Трампнинг Ғазони эгаллаш ғоясини дунё қандай қабул қилди?
Олам
−
06 Февраль
7916АҚШнинг иттифоқчилари ҳам, душманлари ҳам Президент Дональд Трампнинг Ғазо секторини Вашингтонга топшириш ва 2 миллион фаластинликни мажбуран бошқа мамлакатларга кўчириш, бу ҳудудни “Яқин Шарқ Ривьераси”га айлантириш ҳақидаги таклифини қоралади. Трамп бу ҳақда 4 февраль куни кечқурун Оқ уйда Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху иштирокидаги матбуот анжуманида айтиб ўтганди.
Бунга деярли ҳамманинг муносабати салбий бўлди. Британия, Хитой, Германия, Ирландия, Россия ва Испания мустақил Фаластин давлати, жумладан Ғазо сектори ва Ғарбий Соҳил Исроил билан бирга яшашини кўзда тутувчи икки давлат ечимини қўллаб-қувватлашини эълон қилди. Нетаньяху ҳукумати концепцияни рад этишига қарамай, ўн йилликлар давомида Яқин Шарқдаги можаро ва урушга барҳам бериш учун икки давлат ечими узоқ вақтдан бери АҚШнинг минтақадаги сиёсатининг асоси бўлиб келган.
АҚШнинг Яқин Шарқдаги асосий иттифоқчиларидан бири бўлган Саудия Арабистони мустақил Фаластин давлатини қўллаб-қувватлаши ׅ“қатъий, мустаҳкам ва ўзгармас” бўлиб қолаётганини таъкидлаб, кескин баёнот билан чиқди.
Австралия Бош вазири Энтони Альбанезе ҳам икки давлат қарорига содиқлигини ваъда қилди:
“Австралиянинг позицияси ўзгаришсиз қолмоқда – бугун эрталаб, бир йил олдин, ўн йил олдин”.
Нетаньяху эса Трампнинг ташаббусини қўллаб-қувватлаб, урушдан кўзланган мақсадлардан бири ҲАМАСдан Исроилга таҳдидни бартараф этиш эканини айтди. Бироқ, унинг сўзларига кўра, Трамп “нарсаларни бутунлай янги босқичга кўтармоқда”.
“Менимча, бу тарих йўналишини ўзгартириши мумкин ва бу ўрганишга арзийдиган йўл. Биз натижалардан жуда мамнунмиз”, деб қўшимча қилди Нетаньяху.
Трамп эса, ўз навбатида, икки давлат яратиш бўйича ўз позицияси ҳақидаги саволга жавоб беришдан қочди. Унинг сўзларига кўра, унинг режасининг “икки давлат ечими, бир давлат ечими ёки бошқа нарса билан ҳеч қандай алоқаси йўқ”.
Фаластинликлар ва Яқин Шарқ давлатларининг реакцияси
Фаластин маъмурияти раҳбари Маҳмуд Аббос БМТни “Фаластин халқи ва унинг ажралмас ҳуқуқларини ҳимоя қилишга” чақириб, Трамп таклифини амалга ошириш “халқаро ҳуқуқнинг жиддий бузилиши” бўлишини айтди.
ҲАМАС эса Трампнинг ташаббусини “минтақадаги тартибсизлик ва кескинлик рецепти” деб баҳолади. Трумп Ғазони АҚШ назорати остига олишни таклиф қилишдан олдин ҳам, Миср ва Иордания унинг фаластинликларни ўз ҳудудларига жойлаштириш ғоясини рад этишган.
Миср Ташқи ишлар вазирлиги Ғазони қайта қуриш “фаластинликларни кўчирмасдан” амалга оширилиши кераклигини айтди.
Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Инсон ҳуқуқлари олий комиссари Фолькер Турк, Исроил томонидан ишғол қилинган Ғазо секторидан одамларнинг депортациясининг ноқонуний эканлигини айтди.
“Яқинда Халқаро суд томонидан яна бир бор таъкидланганидек, ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқи халқаро ҳуқуқнинг асосий тамойили бўлиб, унга барча давлатлар амал қилиши керак. Одамларни босиб олинган ҳудуддан ҳар қандай мажбуран кўчириш ёки депортация қилиш қатъиян ман этилади”, дея қайд этган Турк.
Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош котиби Антониу Гутерриш ўз нутқида шундай деди:
“Ечимларни излашда муаммони янада кучайтирмаслик керак. Халқаро ҳуқуқ тамойилларига амал қилиш, этник тозалашнинг ҳар қандай кўринишига йўл қўймаслик зарур”, деди у.
Бироқ Трамп матбуот анжуманида Иордания қироли Абдулла II ва Миср Президенти Абдул Фаттоҳ ас-Сиси охир-оқибат унинг таклифига рози бўлишларини айтди.
“Улар дилларини очиб, бу режани амалга оширишимиз учун зарур бўлган ерни бизга берадилар, одамлар ҳам аҳил, тинч-тотув яшашади”, деди Трамп.
Трампнинг таклифи унинг икки ҳафта аввал президентликка келганидан кейин Яқин Шарққа оид биринчи йирик сиёсий баёноти бўлди. Унинг сўзларига кўра, Ўртаер денгизи соҳилида турли мамлакатлардан келган одамлар аҳил-иноқ яшаши мумкин бўлган курорт қуриш мумкин.
Бироқ, Фаластин расмийларига кўра, 47 мингдан ортиқ одам ҳалок бўлган Исроилнинг 15 ойдан ортиқ давом этган бомбардимонидан сўнг Ғазонинг катта қисми ҳозир харобага айланган. Исроил армиясининг даъво қилишича, ҳалок бўлганлар орасида ҲАМАСнинг 17 минг жангчиси бор.
Трамп ташаббуси жанговар ҳаракатларни тўхтатган олти ҳафталик оташкесим фонида янгради. Сулҳ вақтида ҲАМАС 18 нафар гаровдагиларни озод қилди, Исроил эса бунга жавобан юзлаб фаластинлик маҳбусларни озод қилди.
Трамп Ғазода “чексиз иш ўринлари”ни ваъда қилди
Матбуот анжуманида Трамп Қўшма Штатлар Ғазога эгалик қилиши, уни ўзлаштириши ва ҳақиқатан ҳам ажойиб ҳудуд бўладиган минглаб иш ўринларини яратишини ҳам айтди:
“АҚШ Ғазо секторини назорат қилади ва у билан ишлайди. Биз бу ерга эгалик қиламиз, портламаган бомбалар ва бошқа қуролларни йўқ қилиш билан шуғулланамиз, вайрон бўлган биноларни вайрон қиламиз ва чексиз иш ўринлари билан таъминлайдиган иқтисодиёт яратамиз. Мен гаплашганларнинг барчаси бу ғояни қўллаб-қувватламоқда – Қўшма Штатлар бу ерга эгалик қилади, уни ўзлаштиради ва ҳақиқатан ҳам ажойиб ҳудуд бўладиган минглаб иш ўринларини яратади".
Трамп Ғазо устидан назоратни аниқ қандай ўрнатишни режалаштираётганига аниқлик киритмади, бироқ Америка қўшинларини юборишни ҳам истисно этмади.
"Агар керак бўлса, биз буни қиламиз. Биз бу ҳудудни эгаллаб, ривожлантирамиз”, деди у.
Оқ уй изоҳи
Оқ уй матбуот котиби Кэролайн Ливитт кеча, 5 февраль куни Трамп “Ғазога қўшин юбориш мажбуриятини олмаганини” айтди.
“Қўшма Штатлар Ғазони қайта тиклаш учун пул тўламайди. Бу ноанъанавий ғоя... Унинг мақсади Яқин Шарқда минтақадаги барча халқлар учун мустаҳкам тинчликка эришиш”, деди у.
Трампнинг Ғазо устидан назоратни ўз қўлига олиш таклифи унинг минтақадаги Америка ҳарбийлари мавжудлиги ҳақидаги олдинги танқидларидан сезиларли даражада фарқ қилди.
Унинг сўзларига кўра, у Ғазога “узоқ муддатли эгалик қилиш” имкониятини кўриб чиқмоқда, бу эса “Яқин Шарқнинг бу қисмига ва балки бутун минтақага ажойиб барқарорлик” олиб келади.
"Бу шошилинч қарор эмас эди", деди у.
АҚШ ичидаги реакция
АҚШнинг бир қанча қонунчилари Трамп танқидчилари сафига қўшилди. Демократик сенатор Крис Кун Президентнинг баёнотини “ҳақоратли, ақлдан озган, хавфли ва кулгили” деб атади.
“Дунёнинг қолган қисми бизнинг ишончли ҳамкор эмаслигимизга ишонади, чунки Президентимиз ақлдан озган таклифлар қилади”, дейди у.
Асли фаластинлик бўлган вакил Рашида Тлаиб Трампнинг Ғазонинг бутун аҳолисини кўчириш ғоясини “этник тозалашга очиқ чақириқ” деб атади.
Бироқ Трамп тарафдори депутат Ненси Мейс ҳазил билан Трампнинг Флоридадаги қароргоҳига ишора қилиб, “Ғазони Мар-а-Лагога айлантирайлик” деди.
Вакиллар палатаси спикери Майк Жонсон Президент ташаббусини қўллаб-қувватлади.
“Биз тафсилотларни кўриб чиқмоқдамиз, аммо бу яхши қадам деб ҳисоблаймиз”, деди у.
Сенатдаги кўпчилик етакчиси Жон Тун “Трамп тинч ва хавфсиз Яқин Шарқни кўришни истайди ва баъзи ғояларни илгари сурди” дея нейтрал позицияни эгаллади.