Туғилишга шошилганлар қисмати: улар яшаб кета оладими?
Саломатлик
−
17 Ноябрь 2020
57731Оналик ва болалик жамиятнинг муҳим қатлами. Соғлом онадан соғлом бола туғилади. Бироқ, аёлларнинг ўз соғлиғига бўлган эътиборсизлиги туғилажак болага салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Мисол учун, эрта туғилиш. Маълумотларга кўра, сайёрамизда ҳар йили 15 миллионга яқин бола муддатидан олдин туғилади. Бу болаларнинг бир миллиондан ортиғи яшаб кета олмайди. Дунё бўйича чақалоқлар ўлимининг ярмидан кўпига эрта туғилиш сабаб бўлмоқда. Шундай экан эрта туғилиш ҳам Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилотини ташвишга солаётган муаммолар қаторида турибди. 2009 йилдан буён Европадаги Янги туғилган чақалоқларни парвариш қилиш жамғармаси (ЭФCНИ) 17 ноябрни Бутунжаҳон прематурия яъни эрта туғилган чақалоқлар куни сифатида нишонлаб келмоқда.
Эрта туғилиш нима?
Чақалоқ 22 дан 37 ҳафтагача бўлган даврда туғилса ва 500 дан 2500 грамм вазнда бўлса, унга нисбатан эрта туғилиш ташхиси қўйиш мумкин? Демак, эрта туғилиш нормал ҳомиладорлик – 40-ҳафта даври тугашидан олдин туғилган чақалоққа нисбатан ишлатилади. Бундай болаларнинг яшаб кетиш эҳтимоли жуда паст. Бироқ тиббиёт йил сайин ривожланиб бормоқда. Бола бир ҳафта давомида яшаш учун ўзида куч топа олса унинг кейинги ривожланиши эҳтимоли анча яхшиланади. Эрта туғилиш ҳомиланинг давомийлигига қараб уч даражага бўлинади:
1) Жуда эрта – туғилиш ҳомиладорликнинг 22-27 ҳафталигида, чақалоқ оғирлиги бир килограмдан ошмаган ҳолатда;
2) Ҳомила 28-33 ҳафталигида туғилади. Вазни эса, бирдан икки килограмгача бўлиши мумкин;
3) Ҳомиладорликнинг 34-37 хафталигида муддатидан олдин туғилиш – бола 2,5 кг гача вазнга эга бўлади.
Эрта туғилиш сабаблари
Болаларнинг эрта туғилишига бир қанча сабаблар бор. Бугунги кунда ер юзида кучли табақаланиш мавжуд. Қаердадир егуликлар шунчаки ташлаб юборилаётган бўлса, бошқа жойда одамлар ижтимоий-иқтисодий жиҳатдан паст даражада яшайди. Тўйиб овқат емаслик аёлларда турли хил касалликлар, жумладан эрта туғишга сабаб бўлади. Бу муаммо фақат қолоқ давлатларда эмас, балки, ривожланган Европа мамлакатларида ҳам бор. Aёллар орасида никотин, спиртли ичимликлар истеъмол қилиш каби салбий одатлар йил сайин кўпайиб бормоқда. Қолаверса, ирсият, сийдик йўли инфекциялари, генитал органларнинг яллиғланиши, оғир соматик касалликлар, эрта жинсий алоқа ҳамда генитал органларнинг функцияларининг бузилиши ҳам боланинг эрта туғилишига сабаб бўлади.
Касалликни клиник белгилари
Aлбатта, ҳар бир касалликнинг ўзига хос белгилари мавжуд. Эрта туғилиш ҳам маълум бир ишоралар билан ўзини намоён қиладиган ҳолат. Қориннинг пастки қисмида ва пастки орқа томонда оғриқ пайдо бўлади. Бундан ташқари:
• бачадоннинг крамп оғриғи ва перисталтикаси;
• қувиқ ва қинга босимнинг ошиши;
• пешоб чиқаришнинг кўпайиши;
• қон кетиши;
• ҳомила камроқ ҳаракатга келади;
• амниотик суюқлик ажралиб чиқади.
Эрта туғилиш нима учун хавфли?
Муддатидан олдин туғилган чақалоқларнинг яшаб кетиш эҳтимоли паст бўлгани боис, улар бошқаларга қараганда бир неча баробар кучлироқ бўлишлари керак. Уларда қуйидаги туғма хасталиклар учраши мумкин:
• нафас олиш муаммолари;
• озиқланиш қийинчиликлари;
• миянинг ярим фалажланиши;
• ривожланишнинг кечикиши;
• эшитиш билан боғлиқ муаммолар.
Даволаш усуллари
Олимлар томонидан эрта туғилишнинг аниқ сабаблари ва олдини олиш йўллари ҳали аниқланмаган. Бироқ, аёллар ҳомиладорлик даврида амал қилиши керак бўлган бир қанча тавсиялар бор:
• ҳомиладорлик даври бошланганда бўлажак она ўзидаги сурункали инфекциялар ва бошқа касалликларга қарши даволаниши;
• ҳомиладорликдан олдин эрта туғилиш, аборт ҳолатлари бўлса, ҳомилани доимий мониторинг қилиб бориш;
• эрта туғилишни келтириб чиқарадиган инфекциялар ўчоғини, айниқса, йўғон ичак шиллиқ қаватнинг яллиғланиш касалликларини аниқлаш ва даволаш керак.
Қизиқарли фактлар
Эрта туғилган чақалоқларнинг ҳаммаси ҳам ногирон ёки ақлан заиф бўлавермайди. Тарихда бунинг исботи кўп:
Наполеон Бонапарт – 1769 йилда туғилган. Тарихчилар унинг кичик жуссаси муддатидан олдин туғилганидан дарак беришини ёзади;
Марк Твен – 1835 йилда туғилган. Aмерикалик машҳур ёзувчи муддатидан 2 ой аввал туғилган;
Уинстон Черчил – 1874 йилда туғилган. Инглиз сиёсатчиси ва давлат арбоби ҳам роппа роса етти ойлигида дунёга келган.
Карим ЗАРИПОВ
LiveБарчаси