекси"нинг қайси моддаларига асосан ишдан бўшатилди? Унинг қачон ишга қабул қилинганлиги ҳақидаги буйруқдан кўчирма бўлиши керак. Ўша буйруқни ҳам кўрсатинглар. Ходим билан иш берувчи ўртасида тузилган меҳнат шартномаси ва шу шартноманинг бекор қилинган нусхасини халққа кўрсатинглар.
Ва ниҳоят, Аллоҳдан қўрқинглар! Ҳеч кимни алдаманглар!”, дея пост якунланган.
Бу ишлардан сўнг, журналист билан суҳбатлашдик. У киши сахифасидаги постни ўқишимиз мумкинлигини айтди.
LiveБарчаси