Тўқаев Марказий Осиё раҳбарлари учрашувига Россия ва Хитой етакчиларини чақиришни таклиф қилди

Жамият

image
0:00
0:00
download

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувига қўшни мамлакатлар, жумладан, Россия ва Хитой вакилларини таклиф қилишни таклиф қилди. Бу ҳақда у Чўлпонотада (Қирғизистон) Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг тўртинчи маслаҳат учрашувида айтиб ўтди.

Форум иштирокчилари “Марказий Осиё давлатларининг кўп томонлама форматлар доирасидаги ўзаро ҳамкорлиги концепцияси”ни қабул қилишлари зарур, дея қўшимча қилган Тўқаев. Унинг фикрича, давлат раҳбарлари “белгиланган географик чегаралар ичида чекланиб қолмаслиги керак”.

“Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг маслаҳат учрашувлари ишида Россия ва Хитой каби бошқа қўшни давлатларнинг олий вакиллари таклиф этилган меҳмон сифатида иштирок этишлари мумкин”, деган Тўқаев.

Бундан ташқари, Қозоғистон Президенти “минтақавий ва халқаро муаммоларнинг асосий масалалари бўйича келишилган ёндашувларни ишлаб чиқиш учун” минтақа давлатлари ташқи ишлар вазирларининг учрашувларини камида ярим йилда бир марта ўтказишни таклиф қилган.

Тўқаевга кўра, консултацияларни миллий хавфсизлик кенгашлари котиблари ҳам ўтказиши керак. Унинг фикрича, механизм “хавфсизликка таҳдидларнинг олдини олиш бўйича ечимларни биргаликда ишлаб чиқиш”га хизмат қилади.

Тўқаев форум иштирокчи мамлакатларига “чегараларни делимитация қилиш бўйича ўзаро мақбул ёндашувларни ишлаб чиқиш учун” Ташқи ишлар вазирлари кенгаши ҳузурида эксперт платформасини яратишни таклиф қилди. Қозоғистон раҳбарининг режасига кўра, платформада ҳуқуқшунослар, картографлар, чегарачилар ва бошқа мутахассислар ишлаши керак.

“Ушбу муаммолар тўпламини кечиктириш ёки эътиборсиз қолдириш кескинлашувга олиб келади ва охир-оқибат Марказий Осиёда ҳамкорликни ривожлантириш бўйича барча саъй-ҳаракатларни йўқ қилиши мумкин”, дея тушунтирган Президент ўз таклифини.


Мақола муаллифи

Теглар

Қосим-Жомарт Тўқаев

Баҳолаганлар

183

Рейтинг

3.1

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг