Трампни аҳмоққа чиқарган собиқ маслаҳатчига жиноят иши очилди
Олам
−
18 Октябрь 2025 4074 3 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трампнинг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтонга нисбатан махфий ҳужжатлардан нотўғри фойдаланганлик айблови бўйича жиноят иши қўзғатилди. Бу ҳақда мамлакат Адлия вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, жиноят ишида жами 18 банд бор. Уларнинг 10 таси “махфий” тамғаси остидаги ҳужжатларни ноқонуний сақлашга, яна 8 таси эса махфий маълумотларни учинчи шахсларга ошкор этишга тааллуқли. Ҳар бир банд бўйича 76 ёшли Болтонни 10 йилгача озодликдан маҳрум этиш жазоси кутмоқда.
Прокуратурага кўра, 2018 йилдан бошлаб Болтон ўз лавозимидан фойдаланиб, икки қариндоши билан ишга оид маълумотларни шахсий электрон почтаси ва махсус яратилган “Келажак кундалиги” номли чат орқали баҳам кўрган. 2021 йилда эронлик хакерлар унинг аккаунтига кириш ҳуқуқини қўлга киритган ва оқибатда мингдан ортиқ саҳифалик ёзувлар, жумладан, АҚШнинг “хорижий рақиблари” ҳамда Оқ уй учрашувлари ва разведка брифингларида олинган махфий маълумотлар уларнинг қўлига тушган. Айблов ҳужжатларида Болтон Федерал қидирув бюросига (ФҚБ) хакерлик ҳужуми ҳақида хабар бергани, бироқ махфий маълумотлар ўғирланган бўлиши мумкинлигини огоҳлантирмагани қайд этилган. Шунингдек, прокуратура уни уйида давлат сири бўлган ҳужжатларни ноқонуний сақлаганликда айбламоқда.
Жорий йилнинг 22 август куни ФҚБ Болтоннинг Вашингтондаги уйи ва офисида тинтув ўтказганди. 17 октябрда эса у расмий айбловлар эълон қилингач, судга ўз ихтиёри билан келган. Ҳимоя томони айбловлар Болтон 45 йиллик фаолияти давомида юритган шахсий кундаликларининг айрим бўлакларига асосланганини айтмоқда. Унинг адвокати Эбб Лоуэллга кўра, бу ёзувларда махфийлик белгиси бўлмаган.
Болтон ўзини айбсиз деб ҳисоблашини билдириб, содир бўлаётган воқеаларни “Трампни танқиди қилишига жавобан сиёсий тазйиқ, Сталиннинг НКВД услубларидаги таъқиб” деб атаган.
“Мен ўз қонуний ҳаракатларимни ҳимоя қилиш ва унинг ҳокимиятни суиистеъмол қилганини фош этиш имконини сабрсизлик билан кутяпман”, дейди у.
Шунингдек, Болтон Трамп 2020 йилги сайловлар арафасида унинг “The room where it happened: a White House memoir” (“Бу содир бўлган хона: Оқ уй хотиралари”) номли мемуарини чоп этилишидан тўхтатишга уриниб, аммо бунга эриша олмаганини эслатган. Мазкур китобда Трамп “аҳмоқ” сифатида тасвирланган. Шунингдек, мемуарда Трамп Болтонга “Финляндия Россиянинг бир қисми эмасми?” ёки “Буюк Британияда ядровий қурол борми?” деган саволлар бергани ёзилган.
Трамп эса журналистларга бу айбловлар ҳақида биринчи марта эшитаётганини айтиб, Болтонни “ёмон одам” деб атаган. Шундай қилиб, Болтон сўнгги ҳафталарда жиноят иши очилган Трамп танқидчиларининг учинчисига айланган. Бунгача худди шундай айбловлар ФҚБнинг собиқ директори Жеймс Коми ва Нью-Йорк бош прокурори Летиция Джеймсга нисбатан ҳам илгари сурилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Федерал қидирув бюроси агентлари Жон Болтоннинг уйида тинтув ўтказгани ҳақида хабар берилганди.