Тўқаев “Қонли январь” сирларини очди. Фитна бошида халқ эмас, хавфсизлик кучлари

Олам

image

Қозоғистоннинг ташқи ва ички душманлари январь ойида бўлиб ўтган тартибсизликлар пайтида ҳокимиятни эгаллаб олишни режалаштирган эди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев бугун, 16 март куни мамлакат халқига мурожаатида айтиб ўтди. 

Айни вақтда Президент Тўқаев мамлакат парламентида халққа мурожаат қилмоқда. 

"Ақлли жиноятчилар, қуролли тўдалар, сотқин амалдорлар яширин гуруҳ туздилар. Бизнинг ташқи ва ички душманларимиз рози бўлиб, ҳокимиятни эгаллаб олмоқчи бўлди. Улар аҳолини атайлаб гижгижлашди", дейди Тўқаев январь ойидаги тартибсизликлар ҳақида гапирар экан. 

Унинг сўзларига кўра, Қозоғистондаги тартибсизликлардан мақсад мамлакатнинг амалдаги раҳбариятини четлатиш эди.  

"Террорчилар давлат идоралари, стратегик объектлар ва тадбиркорлик объектларига ҳужум қилди, тинч аҳолига қарата ўқ узди, ҳукуматни қоралашди. Хорижий радикал кучлар буларнинг барчасидан ўз мақсадлари йўлида фойдаланмоқчи бўлди. Улар Қозоғистонни жанг майдонига айлантириб, тинч ҳаётимизни барбод қилмоқчи бўлдилар. Улар Президентни ҳокимиятдан четлатишни хоҳлади”, дейди у. 

Президентнинг қайд этишича, Қозоғистонда январь воқеалари чоғида хавфсизлик кучларининг фитнаси бўйича тергов давом этмоқда.  

"Хавфсизлик кучлари ва уларнинг шериклари фитнаси бўйича иш бўйича тергов махфийликда жадал суръатларда давом этмоқда. Олдинда гувоҳлар билан ишлаш, экспертиза ўтказиш, турли маълумотларни ўрганиш бўйича кўп иш турибди", дейди Тўқаев. 

Қозоғистон Президенти, шунингдек, мамлакатда глобал инқироздан чиқиш учун зарур ресурслар мавжудлигини таъкидлади.

"Мамлакатимизда кенг кўламли инқироздан чиқиш учун барча зарур захира ва воситалар мавжуд. Ҳукумат зудлик билан инқирозга қарши устувор комплекс чора-тадбирлар комплексини амалга ошириши шарт. Бунда биринчи навбатда миллий валюта барқарорлигини таъминлаш зарур", дейди у. 

Эслатиб ўтамиз, Қозоғистонда тартибсизликларга айланган оммавий намойишлардан сўнг юқори мартабали махсус хизмат ходимларини ҳибсга олиш бошланди. Дастлаб Масимов Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбари лавозимидан четлаштирилиб, давлатга хиёнатда гумон қилиниб, ҳибсга олинди. Унинг ўрнига Сагимбаев тайинланди. Шунингдек, Миллий хавфсизлик қўмитаси раҳбарининг ўринбосарлари — Ануар Садиқулов ва Даулет Ергожин ҳам ўз лавозимларидан четлаштирилди. 13 январь куни Масимов ҳокимиятни зўрлик билан эгаллаб олиш ва мансаб ваколатини суиистеъмол қилишга қаратилган ҳаракатларда ҳам гумон қилинаётгани маълум бўлди. Садиқулов ва Ергожиннинг ҳибсга олингани ҳақида ҳам айтилди. Кейинроқ, Масимов ва Садиқулов суд томонидан ҳибсга олинган ва иш “ўта махфий” тоифасига киритилган. 7 февраль куни Ергожин ҳам суд санкцияси билан ҳибсга олинган

Айни вақтда Қозоғистонда Миллий хавфсизлик қўмитаси раисининг собиқ ўринбосари Марат Осипов мансаб ваколатини суиистеъмол қилганликда гумонланмоқда. 23 февраль куни суднинг санкцияси билан Марат Осиповга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

364

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг