Тўқаев Миллий хавфсизлик қўмитаси раисини яна лавозимида олиб қолди
Олам
−
28 Ноябрь 2022
4401Қозоғистон Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Ермек Сагимбаев республика Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев қайта сайланганидан кейин ўз лавозимини сақлаб қолди. Бу ҳақда бугун, 28 ноябрь куни давлат раҳбари матбуот хизмати хабар берди.
“Ермек Алдабергенович Сагимбаев Қозоғистон Республикаси Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси этиб тайинлансин”, дейилади давлат раҳбари томонидан имзоланган фармонда.
МХҚнинг собиқ раҳбари Карим Масимов мамлакатдаги “қонли январь” воқеалари сабаб Тўқаевнинг 5 январдаги фармони билан ишдан бўшатилганди. Шу куни Давлат қўриқлаш хизматларининг собиқ раҳбари Сагимбаев қўмита янги раҳбари этиб тайинланди.
Президентнинг бугун, 28 ноябрь куни эълон қилинган бошқа фармонларига кўра, Олжас Бектенов Коррупцияга қарши кураш агентлиги раҳбари, Жанат Элиманов Молиявий мониторинг агентлиги раҳбари, Асет Иргалиев Стратегик режалаштириш ва ислоҳотлар агентлиги раҳбари ва Сакен Исабеков Давлат қўриқлаш хизматлари раҳбари лавозимларини сақлаб қолди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 20 ноябрь куни бўлиб ўтган навбатдан ташқари президентлик сайловларида Тўқаев ғолиб чиқди. 26 ноябрь куни инаугурация маросими бўлиб ўтди. Қонунчиликка кўра, мамлакатнинг янги сайланган раҳбари ўз лавозимига киришиши билан унга бевосита бўйсунувчи ва ҳисоб берувчи давлат органлари раҳбарларининг, шунингдек, вилоятлар раҳбарларининг ваколатлари тугатилади. Шу куннинг ўзида Президентнинг фармони имзоланди, унга кўра, масъул давлат органлари, шунингдек, вилоятлар ва республика аҳамиятига молик шаҳарлар раҳбарлари янги тайинловларгача ўз вазифаларини бажарадилар.
LiveБарчаси