Тўқаев Президент Администрациясини қисқартирди
Олам
−
01 Сентябрь 2023
5467Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев “Давлат раҳбари Администрациясини қайта ташкил этиш тўғрисида”ги фармонни имзолади, унга кўра маъмурият раҳбари ўринбосарлари лавозимлари тугатилди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Ҳужжатга мувофиқ, Президент Администрациясининг янгиланган тузилмаси қуйидагилардан иборат бўлади:
- Президент Администрацияси раҳбари;
- Хавфсизлик Кенгаши котиби;
- Президент канцелярияси раҳбари;
- Президент ёрдамчилари;
- Президент маслаҳатчилари;
- Президент маъмуриятининг бўлимлари.
Бундан ташқари, президентнинг ички сиёсат ва коммуникациялар, иқтисодиёт, халқаро муносабатлар, ҳуқуқ, шунингдек, фан ва инновациялар бўйича ёрдамчилари лавозимлари ташкил этилмоқда.
"Президент Администрацияси раҳбари ўринбосарлари лавозимлари тугатилмоқда. Президент Администрациясининг тўртта бўлими ҳам қисқартирилди", дейилади хабарда.
Шунингдек, бугун, 1 сентябрь куни Қосим-Жомарт Тўқаев халққа йўллаган мурожаатида Қозоғистон ҳукумати Президент Администрацияси билан ҳаракатларни мувофиқлаштиришни тўхтатишини айтган.
Бундан ташқари, Тўқаев Президент Администрацияси раҳбарининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Тимур Сулейменов, Администрация раҳбари ўринбосарлари Ержан Жиенбаев, Аида Балаева, Ержан Казихан, Ернар Баспаев, Руслан Желдибай, шунингдек, Президент ёрдамчилари Асет Исекешев, Канатбек Жайсанбаевларни ишдан олган.
Маълумотлар учун, Қозоғистон Республикаси Президенти Администрацияси давлат раҳбари томонидан тузиладиган ва унга бевосита бўйсунувчи ва ҳисоб берувчи давлат органи ҳисобланади. Администрациянинг вазифаси Президент фаолиятини сифатли ва ўз вақтида ахборот-таҳлилий материаллар билан таъминлаш, ҳуқуқий, протокол-ташкилий, ҳужжатлаштириш ишлари билан шуғулланишдан иборат.
LiveБарчаси