Трампнинг махсус вакили Украинадаги урушни тугатиш режаларини айтди
Олам
−
09 Январь
6162Республикачи Дональд Трампнинг инаугурациясидан кейин АҚШнинг Украина бўйича махсус вакилига айланадиган Кит Келлогг урушни 100 кун ичида тугатиш учун ечим топмоқчи. Бу ҳақда истеъфодаги генерал “Fox News” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Келлогг АҚШ сайланган президентининг Жо Байденга йўллаган танқидини қўллаб-қувватлади. Бўлажак махсус вакилнинг сўзларига кўра, Байденнинг асосий хатоси шундаки, у икки йилдан ортиқ давом этган кенг кўламли уруш давомида Россия Президенти Владимир Путин билан ҳеч қачон гаплашмаган.
“Президентнинг [Трамп] қилаётган ажойиб иши шундаки, у ҳам рақиблар, ҳам иттифоқчилар билан гаплашади. У бу осон эмаслигини билади, лекин у якуний натижага эришиш учун одамлар билан гаплашиш керак деб ҳисоблайди ва у шундай қилади ҳам”, дея таъкидлади Келлогг.
Унинг аниқлик киритишича, америкалик амалдорлар Трамп Путин билан ҳам, Украина Президенти Владимир Зеленский билан ҳам гаплашиши учун “зарур шароитларни” яратади.
“Ўйлайманки, улар қисқа муддатда мақбул ечимга келади. Қисқа муддат ҳақида гапирганда, мен шахсий даражада, профессионал даражада мақсад қўймоқчиман, айтмоқчиманки, келинг, 100 кун белгилаб, шу вақт бўйича ҳаракат қилайлик”, деди Келлогг.
Унинг тушунтиришича, Россиянинг Украинага қарши урушини тугатиш АҚШ миллий хавфсизлиги учун муҳим ва Америка манфаатларининг бир қисмидир.
Украина бўйича бўлажак махсус элчи Трамп Россияга ён бермоқчи эмаслигини ҳам айтди.
“Менимча, одамлар билиши керакки, Трамп Путинга ҳам, россияликларга ҳам бирор нарса бермоқчи эмас. У Украинани қутқариб, суверенитетини сақлаб қолишга ҳаракат қилмоқда”, деди Келлогг.
Олдинроқ АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп амалдаги Президент Жо Байден маъмуриятини Украина атрофида олиб бораётган сиёсати учун танқид қилган эди. Унинг фикрича, Оқ уй Киевнинг НАТОга кириши мумкин бўлган музокараларда кўп хатоларга йўл қўйган, Путин эса, унинг сўзларига кўра, Украина альянс билан ҳеч қандай алоқага эга бўлмаслиги кераклигини доимо таъкидлаб келган. Трампнинг сўзларига кўра, Байденнинг бу каби баёнотлари урушга олиб келган.
Унинг Владимир Путин билан учрашиши мумкинлиги ҳақидаги саволга Трамп:
“Буни сизга айта олмайман, лекин Путин учрашишни хоҳлашини биламан”, дея жавоб қайтарган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп яқин олти ой ичида Россия ва Украина ўртасида муросага эришишни кутаётганини айтганди. Журналистларнинг бу давлатлар ўртасида 2022 йил 24 февралда бошланган уруш қачон тугайди? деган саволига у “Умид қиламанки, олти ой ичида”, деб жавоб берди. Трампнинг қўшимча қилишича, Россия Президенти Владимир Путин бу масалани муҳокама қилиш учун у билан “учрашишни хоҳлайди”, бироқ Америка етакчиси 20 январь куни ўтказиладиган инаугурацияси олдидан бундай алоқаларни истисно қилган.