3 триллион $ билан ортга қайтган Трамп

Таҳлил

Трамп ҳокимият тепасига келганидан буён у томонидан бажарилган энг ёрқин иш бу Мексика кўрфази номини Америкага ўзгартириш бўлди. Савдо уруши, Россиянинг Украинага босқинини тўхтатиш, Ғазодаги ғайриинсоний қирғинга нуқта қўйиш, Қўшма Штатларни янада бойроқ, буюкроқ қилиш ва ҳоказо миссияларнинг бирортаси ҳозирча амалга ошганича йўқ. Аксинча, ҳаммаси тескари томонга йўналди. Масалан, у томондан дунёнинг барча давлатларига қарши очилган иқтисодий уруш оқибатида АҚШдаги компаниялар триллионидан айрилди, Нетаньяху Ғазода қайтадан геноцид амалиётини бошламоқчи, Путин эса Украинада ҳали-бери тўхташ нияти йўқ. Бу ижтимоий тармоқларда Трамп “эффекти” дея номланиб, АҚШ Президентининг кулгига қолишига олиб келди. Энг қизиғи, ҳатто Трамп Ҳиндистон ва Покистон ўртасига тушиб, уларни ўт очишни тўхтатишга кўндиргани айтилганидан бир неча соат ўтиб икки мамлакат яна ҳарбий ҳаракатларни бошлаб юборган пайт ҳам кузатилди. У сиёсий доирада 4 ой ичида ҳали айтарли натижага эришгани йўқ. Аммо аслида муваффақиятли тадбиркор бўлган Трамп хориждан, айниқса бой араб монархияларидан инвестиция жалб қилиш ва ўзаро даромадли, манфаатли битимлар тузиш бўйича мастеркласс ўтади. Ортда қолган 4 кун давомида ўз бизнесини 1968 йилда кўчмас мулк соҳасида бошлаб, айни пайтга келиб, тадбиркорликда  асрдан кўпроқ тажрибага эга Трамп Яқин Шарқдан чўнтакларини қаппайтириб қайтмоқда. Қатор араб давлатлари билан тузилган шартномалардаги рақамлар ақл бовар қилмас даражада. Қизиғи шундаки, у Саудия Арабистонига учаётганда, 15-16 май кунига Туркияда бўлиши белгиланган Украина ва Россия ўртасидаги музокараларга келиши ва бу Шарқий Европадаги вазият учун ҳал қилувчи аҳамият касб этиши, қисқа қилиб айтганда тарихий музокаралар бўлиб ўтиши ҳақида кўпчилик тахмин ёки ҳеч бўлмаса умид қилганди. Аммо Трамп Путиннинг Туркияга ташриф буюрмаслиги маълум бўлгач, Истанбулга бормаслиги аниқ бўлди. Бироқ унинг бир неча кун ичида Яқин Шарқда қилган ишлари дунё эътиборини Туркиядаги жараёнлардан тўғри кўрфаз давлатларига бурди дейиш мумкин. QALAMPIR.UZ АҚШ Президентининг минтақага ташриф хронологияси ва натижалари, қисқа қилиб айтганда 3 триллиондан зиёд инвестиция билан ортга қайтгани ҳақидаги тафсилотларни бир материалда жамлади.

Саудия Арабистони – 600 миллиард

Дональд Трамп 13 май куни Яқин Шарққа қилган бир неча триллион долларлик турнесини Саудия Арабистонидан бошлади. Бу унинг биринчи халқаро даражадаги ташрифи бўлди. Қизиғи, Трамп биринчи муддатдаги дастлабки ташрифини ҳам Саудияга қилганди. АҚШ Президенти Дональд Трамп шаҳзода Салмон билан яқин муносабатларга эгалиги ҳеч кимга сир эмас. Чунки Трамп Саудия агентлари томонидан журналист Жамол Қошиқчи ўлдирилганидан кейин халқаро миқёсда четлаб ўтилган ёш шаҳзодани аксинча қўллаб-қувватлаган. Шунингдек, 2017 йилда ҳам Трамп анъанани бузган ҳолда биринчи халқаро президентлик ташрифи учун Саудия Арабистонини танлаган. 2020 йилги сайловда мағлуб бўлганидан кейин ҳам Саудия Арабистони Трамп билан яқин бизнес алоқаларини давом эттирди. Хусусан, Ар-Риёд Трампнинг куёви Жаред Кушнер раислигидаги фирмага 2 миллиард доллар сармоя киритди ва подшоҳликда Трамп минораларини қуриш режалари эълон қилинди. Унинг бу сафарги ташрифи давомида савдо битимлари тузиш ва Форс кўрфазидаги бой мамлакатлардан АҚШ иқтисодиётига инвестициялар жалб қилиши кутилаётганди. Хусусан, АҚШ Президенти Саудия Арабистонининг ўзидан Америка иқтисодиётига 1 триллион долларлик инвестиция ётқизишни истаётгани айтилди. У бу ҳақда жорий йил январь ойида аллақачон маълум қилганди. Ўшанда Трамп Саудия Арабистонидан АҚШ иқтисодига 4 йил давомида, жумладан, ҳарбий техника харид қилиш учун 1 триллион доллардан ортиқ маблағ сарфлашни сўраган ва яқин фурсатларда инвестиция шартномасини имзолаш учун биринчи чет эл сафарини Кўрфаз давлатига амалга оширишини айтганди. У шундай қилди ҳам. Аммо у кутган миқдорда инвестиция ололмаган бўлса-да, Ар-Риёддан қуруқ қўл билан қайтмади. Битта ташрифнинг ўзи учун бу миқдор амалга ошмас даражада йирик кўриниши мумкин. Якунда ҳам икки ўртадаги битимларнинг умумий суммаси 1 триллионга яқинлашмади. Бироқ ярим триллиондан ошди. Саудия Арабистони АҚШ иқтисодиётига 600 миллиард доллар миқдорида сармоя киритиши белгиланди. Бу битимнинг энг катта ва асосий қисми кутилганидек ҳарбий ҳамкорлик соҳасида бўлди. АҚШ ва Саудия Арабистони ўртасида қурол-яроғ бўйича 142 миллиард долларлик битим имзоланди. Бу эса қурол савдоси бўйича тарихдаги энг йирик келишув бўлди. Al Arabiya маълумотларига кўра, мазкур битим АҚШ томонидан Саудия Арабистонига замонавий ҳарбий техника етказиб беришни ва Американинг ўндан ортиқ мудофаа компаниялари томонидан Ар-Риёдга турли хизматлар кўрсатишни ўз ичига олади. Шунингдек, битим доирасида ҳарбий хизматчиларни тайёрлаш, қурол-яроғ тизимини модернизация қилиш, ўқ-дорилар ва эҳтиёт қисмлар етказиб бериш бўйича ҳамкорлик кўзда тутилган.

Қолган кичик ҳажмдаги битимлар энергетика, космик тадқиқотлар, фойдали қазилмаларни қазиб олиш, технологиялар ва юқумли касалликларга қарши кураш соҳалари бўйича имзоланди. Жумладан, Саудияга 14,2 миллиард долларлик газ турбиналари ва бошқа энергетика хизматлари, 4,8 миллиард долларлик Boeing-737 йўловчи самолётларини етказиб бериш бўйича келишувлар имзоланган. Шундай қилиб, ҳарбий соҳа, соғлиқни сақлаш, табиий бойликлар ва энергетика Трамп ташрифининг маълум бир қисмлари бўлди. Булардан ташқари, яна бир соҳадаги келишувлар эътибор марказидан ўрин олди. Бу Трампнинг Саудиянинг нефтдан кейинги келажагини технологияга буриш ва АҚШнинг инновацион ютуқларини тарғиб қилиш эди. Дональд Трамп ўзининг иккинчи муддатидаги биринчи турнесига кўплаб техногигантларнинг раҳбарларини эргаштириб келди. Саудия Арабистонида у билан бирга Американинг энг йирик техногигант компанияларининг ўттиз нафар бош директорлари етиб келишди. OpenAI’дан Сем Альтман, Nvidia’дан Енсен Хуанг, IBM’дан Арвинд Кришна ва дунёнинг энг бой одами Илон Маск Трампнинг қора шаҳзода ҳузуридаги ҳамроҳлари бўлди. Кўпчиликка маълум, Саудия Арабистони иқтисодиётини нефтдан бошқа соҳаларга диверсификация қилишни анча олдин бошлаган. Бу учун қиролликда “Vision 2030” лойиҳаси бор. Айнан шу лойиҳа доирасида Трамп ташрифи чоғида Саудия Арабистонининг Давлат инвестиция жамғармаси “Humain” номли AI стартапи ташкил этилганини эълон қилди. Бу Саудия Арабистонининг келажагини шакллантиришда инқилобий ташаббус экани айтилмоқда. “Humain” иқтисодий диверсификация, инсон капиталини ривожлантириш ва минтақавий рақамли суверенитетни қўллаб-қувватлашга ёрдам беради. Бу лойиҳа гипермиқёсдаги маълумотлар марказлари ва мураккаб булутли инфратузилмани яратиш ҳамда соғлиқни сақлаш, энергетика, таълим ва ҳукумат каби муҳим тармоқлар бўйлаб сунъий интеллект иловаларини узлуксиз интеграциялайди.

Юқорида қайд этилган жараёнлар Трампнинг Саудияга ташрифи давомида амалга оширган иқтисодий натижалари. Аммо у саудлар ҳузурида фақат иқтисод билан чекланмади. У 13 май кунидаги инвестиция форумида Сурияга қўйилган санкцияларни олиб ташланишини маълум қилди. Трампнинг бу эълони Дамашқ кўчаларида ўзига хос байрам ва хурсандчилик билан қарши олинди. Орадан бир кун ўтиб, 14 майда АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонига ташрифи давомида Сурия муваққат президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашди. Узоқ йиллар давомида Аҳмад аш-Шара АҚШ томонидан террорчи сифатида кўрилган. Қисқа қилиб айтганда, Шара ўтмишда унинг боши учун 10 миллион доллар тиккан мамлакат президенти билан жонли мулоқот қилишга эришди. Ҳатто мазкур учрашувдан сўнг, самолёт бортида журналистларнинг Шара ҳақида берган саволига Трамп уни оғир ўтмишга эга бўлган, ёш ва кучли йигит дея жавоб берди. Аслида икки ўртадаги учрашув Дональд Трампнинг Яқин Шарққа келиши маълум бўлганидан сўнг, расмий Дамашқ томонидан сўраб келинди. Трамп учрашиш таклифини қабул қилди ва улар ўртасида Саудия валиаҳди ҳамда онлайн тарзда Туркия президенти Эрдўған иштирокида суҳбат бўлиб ўтди. Ушбу учрашув икки мамлакат раҳбарлари ўртасидаги сўнгги 25 йил ичида биринчиси саналади. Учрашувда Трамп АҚШнинг Сурия бўйича санкцияларни бекор қилишини яна таъкидлаган. Бу қарор Саудия валиаҳд шаҳзодаси Муҳаммад бин Салмондан келган илтимосга биноан амалга оширилган. Трампнинг сўзларига кўра, санкциялар ўз мақсадига эришган ва энди Сурия тикланиш ва тараққиёт йўлида янги имкониятларга эга бўлиши керак. Аммо Трамп Сурияга мазкур совғани шунчаки бериб юбормагани табиий. “Nеw York Post” нашри хабарига кўра, АҚШ президенти Аҳмад аш-Шара билан учрашувда унга Иброҳим келишувларига қўшилиш ва бу орқали Исроилни тан олишни таклиф қилган.

Маълумот учун, Иброҳим келишувлари Трампнинг Исроил учун қилган энг катта хизмати ҳисобланади. Бу келишув у томонидан биринчи президентлик мандатининг сўнгги ойларида ташкил қилинган бўлиб, қатор араб давлатларининг Исроилни тан олиши ҳақидаги қарорларини ўз ичига олади. Иброҳим келишувлари доирасида Бирлашган Араб Амирликлари, Баҳрайн ва Марокаш яҳудий давлатини тан олган. Бу келишувларнинг номи эса яҳудийлар ва арабларнинг умумий аждоди, Библиядаги Иброҳимга нисбатан биродарликнинг ифодаси сифатида келиб чиққан. Аммо Саудия ва Сурия ҳозирча мазкур ташаббусда йўқ. Фақат ҳозирча. Чунки Саудияга ташриф чоғида Трамп саудларга ҳам шундай таклиф билан чиққан. Аммо қироллик оиласи Фаластиндаги можарони икки давлат ечими билан якунламаса, Исроилни тан олмаслигини кўп бор таъкидлаган. Сурия эса ортда қолган йиллар давомида Эрон таъсирида бўлгани боис Иброҳим келишувига қўшилиши амри маҳол эди. Эндиликда эса Дамашққа қўйилган санкцияларнинг бекор қилиниши ва Риёддан ундирилган 600 млрд долларлик инвестиция ҳамда унинг ичидаги тарихий қурол савдоси ортидан Иброҳим келишувига қўшилувчилар сафи кенгайса ажаб эмас. Хуллас, Трампнинг Саудияга ташрифи қатор соҳалардаги ҳамкорликни жонлантирди, рақамлар борасида рекордларни уриб ташлади. Аммо бу фақат бошланиши эди. Унинг Яқин Шарқдаги кейинги қадамлари мазкур рекордларнинг янгиланиши билан давом этди. Бу йўлда навбатдаги нуқталар Қатар ва БАА бўлди.

Қатар – 1,2 триллион

14 май куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонидаги расмий ташрифини якунлаб, Қатар мамлакатига ташриф буюрди. Уни Қатар Амири Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний аэропортда кутиб олди. Ташриф давомида Ғазо секторидаги вазият ва Қатар воситачилардан бири бўлган ҲАМАС ҳаракати ва Исроил ўртасидаги музокаралар муҳокама қилиниши кутилганди. Ташриф асосан унда имзоланган триллион долларлик битимлар билан кўпчиликнинг эътиборини ўзига тортди. Очиғини айтганда, Трампнинг Яқин Шарққа қилган турнеси давомида имзоланган келишувлар бу ердаги монархияларнинг АҚШга инвестиция ётқизишда бир-бири билан пойгага киришгандек таассурот қолдирди. Масалан, Саудия билан 600 миллиард долларлик битимлардан сўнг, Қатарда бу планка икки баробарга кўтарилди. Икки ўртада 1,2 триллион доллардан ортиқ қийматга эга иқтисодий ҳамкорлик тўғрисидаги шартнома имзоланди. Битим доирасида Қатар АҚШдан 210 дона Boeing 787 Dreamliner ва 777X самолётларини харид қилади. Қатар шунингдек, MQ-9 Reaper разведка ва ҳужумга мўлжалланган дронларини қарийб 2 миллиард долларга сотиб олади. Бундан ташқари кичик, секин ва паст баландликдаги дронларга қарши мўлжалланган тизимлар илк бор Қатарга экспорт қилинишига келишилди ва бу битимнинг қиймати 1 миллиард долларни ташкил қилади. Ушбу муҳим келишувлар орасида энг йириги Қатар томонидан Boeing компаниясининг 160 дан ортиқ самолётини харид қилишга оид шартнома бўлди. Битим қиймати қарийб 200 миллиард долларни ташкил этади. Трампнинг таъкидлашича, бу Boeing тарихидаги энг йирик буюртма. Унинг қўшимча қилишича, мазкур учрашув бир неча соат давом этган ва жуда қизиқарли ўтган. У Қатар амири билан Россия ва Украина атрофидаги вазиятни муҳокама қилган. Чунки бу борада, худди Ғазодаги каби  Қатар жуда муҳим роль ўйнамоқда. Икки етакчи учрашув давомида Эрон масаласига ҳам тўхталган. Трамп, Қатарнинг Доҳа шаҳрида бўлиб ўтган бизнес-давра суҳбатида Яқин Шарқ бўйича вакили Стив Уиткофф ва Эрон ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи ўртасидаги музокараларни “жуда жиддий” деб таърифлади ва улар ривожланишда давом этишини айтди.

Маълумот ўрнида шуни қайд этиш жоизки, жорий йил апрель ойида 3 раундли Теҳрон ва Вашингтон ўртасидаги ядровий музокаралар бўлиб ўтди. Унинг 2 таси Уммонда, бири эса Римда ташкил этилди. Қизиғи шундаки, бу музокаралар Эрон талаби билан бевосита эмас, балки билвосита ўтказилди. Бундай учрашувнинг ўзига хослиги шундаки, воситачи ролидаги давлат вакили, масалан Уммондан бирон бир ваколатли шахс дастлаб Эрон делегацияси билан бир неча дақиқа суҳбат қилади ва эронликлар ўтирган хонадан чиқиб, уларнинг талаб ва истакларини бошқа хонада ўтирган америкаликларга етказади. Шу тахлит воситачи икки хона ўртасида бир неча бор қатнайди. Масалан, Уммондаги биринчи раундда воситачи шахс икки томон орасида 4 маротаба қатнагани айтилганди. Апрель охирига келиб эса Уммон пойтахти Маскат шаҳрида Эрон ва АҚШнинг ядровий келишув бўйича музокараларнинг учинчи раунди икки томоннинг экспертлари ўртасида бўлиб ўтди ва у етти соатдан ортиқ давом этди. Мутахассислар бу раундни техник музокараларнинг мураккаброқ босқичи сифатида баҳоладилар, чунки Вашингтон бунда ўз шартларини белгилаши лозим эди. Муҳокамалардан мақсад санкцияларни юмшатиш эвазига Эроннинг ядровий қурол ишлаб чиқаришни тўхтатувчи янги келишувга розилик беришига эришиш эди. Эрон олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг юқори даражадаги сиёсий, ҳарбий ва ядровий маслаҳатчиси Али Шамханий бундан сал аввал NBC News’га Теҳрон унга қўйилган барча санкциялар зудлик билан ечилиши эвазига юқори даражада бойитилган уран захираларидан воз кечишга тайёрлиги, урандан фақат фуқаролик инфратузилмасида фойдаланиш учун зарур бўлган қуйи даражада бойитишга розилиги ва халқаро инспекторларга уни назорат қилишга рухсат беришини маълум қилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Аммо орадан кўп ўтмай, Ароқчи Теҳроннинг уранни бойитиш қобилияти Эрон халқининг асосий ҳуқуқи экани ва бу ядровий музокараларда қизил чизиқ бўлиб қолганини айтди. Ароқчи бу Эрон халқига тегишли ҳуқуқ ва уни ҳеч ким тортиб ололмайди, дея таъкидлади. Эрон президенти Масъуд Пезешкиён эса Эрон халқининг ор-номуси ҳеч қандай ҳолатда сотилмаслигини билдирди. Трамп бўлса, ўзининг талаблари жуда содда эканини иддао қиляпти. У Эронга жуда қисқа месеж йўллади. АҚШ президентига кўра, у Эронга келишув бўйича 30 саҳифали тафсилотларни бериши шарт эмас ва Теҳрон шунчаки ядро қуролига эга бўлмаслиги лозим, вассалом.

БАА – 1,4 триллион доллар

Қатарни тарк этган Трамп, 15 май куни расмий давлат ташрифи билан Бирлашган Араб Амирликларининг Абу-Даби шаҳрига етиб борди. Трамп ва унинг ҳамроҳлигидаги делегацияни аэропортда БАА Президенти Шайх Муҳаммад бин Зайд Ол Наҳаён кутиб олди. Шунингдек, унга пешво чиққанлар орасида Абу-Даби валиаҳди, миллий хавфсизлик масалалари бўйича маслаҳатчи шайх Таҳнун бин Зайд Ол Наҳаён, Вазирлар Маҳкамаси раиси ўринбосари ва Ташқи ишлар вазири шайх Абдуллоҳ бин Зайд Ол Наҳаён, Президент маслаҳатчиси шайх Муҳаммад бин Ҳамад бин Таҳнун Ол Наҳаён, Президент идорасининг стратегик масалалар бўйича раҳбари, доктор Аҳмад Муборак ал-Мазруи, БААнинг АҚШдаги элчиси Юсуф ал-Утайба ва бошқа юқори мартабали амалдорлар бўлган. Трамп шарафига президент саройи Қаср ал-Ватан ҳовлисида расмий қабул маросими ўтказилиб, узун сочли аёллар томонидан “халижий” деб аталувчи соч рақси ижро этилди. Айнан шу тарзда улар АҚШ Президентини қарши олди. “Халижий” рақсига тўхталадиган бўлсак, рақс номи араб тилида “кўрфаз” деган маънони билдиради, чунки бу рақс Форс кўрфази мамлакатларида кенг тарқалган. Маълумотларга кўра уни фақат расмий тадбирлардагина эмас, балки тўйларда ҳам ижро этишади. Кўриб турганингиздек, рақс давомида раққосалар бошларини пастга эгиб, сочларини силкитади.

Аммо бу ташрифнинг асосий тафсилоти эмас. Трампнинг Наҳаёнлар оиласи билан музокараларидаги асосий нуқта БАА кейинги 10 йилда АҚШга 1,4 триллион доллар сармоя киритиши ҳақидаги хабар бўлди. Aл Наҳаян билан учрашувдан сўнг берган баёнотида Трамп БААга бундай миқдордаги сармоя учун миннатдорлик билдирди. АҚШ президенти бу инвестициялар сунъий интеллект соҳасини ривожлантиришга хизмат қилишини қайд этди. Унинг сўзларига кўра, АҚШ иқтисоди президент сифатидаги биринчи муддатида яхши ҳолатда эди ва бу унинг иккинчи муддати давомида янада яхшиланади. АҚШ ва БАА муносабатлари яхшиланишига ишонч билдирган Трамп Ал Наҳаёнга: “Сен бой давлатсан, ўз танловингни қила оласан, лекин биламанки, биздан ҳеч қачон воз кечмайсан”, деган. Бу Трампнинг бир неча йил илгари Саудия қиролига айтган гапларини эслатиб юборди. Ўшанда Трамп омма олдида қиролга “мен бўлмасам бир кунда қулайсан” деб айтганини ошкор қилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Истанбул Россия Туркия Дональд Трамп Саудия Арабистони Ҳиндистон Покистон Путин Украина БАА Қатар Мексика Исроил Илон Маск Америка Жаред Кушнер Абу-Даби Ғазо ҲАМАС Шарқий Европа Шайх Тамим бин Ҳамад Ол Соний Ар-Риёд Савдо уруши Al Arabiya IBM Арвинд Кришна Муҳаммад бин Зайд Ол Наҳаён

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг