Тўхтамаётган Турдимов: тўртинчи бор вилоят ҳокими

Таҳлил

“Ҳокимларнинг ваколат муддати — беш йил. Айни бир шахс сурункасига икки муддатдан ортиқ айни бир вилоят, туман, шаҳарнинг ҳокими этиб тайинланиши мумкин эмас”, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси 121-модда.

Аммо бир шахс неча марта ҳоким бўлиши борасида аниқ қоида йўқ. Яқиндагина Самарқанд вилояти ҳокимлигидан кетган Эркинжон Турдимов яна бир вилоят ҳокими бўлиши кутилмоқда. Кеча, 22 январь куни Президент Мирзиёев фармони билан 56 ёшли Эркинжон Турдимов Сирдарё вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. Бир ҳафта олдин, 16 январда эса 2022 йилдан буён вилоятни бошқариб келаётган Акмалжон Маҳмудалиевнинг ишдан кеткизилгани маълум қилинганди. Бироқ унинг ишдан кетиши ҳақидаги гап-сўзлар йил бошидаёқ тармоқларга сиздирилган бўлса-да, ҳокимлик буни рад этиб келаётган эди.

Турдимовнинг ҳокимлик фаолияти

Навоий, Сурхондарё, Самарқанд ва энди Сирдарё! Ҳозирда Турдимов ҳоким вазифасини бошқарувчи бўлса-да, шу лавозимда қолиши эҳтимоли катта. Чунки у чорак асрки, ҳокимлик лавозимларида фаолият юритаётган кам сонли мансабдорлардан. Ижтимоий тармоқларда “сирдарёликлар, шундай ҳокимни кутиб олишга тайёрмисиз?” қабилидаги изоҳлар қолдирилмоқда. 

Аслида иқтисодчи Турдимов ҳокимлик қадамини илк маротаба 2000 йилда Навоий вилояти Хатирчи туманида босган. Тумандаги 8 йиллик ҳокимликдан сўнг у 2008 йил 12 декабрда Баҳриддин Рўзиевнинг ўрнига Навоий вилояти ҳокими этиб тайинланган ва вилоятни ҳам 8 йил давомида бошқарган. Шундан сўнг Эркинжон Турдимов 2016 йил 20 декабрда Сурхондарё вилояти ҳокимлигига тайинланган, бироқ кўп ўтмасдан 2018 йилнинг ёзида ишдан олинган Туробжон Жўраевнинг ўрнига Самарқанд вилояти ҳокими ҳоким этиб тайинланди. Ўз навбатида, унинг ўрнига Сурхондарёга Тошкент вилояти прокурори Баҳодир Пўлатов янги ҳоким этиб тайинланган. Бироқ Пўлатов вилоятни бор-йўғи 9 ойгина бошқарган. Шундай қилиб, бу сафар Турдимов тўртинчи бор вилоят ҳокими лавозимига келиши, Хатирчи туманидаги 8 йиллик фаолиятини ҳам ҳисобга олсак, унда "ҳокимбува" бешинчи маротаба ўз курсисини эгалламоқда, десак муболаға бўлмайди.

QALAMPIR.UZ билан интервьюда Турдимовдан учта вилоят (Навоий, Сурхондарё, Самарқанд)га ҳокимлик қилгани, уларнинг бир-биридан фарқи ва қайси бири муаммоли ҳудуд экани ҳақида сўралганида, ҳоким шундай жавоб берган эди:

“Учала ҳудуд ҳам ранг-баранг. Ҳаммасининг ўзига яраша муаммолари ва ютуқлари бор. Навоий – саноати ривожланган, ижтимоий муаммолари кам вилоят. Лекин ҳудуди катталиги, чўл жойлари кўплиги билан кўпроқ эътибор талаб қилади. Сурхондарёда эса муҳандис, технолог каби мутахассислар кам-у, деҳқонлар кўп. Афғонистон билан қўшнилиги, “тупик” жойлашуви бошқа ҳудудларга қараганда қолоқликка олиб келган. Лекин кейинги пайтда саноат кириб борди ва катта ривожланиш бўлди. Одамлари эса мақсадга интилувчан, ажойиб инсонлар. Самарқанд азалдан илм-маърифат маскани. Ҳам маданиятга бой, ҳам мураккаб ҳудуд. Вилоятда кўп миллатли 4 миллион аҳоли яшайди. Шунинг учун ҳам энг кўп иш шу вилоятда”, деган ҳоким.

У ҳам пора олганми?

Қайта-қайта ҳар хил ҳудудда битта мансабга тайинланиш учун шахснинг меҳнат фаолияти қанчалик тоза бўлиши керак? QALAMPIR.UZ’га Эркинжон Турдимов ҳеч қачон пора олмагани ва бермагани ҳақида гапирган.

“Аёлим, икки ўғлим ва ўзим ишлаймиз, қизим ўқийди, оилавий бюджетимиз ойига 30 миллион сўм. Харажат йўқ, лекин даромад бор. Тагимда машина бўлса, қаерга борсам, тўрга ўтказишса. Ҳозир шунақа шароитки, пора олишга ҳам, беришга ҳам ҳожат йўқ”, деган ўша пайтда Самарқандда ҳокимлик қилаётган Турдимов.

"Ҳокимбува" ўтган йилнинг 28 ноябрида Самарқанд вилояти ҳокими лавозимидан озод қилинди. Бироз олдин унинг ишдан кетиши ҳақидаги маълумотларга ойдинлик киритиш учун мурожаат қилганида ҳокимлик матбуот котиби QALAMPIR.UZ’га бу гаплар ҳақиқатга тўғри келмаслигини билдирган эди. 2023 йилда ҳам Турдимовнинг “кетиши” ҳақида гаплар тарқалган, аммо у ўз ўрнида қолганди. Бундай хабарлар тарқалишига ҳокимнинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар ҳам сабаб бўлиши мумкин.

“Ҳа, унинг соғлиғи билан боғлиқ муаммолар борлигини ҳамма билади. У 1-1,5 ой давомида ҳар йили даволанади ҳам. Лекин бу шу пайтгача унинг ўз вазифасини бажаришига тўсқинлик қилмаган”, деган эди QALAMPIR.UZ’га маълумот берган ҳокимлик матбуот котиби Манучеҳр Мирзаев.

Ўзгача сайёр қабуллари билан кўп тилга олинган Эркинжон Турдимовнинг ҳокимлик фаолиятини ранг-баранг дейиш мумкин, айниқса, Самарқанд вилоятидагисини. 2020 йилда у вилоятда оқсоч аёллар тайёрлаш бўйича алоҳида марказ очиш таклифини билдирганди.

“Ҳозир чет элда  ва ўзимизда уй юмушларини бажарадиган хотин-қизларга талаб ортган. Самарқанддан кўплаб аёллар Туркияга бориб, уйларда боқувчилик қилишмоқда. Ўзимизда ҳам бундай ёрдамчи аёлларга эҳтиёж ортиб бормоқда. Лекин бизда бундай касб эгаларини тайёрлайдиган марказлар мавжуд эмас. Мен шундай марказлар фаолиятини ташкил этишни таклиф қиламан”, деганди Турдимов.

Ижтимоий тармоқларда бу таклиф кескин муҳокама ва норозиликка сабаб бўлиб, кейинчалик ҳокимлик бунга изоҳ беришга мажбур бўлганди. Орадан қарийб беш йил ўтдики, мазкур таклиф амалга татбиқ этилдими йўқми, номаълумлигича қолмоқда.

2021 йил 15 март куни Самарқандда ўтказилган халқаро анжуманда Афғонистон Ислом Республикаси Иршод, ҳаж ва вақф ишлари вазири Муҳаммад Қосим Ҳалимий вилоят ҳокими Эркинжон Турдимовга вазирликнинг эсдалик медалини топшириб, Турдимов ушбу медалга сазовор бўлган илк ўзбекистонлик эканини таъкидлаганди.

Турдимов яхши ҳокимми?

Ўзбекистонликлар сўконғич, қўпол ва ҳатто шапалоқ тортадиган ҳокимларга ўрганиб қолган. Туман, шаҳар, вилоят ҳокими дейсизми, мансабга ўтирган заҳоти тили ва билагида қуввати ошади, шунданми қайсидир ҳокимнинг ёзиб олинган аудиоси, видеоси ноодатий қарши олинмайди. Шундай бўлса-да, Турдимов ҳикоясида бунақаси бўлмади дейиш мумкин, қўл остидагиларига берган даккиларини инобатга олмаса, албатта. 2023 йил январида Турдимов кучли қордан сўнг тозаланмаган кўчалар масаласини гапираркан, йиғилиш залидан айрим масъулларни ташқарига чиқариб юборгани муҳокамаларга сабаб бўлганди. Ҳокимдан гап эшитганлар фақатгина йўлчилар эмас, Турдимов тиббиёт соҳаси вакиллари иштирокида видеоселектор ўтказиб, айрим шифокорларнинг дори ишлаб чиқарувчи турли фирмалар билан келишган ҳолда беморларга керак бўлмаган дориларни ёзиб бериш ҳолатларини танқид қилганди.

Ҳатто 2022 йилнинг февралида у мутасаддиларни танқид қилган журналист ва блогерларга пул мукофоти ваъда қилганди.

“15 февралдан бошлаб – блогерлар, журналистлар – ким негатив олиб келса, уларни манфаатдор қиламиз. Алоҳида пул топиб бераман. Ким олиб келишининг фарқи йўқ, кўчадаги одам бўлсаям майли”, деган эди ҳоким.

Эркинжон Турдимов бошқаларни танқид қиларкан-у, ўзи танқидни қандай қабул қилади – буёғи бизга қоронғи.

Мансабдорларнинг “баҳони халқ беради” деган гапи бор. Шундан келиб чиқиб биз ҳам Турдимовнинг ҳокимлик фаолияти ҳақида кўпроқ билишга уриндик. Самарқандлик “Эзгулик” инсон ҳуқуқлари жамияти фаоли адвокат Озод Жўрабоевнинг ҳоким ҳақидаги фикрлари шундай:

“Турдимов Сурхондарёда ҳоким бўлган вақтлари мен ҲМҚОда терговчи эдим. Бу одам айни ҳокимият ўзгариб, янги Ўзбекистон пайдо бўлганида халққа кўп ёрдам берган. Масалан, собиқ МХХ ходимлари Ангор тумани "паспорт стол" бошлиғини етти ой қийнаб, қамоққа ташлаганида ҳеч қаери ишламайдиган шол бўлиб қолган экан. Кейин унинг иши бизга ўтказилди. Мен суриштирув ўтказганман, уйига борганимда у йигитнинг бирор аъзоси ишламасди. Айнан Эркинжон Турдимов ҳокимият ҳисобиданми ёки шахсий ҳисобиданми билмадим, уни Германияга даволанишга юборган эди ва доимий биздан унинг аҳволи ҳақида сўраб турарди. Кейинчалик ўша йигитга нисбатан жиноят ишлари тугатилиб, у оқланди. Агар руҳий кўрикдан ўтиб, даволанса, бошқа органлари ҳам тузалиб кетади дейишган экан, шу кишини яқинда топиб суҳбатлашдим, иродаси синмаган, ТДЮУда сиртдан ўқиётган ва оқлангандан сўнг ички ишлар тизимига тикланиб ишлаётган экан. Тўғри, ҳокимиятда турли камчиликлар бўлади. Кўпчилик норози бўлиши мумкин, чунки ҳаммага бир хил ёқиб бўлмайди. Гоҳида қаттиққўллик қилишга тўғри келади. Лекин Сурхондарёдан олиниб, Самарқандга қўйилганида жуда кўп инсонлар йиғлаб қолганди шундай ҳокимимиз кетяпти деб. Ҳозиргача сурхондарёликларни ҳокимни қўмсайди, деб эшитаман. Самарқанд катта ва аҳолиси зич ҳудуд. Норозилар ҳам бўлиши мумкин, аммо мен яхши бошқарди деб ҳисоблайман. Сирдарёнинг ҳам иқтисодини кўтариш ва бошқа соҳаларда ривожлантириш учун Турдимов ҳокимликка қўйилди деб ўйлайман. У инсон ҳақида кам "негатив" эшитганман, у ҳам бўлса Турдимов қаерда ишласа, ўша ерда ўз танишларини ишга қўяди ва жамоа тузиб олади деб. Бунинг қанчалик рост ёки ёлғонлигини билмайман”, дейди адвокат.

Қачон ҳокимларни халқ сайлайди?

“Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги қонуннинг 2-моддасига кўра, вилоят ва Тошкент шаҳар ҳокими Президент томонидан тайинланади ҳамда лавозимидан озод этилади. Лекин Шавкат Мирзиёев ҳокимларни халқ сайлаши тарафдори эканини таъкидлайди.

“Барибир вилоят, туман, шаҳар ҳокимларини халқ сайлайди, қандай оғир бўлмасин шу кунга келамиз. Халқ жойлардаги ҳокимият вакилларидан ҳисобот талаб қилса, вазият ўзгаради”, деган эди Президент.

Янги таҳрирдаги Конституцияни қабул қилиш масалалари кўриб чиқилаётган пайтда сенатор Толибжон Мадумаров журналистларга Конституцияга ўзгартишлар киритилгач, аҳоли ҳокимларни бевосита сайлаш ҳуқуқига эга бўлишини айтганди.

“Конституцияни ўзгартириш бўйича қонун лойиҳаси 99, 100, 101 моддаларда маҳаллий кенгашларнинг бўлиниши масаласи қўйилган. Яъни ҳоким маҳаллий кенгашга раислик қилмайди, маҳаллий кенгашга депутатлар ичидан алоҳида раис сайланади. Ҳоким эса халқ томонидан сайланади. Булар қонунда турибди. Кейинги йилга референдум ўтса, Конституцияга киритилган ўзгартиш ва қўшимчалар маъқуллангач, бу тартиб кучга киради”, деган эди Мадумаров.

Маълумот учун, янгиланган Конституциянинг 99, 100 ва 101-моддаларида ҳокимларни сайлаш ҳақида сўз бормайди. 99-модда ҳокимлар энди халқ депутатлари кенгашларига раислик қилмаслиги ҳақида бўлса, 102-модда Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатаси ваколатлари ҳақида. Вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимини тайинлаш ҳамда лавозимидан озод этиш борасида 109-моддада сўз борган ва бу Ўзбекистон Республикаси Президенти ваколатига кириши белгиланган.

Иқбол Эргашова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Самарқанд Эркинжон Турдимов ҳоким

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг