Тўқаев порахўр амалдорлардан тортиб олинган пуллар нимага сарфланишини айтди

Олам

image

Порахўр амалдорлардан мусодара қилинган пуллар Қозоғистонда мактаблар қуришга йўналтирилади. Бу ҳақда мамлакат Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 1 сентябрь куни халққа қилган Мурожаатномасида сўз очди.   

“Коррупционерлар томонидан давлатдан ноқонуний равишда қўлга киритилган барча маблағлар олиб қўйилиши ва мактаблар қурилишига сарфланиши керак”, дейди Президент ўз нутқида. 

Давлат раҳбари ўрта таълим сифати муваффақиятли давлат тараққиётининг муҳим шарти эканини таъкидлади. 

“Ҳар бир ўқувчининг ҳар томонлама билим олиши ва ривожланиши учун қулай шарт-шароитлар яратилиши керак. Шунинг учун ҳам “Қулай мактаб” миллий лойиҳаси йўлга қўйилди. 2025 йилгача замонавий талабларга жавоб берадиган 800 минг талаба ўрни яратамиз. Бу аварияли ва уч сменали мактаблар муаммосини тўлиқ ҳал қилади”, дейди Қосим-Жомарт Тўқаев. 

Президент таъкидлаганидек, бу чора-тадбирлар қишлоқ ва шаҳар мактаблари ўртасидаги фарқни сезиларли даражада камайтиради. 

“Умуман олганда, мактаблар қуриш ҳукумат ва ҳокимликларнинг асосий вазифаларидан бири бўлиши керак”, дейди Тўқаев. 

Президент, шунингдек, адолатли Қозоғистон қуришда мактаб ўқитувчилари ҳал қилувчи роль ўйнаши кераклигини таъкидлади. 

“Сўнгги йилларда бу касбнинг жозибадорлигини ошириш бўйича давлат томонидан кўплаб ишлар амалга оширилди. Аммо бу йўналишда ижобий ўзгаришлар ҳали ҳам талаб қилинмоқда. Педагогика олий ўқув юртларини аккредитация қилишнинг янги стандартини қабул қилиш ва ўқитувчиларнинг компетенциялари доирасини ишлаб чиқиш зарур”, дея қўшимча қилди Президент. 

Тўқаев ўрта мактабда табиий-математик цикл бўйича фанлар ва инглиз тилини ўқитишни кучайтиришга чақирди.

Президент Тўқаевнинг порахўрлардан қўлга киритилган маблағларга мактаблар қуриш ҳақидаги гаплари Ўзбекистонда ҳам аллақачон диққат марказига тушди. Ижтимоий тармоқлар ва жамоатчилик ушбу масалани муҳокама қиларкан, блогер Давлетов шундай ёзди:

"Бизда ҳам Гулнора Каримованинг ноқонуний йўллар билан топилган маблағларини, умуман, барча коррупционерлар пулларини янги мактаблар қурилишига йўналтиришса яхши бўлар эди".


Мақола муаллифи

Теглар

Қозоғистон Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

84

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг