Тўқаевга Қатар асосчисининг қиличи совға қилинди
Олам
−
14 Февраль
4841Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаевга бугун, 14 февраль куни Қатар давлати асосчиси шайх Жосим бин Муҳаммад бин Сонийнинг қиличи топширилди. Бу ҳақда Қозоғистон Президентининг матбуот хизмати хабар берди.
“Қатар Давлатининг асосчиси Шайх Жосим бин Муҳаммад бин Сонийнинг қиличи Қатарнинг энг олий давлат рамзи бўлиб, Қатар Амири томонидан шахсан монархлар, шаҳзодалар ва давлат раҳбарларига Қатар давлати ва бутун инсоният олдидаги хизматлари учун совға қилинади”, дейилади хабарда.
Президент матбуот хизматининг қўшимча қилишича, ушбу қилич совға қилинган биринчи хорижий давлат раҳбари Саудия Арабистони қироли Салмон бин Абдулазиз Ол Сауд бўлган. Қилич кейинчалик Уммон султони Хайсам бин Тарек ва Испания қироли Филипп VI га ҳадя қилинган.
Қайд этилишича, Тўқаевга тақдим этилган совға Қатар давлати асосчиси шайх Жосим бин Муҳаммад бин Соний (1827-1913) қиличининг айнан нусхаси ҳисобланади. Унинг қини сариқ олтиндан (18 карат) ясалган ва икки томони безатилган. Қилич қимматбаҳо зангламайдиган пўлатдан ишланган, дастаси туя суягидан ясалган, агат ва турмалин билан қопланган.
Маълумот учун, кеча, 13 февраль куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Қатарга етиб борган, уни Доҳадаги “Ҳамад” халқаро аэропортида Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний кутиб олган. Бугун, 14 февраль куни Қосим-Жомарт Тўқаев Қатар Амирининг “Дивон Амирий” саройига борди. У ерда етакчиларнинг тантанали учрашуви бўлиб ўтди. Тўқаев Қозоғистон ва Қатар ўртасидаги ҳамкорликни янги босқичга кўтаришни таклиф қилди. Шунингдек, Қозоғистон Президенти ва Қатар Давлати Амири ўртасидаги музокаралар якунлари бўйича қатор ҳужжатлар имзоланди.
LiveБарчаси