Тўқаев Иордания подшоҳига олий давлат мукофотини топширди
Олам
−
19 Февраль 2025 2670 1 дақиқа
Бугун, 19 февраль куни расмий ташриф билан Иорданияда бўлиб турган Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Иордания подшоҳи Абдулла II га Қозоғистоннинг олий давлат мукофоти – “Олтин Қирон” (“Олтин бургут”) орденини топширди. Бу ҳақда Қозоғистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Тўқаев ўз нутқида Қозоғистон ва Иордания Ҳошимийлар Подшоҳлиги ўртасидаги мустаҳкам шериклик муносабатлари ҳамда подшоҳ Абдулла II нинг Қозоғистон-Иордания алоқаларини мустаҳкамлашга қўшган катта шахсий ҳиссасини таъкидлаб ўтган.
“Жаноб ҳазратларининг сўнмас қўллаб-қувватлаши туфайли биз иқтисодий ва сармоявий ҳамкорликдан тортиб, маданий-маърифий алмашинувларгача бўлган ўзаро манфаатли соҳалардаги ҳамкорлигимизни чуқурлаштирдик. Сиз атоқли давлат арбоби, тинчлик тарафдори ва донишмандлик намунаси сифатида дунё бўйлаб кўпчиликни илҳомлантиришда давом этмоқдасиз. Қозоғистон халқи сизга чуқур ҳурмат билан қарайди. Иордания биз учун нафақат шерик, балки ҳақиқий дўст эканлигидан фахрланамиз”, деган Қозоғистон раҳбари.
Ўз навбатида, Абдулла II Қосим-Жомарт Тўқаев ва қардош қозоқ халқига Қозоғистоннинг олий давлат мукофоти билан тақдирлангани учун миннатдорлик билдирган.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг август ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Қозоғистон Республикасининг “Олтин Қирон” (“Олтин бургут”) ордени билан мукофотланганди. Қозоғистоннинг олий давлат мукофотини Ўзбекистон етакчисига Президент Қосим-Жомарт Тўқаев тантанали равишда топширган.
Live
Барчаси