Цукерберг ҳам Трампни йўқлаб борди

Олам

image

Meta компаниясининг бош директори Марк Цукерберг кеча, 27 ноябрь куни АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп билан учрашди. Бу ҳақда Трампнинг бош маслаҳатчиси Стивен Миллер “Fox News”га берган интервьюсида маълум қилди.

Миллер технология компанияси раҳбарининг ўз манфаатлари борлигини таъкидлаб, Трампнинг иккинчи президентлик муддатини “миллий янгиланиш” имконияти сифатида кўраётганини қўшимча қилган.

“Марк, шубҳасиз, ўз манфаатлари, компанияси ва режаларига эга. Аммо у нафақат Америкада, балки бутун дунёда кузатилаётган ўзгаришларнинг тарафдори ва иштирокчиси бўлиш истагини жуда аниқ тарзда ифодалаб берди”, дейди Миллер.

Маълумотларга кўра, Цукерберг Флоридада Трампнинг бўлажак маъмурияти аъзолари билан ҳам учрашган ва кечки овқатга таклиф қилгани учун Трампдан миннатдор эканини қўшимча қилган.

Маълумот учун, Цукерберг жорий йилнинг июль ойида Пенсильвания штатининг Бaтлер шаҳрида Трампга қарши уюштирилган суиқасддаги ҳолатни изоҳлаб, Трампни мақтаган эди.

“Дональд Трамп юзига ўқ текканидан кейин ўрнидан туриб, мушти билан Америка байроғини ҳавода силкитганини кўриш – ҳаётимда кўрган энг ажойиб ҳодисалардан бири”, деган эди Meta раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 22 ноябрь куни Трамп Флоридадаги қароргоҳида НАТО Бош котиби Марк Рютте билан учрашганди. Томонлар альянс олдида турган глобал хавфсизлик масалаларини муҳокама қилганди.

Моҳинур Каримова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг