Тўқаев Россияни музокарага чақирмоқда. Мавзу русларнинг кўчиши
Олам
−
27 Сентябрь 2022
8782Қозоғистон ҳукумати Россия томони билан россияликларнинг мамлакатга келиши масаласида музокаралар олиб бориш ниятида. Бу ҳақда бугун, 27 сентябрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Туркистон вилояти жамоатчилиги билан учрашувда айтиб ўтган.
“Сўнгги кунларда Россиядан бизга кўп одамлар келяпти. Биз уларга ғамхўрлик қилишимиз, хавфсизлигини таъминлашимиз керак. Бу сиёсий ва гуманитар масала. Ҳукуматга зарур чоралар кўришни топширдим. Биз Россия томони билан музокаралар олиб борамиз ва бу муаммони мамлакатимиз манфаатларидан келиб чиқиб ҳал қиламиз”, дейди Тўқаев.
Унинг сўзларига кўра, бундай оғир вазиятда, энг аввало, инсонпарварлик, сабр-тоқат ва ташкилотчилик кўрсатиш керак.
“Бизда инқироз ёки ваҳима йўқ. Ҳукумат ўз ишини қилиши керак. Чет элдан келган меҳмонларга ёрдам кўрсатилади, аммо улар ҳеч қандай имтиёзга эга бўлмайдилар. Барча ишлар қонун ва мажбуриятларимизга мувофиқ амалга оширилиши керак”, дейди Президент.
Шу билан бирга, Қозоғистон раҳбари давлатларнинг ҳудудий яхлитлиги бузилмас бўлиши кераклигини таъкидлаган.
“Бу асосий тамойил. Мен халқаро майдонда ҳамиша бу ҳақда очиқ ва аниқ гапириб келганман. Яқинда БМТ олий минбаридан қилган нутқимда буни яна бир бор таъкидлаганим бежиз эмас”, дея қўшимча қилган мамлакат етакчиси.
Эслатиб ўтамиз, 21 сентябрда Россияда сафарбарлик бошланди. Россия Президенти Владимир Путиннинг сўзларига кўра, резервда бўлган ва тегишли ҳарбий мутахассислик ва жанговар тажрибага эга фуқаролар муддатли ҳарбий хизматга чақирилади.
Шундан сўнг, Грузия, Финляндия, Мўғулистон билан чегарада тирбандлик юзага келишни бошлади. Истанбул, Ереван, Бакуга навбатдаги тўғридан-тўғри рейслар учун чипталар тезликда сотилиб кетди.
Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитасининг хабар беришича, 25 сентябрь куни мамлакат чегара хизмати ходимлари мавжуд назорат-ўтказиш пунктини четлаб ўтиб, чегарани бузган уч нафар россияликни қўлга олган.
Фарангиз Салимова
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь