Тўқаев январь воқеалари иштирокчиларига амнистия берди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев январь воқеалари иштирокчиларига амнистия бериш тўғрисидаги қонунни имзолади. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар бермоқда.

“Давлат раҳбари Қозоғистон Республикасининг “Амнистия тўғрисида”ги қонунини имзолади”, дейилади хабарда.

Аввалроқ Қозоғистон Парламенти Сенати 27 октябрь куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда январь воқеаларининг айрим иштирокчиларига нисбатан амнистия эълон қилингани ҳақидаги қонунни қабул қилган эди.

“Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, 1,5 мингга яқин киши амнистияга тушган. Шу кунга қадар январь воқеалари бўйича судланган 1 минг 112 нафардан атиги 128 нафари озодликдан маҳрум этилган. Қонун қабул қилингандан кейин 40 дан ортиқ маҳкум, 50 га яқин шахс яқин олти ой ичида озодликдан маҳрум қилиш жойларидан озод қилинади”, дейди Сенат вакили Владимир Волков.

Бундан ташқари, қонунга кўра жиноий ҳуқуқбузарликлар ҳамда кичик ва ўрта оғирликдаги жиноятлар учун яна 171 нафар шахс жиноий жавобгарлик ва жазодан озод қилинади. Шу билан бирга, маҳкумларга нисбатан амнистияни қўллаш тўғрисидаги якуний қарор суд томонидан ҳар бир шахс учун алоҳида қабул қилинади. Оғир жиноят содир этган, иши тергов ва судларда кўриб чиқилаётган 363 нафар шахсларга нисбатан эса жазо тайинлашда амнистия қўлланилади.

Қозоғистондаги намойиш

Қозоғистонда 2022 йилнинг биринчи кунларида оммавий норозилик намойишлари бошланди — мамлакат ғарбидаги Жанаозен ва Ақтау шаҳарлари аҳолиси суюлтирилган газ нархининг икки баробар ошишига қарши чиқди. Кейинчалик норозилик намойишлари бошқа шаҳарларга, жумладан, эски пойтахт ва Республиканинг энг йирик шаҳри Олма-отага ҳам тарқалди: у ерда талончилик бошланди, намойишчилар давлат муассасаларига ҳужум қилишди, қурол-яроғларни олиб кетишди. Бунга жавобан расмийлар 19 январга қадар бутун мамлакат бўйлаб фавқулодда ҳолат эълон қилди ва аксилтеррор операциясини бошлади. БМТ маълумотларига кўра, Қозоғистондаги намойишлар чоғида 1000 га яқин одам жароҳатланган. Мамлакат Бош прокуратураси маълумотларига кўра, тартибсизликлар натижасида 4578 киши жароҳатланган, 225 киши ҳалок бўлган, улардан 19 нафари хавфсизлик хизмати ходимлари.  

5 январь куни эрталаб Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ҳукуматни истеъфога чиқарди ва Хавфсизлик кенгашига ўзини раҳбар этиб тайинлади. Ўз раҳбарлигидаги Хавфсизлик кенгашининг биринчи йиғилишида Тўқаев Қозоғистондаги вазиятни давлат яхлитлигига путур етказувчи деб баҳолади ва “террорчилик таҳдидини енгишда” КХШТдан ёрдам сўраганини айтди. КХШТ Коллектив хавфсизлик кенгаши мамлакатдаги вазиятни нормаллаштириш учун Қозоғистонга коллектив тинчликпарвар кучларни юборишга қарор қилди.

7 январь куни Тўқаев террорчилар, жумладан, хориждан келганлар ҳам қаршилик кўрсатишда давом этаётганини айтиб, қуролини ташламаганларни йўқ қилишга ваъда берди. Бундан ташқари, Президент фуқароларнинг тинч шаклда билдирилган барча талаблари тингланганини таъкидлади. 

13 январь куни КХШТ миссияси муваффақиятли якунлангани эълон қилинди. 19 январь куни Қозоғистон Мудофаа вазирлиги Республикада хорижлик ҳарбий хизматчилар қолмаганини очиқлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

10

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг