Тўқаев Қозоғистонни Олтин Ўрданинг вориси деб эълон қилди

Олам

image

Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ўз мамлакати Олтин Ўрданинг вориси эканлигини эълон қилди ва унинг сиёсий ҳамда иқтисодий моделини ўрганишга чақирди. Бу ҳақда у бугун, 19 май куни “Олтин Ўрда дашт цивилизацияси модели сифатида” форумининг очилишида гапириб ўтди.

Тўқаевнинг сўзларига кўра, Қозоғистон Конституциясининг янги таҳририда Буюк Даштнинг узвийлиги ва унинг тарихий мероси мустаҳкамлаб қўйилган. Тўқаев Жўжи улуси гуллаган даврда унинг ҳудуди 6 миллион квадрат километрдан ошганини, Ўрдада 100 га яқин шаҳар бўлганини ва жўжилар сулоласининг ҳокимияти олти асрдан кўпроқ вақт давомида сақланиб қолганини қайд этган. 

У Ўрданинг пул тизимига алоҳида эътибор қаратган.

“Мутахассисларнинг фикрига кўра, [Ўрдада] 28 миллионга яқин кумуш танга зарб қилинган. Қозоғистон миллий валютасининг номи – тенге – Ўрданинг “данг” сўзига бориб тақалиши рамзий маънога эга бўлиб, рус тилидаги “деньги” сўзи ҳам катта эҳтимол билан айнан шундан келиб чиққан. Бу Олтин Ўрда минтақадаги пул муносабатлари стандартларига асос солганининг яққол исботидир”, дейди Тўқаев.

Яқинда Қозоғистон Миллий банки Олтин Ўрдага бағишланган минг дона кумуш танга чиқарди.

Президент Олтин Ўрда тарихини қайта мушоҳада қилиш зарурлигини қайд этган ва тарихий меросни низо воситасига айлантирмасликка чақирган. 

Маълумот учун, Олтин Ўрда – XIII аср ўрталарида Чингизхон авлодлари томонидан асос солинган ва ўрта асрларда Осиё ҳамда Европанинг улкан ҳудудларини қамраб олган қудратли давлат. Ўз даврида империя ҳудуди Сибирнинг ғарбидан Дунай дарёсигача (ҳозирги Қозоғистон, Россиянинг Европа қисми, Украина, Молдова, Озарбайжон ва Хоразм ерлари) чўзилган бўлиб, 6 миллион кв. км дан ортиқ майдонни эгаллаган. XIV аср охирида Олтин Ўрда ички низолар туфайли заифлашган. Мамлакатнинг узил-кесил инқирозга учрашига Амир Темурнинг Тўхтамишхонга қарши юришлари (1391 ва 1395 йиллардаги жанглар) зарба бўлади.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг