Трамп Жапаров билан ҳам музокара ўтказди
Олам
−
07 Ноябрь 2025 3189 2 дақиқа
Кеча, 6 ноябрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров Вашингтон шаҳрида АҚШ раҳбари Дональд Трамп билан музокара ўтказди. Бу ҳақда Жапаровнинг матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Қирғизистон ва АҚШ ўртасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари, сиёсий алоқалар, молиявий технологиялар ҳамда сунъий интеллект соҳаларидаги ҳамкорлик истиқболлари муҳокама қилинган.
Жапаровнинг таъкидлашича, Қирғизистон бошқа давлатлардан фарқли равишда нефть ва газ захираларига эга бўлмаса-да, мамлакатнинг энг катта бойлиги бу – билимли ёшлар. Унга кўра, қирғиз ёшларининг аксарияти IT йўналишини фаол ўрганмоқда.
Президент, шунингдек, АҚШ Президенти Дональд Трамп томонидан қабул қилинган ва дунёдаги энг илғор ҳуқуқий ҳужжатлардан бири сифатида баҳоланаётган стабилкоинларни тартибга солувчи Genius Act қонунига ҳам эътибор қаратган.
Жапаров Қирғизистонда рақамли молиявий воситаларни жорий этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида гапирган. Хусусан, миллий стабилкоин – KGST ишга туширилгани ва давлат крипто-резервини яратиш бўйича ишлар олиб борилаётгани айтилган.
Ўз навбатида, Дональд Трамп Садир Жапаровни самимий кутиб олиб, икки давлат муносабатлари изчил ривожланиб бораётганини таъкидлаган. АҚШ Президенти юқори даражадаги конструктив мулоқот келгусида ҳамкорликни янада кенгайтиришга хизмат қилишига ишонч билдирган.
Маълумот учун, Қирғизистон ҳукуматининг расмий миллий стаблкоини KGST деб аталади. У давлат томонидан назорат қилинади ва қиймати миллий валюта ёки активлар билан таъминланади, шу сабабли курси кескин ўзгариб кетмайди. KGST’нинг асосий мақсади мамлакат ичида рақамли тўловларни соддалаштириш, пул айланишини тезлаштириш ва финтеч соҳасини ривожлантиришдир. Уни давлат хизматлари, савдо ва электрон тўловларда қўллаш режалаштирилган. KGST учун махсус ҳамён ва блокчейн тизими ишлаб чиқилмоқда. Президент Садир Жапаров бу орқали давлатнинг крипто-резерви шакллантирилишини ҳам маълум қилган. Лойиҳа Қирғизистонни Марказий Осиёда рақамли иқтисодиёт бўйича илғор давлатлардан бирига айлантиришни кўзлайди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам Вашингтон шаҳрига амалий ташрифи доирасида Оқ уйда Америка Қўшма Штатлари Президенти Дональд Трамп билан учрашув ўтказганди.
Live
Барчаси