Туғуруқ комплекси замонавий перинатал марказга айлантирилди
Бизнес
−
12 Ноябрь 2023
4838Олмалиқ кон-металлургия комбинати Тиббиёт ходимлари куни арафасида ажойиб совға ҳозирлади. Бугун комбинат ҳомийлигида тўлиқ таъмирланган Олмалиқ шаҳар туманлараро перинатал маркази фойдаланишга топширилди.
Мазкур тиббий муассасанинг тантанали очилиш маросимида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Тошкент вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъуллари, ОКМК раҳбарияти ва жамоатчилик вакиллари иштирок этишди.
Тадбирда сўз олган ОКМК бошқаруви раиси Абдулла Хурсанов комбинат томонидан ижтимоий соҳани қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ишлар бардавомлик касб этишини таъкидлаб, туғруқ комплекси эндиликда ҳудудий перинатал марказига айлантирилганини билдирди. Тадбир давомида объектнинг таъмир ишларида иштирок этган бир гуруҳ қурувчилар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланишди.
Рамзий лента қирқилиб, перинатал марказнинг рамзий калити марказ директори Малика Умрзоқовага топширилиб, муассаса расман ўз фаолиятини бошлади.
Таъмир ишлари пудрат ташкилоти “SIMVOL SERVIS STROY“ МЧЖ томонидан амалга оширилиб, бинонинг барча бўлимлари замонавий қиёфага келтирилди.
Ушбу тиббий муассаса аввал 90 ўринга мўлжалланган бўлса, эндиликда 120 ўринга етказилди. Марказ тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда фаолият юритиб, барча зарурий тиббий ускуналар билан жиҳозланди. Аёлнинг ҳомиладор бўлган кунидан бошлаб то туғруққача бўлган давр марказ томонидан назоратга олинади.Туғруқ комплекси биносида ҳомиладор аёллар учун зарур шарт-шароитларни яратиш, тиббий хизмат сифатини ошириш учун замонавий ахборот коммуникация технологиялари жорий этилган бўлиб, тиббий муассаса тўлиқ рақамлаштирилган ҳолда фаолият олиб боради.
Бинонинг иссиқлик, совуқ ва сув тизими ҳамда канализация қувурлари ҳам буткул янгиланди. Хоналарда сантехник жиҳозлари, ёритиш чироқлари алмаштирилиб, ёнғинга қарши сигнализациялар, видеокузатув ва алоқа тизимлари ўрнатилди. Объект ҳудудидаги 2та алоҳида бино иссиқ йўлак билан бирлаштирилди. Бу совуқ кунларда беморларга янада қулайлик яратади. Ушбу биноларни боғловчи ўтиш йўлагини қурилишини, ҳовлининг ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишларини “Олмалиқметаллургқурилиш” трести меҳнат жамоаси амалга оширди. Марказнинг реанимация бўлими эса комбинат мутахассислари томонидан кислород етказиб бериш ускунаси билан жиҳозланди. Мазкур объектнинг қурилиш ишларига 12,5 млрд сўм маблағ ажратилди.
Олмалиқ шаҳар туманлараро перинатал маркази директори Малика Умрзоқованинг маълум қилишича ушбу марказ эндиликда марказ нафақат шаҳримиз аҳлига, балки, Оҳангарон тумани ва шаҳри, Пискент тумани, Нурафшон ва Ангрен шаҳарлари аҳолисига ҳам хизмат кўрсатади.
Маълумот учун:жорий йилнинг июль ойида комбинат ҳомийлигида Тиббий санитар қисми капитал таъмирланиб, фойдаланишга топширилган эди. Ушбу тиббий муассасанинг таъмир ишларига 12 млрд сўм маблағ сарфланган.
Бир сўз билан айтганда Олмалиқ шаҳрида халқимизга ўз вақтида сифатли, самарали тиббий хизмат кўрсатиш тизими яратилди.
ОКМК Ахборот хизмати
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси
Путин халқига мурожаат қилди.
21 Ноябрь