Трамп инқирозларни ҳал қилиш учун “тарихий тезликда” ҳаракат қилишга ваъда берди
Олам
−
20 Январь
2265АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп Украинадаги можарони якунлаш ва учинчи жаҳон урушининг олдини олишга ваъда берди. Бу ҳақда у кеча, 19 январь куни АҚШ пойтахти Вашингтонда тарафдорлари билан бўлган митингда сўз очди.
“Эртадан бошлаб мен тарихий тезлик ва куч билан мамлакатимиз дуч келадиган ҳар қандай инқирозни ҳал қилиш учун ҳаракат қиламан. Мен Украинадаги урушни тугатаман. Яқин Шарқдаги бетартибликни тўхтатаман ва учинчи жаҳон урушининг олдини оламан”, деди Трамп.
Республикачи сиёсатчи иккала минтақадаги жанговар ҳаракатларни аниқ қачон тугатиши мумкинлигини айтмаган. Унинг сўзларига кўра, глобал қуролли можаролар хавфи яқинлашиб бормоқда. Трамп, шунингдек, АҚШ чегараларини ҳимоя қилишни кучайтиришни, шу орқали фуқароларни ҳимоя қилишни режалаштираётганини билдирган. Бундан ташқари, у олдин берган ваъдасини такрорлаб, мамлакатдан миллионлаб мигрантларни чиқариб юборишини айтган.
“Кўп йиллар давомида биз бошқа давлатларни мустаҳкамладик, уларнинг чегаралари ва ҳудудларини ҳимоя қилдик. Энди ниҳоят ўз мамлакатимизни қуришни бошлаймиз, чегараларимизни ҳимоя қиламиз ва асраймиз”, деди сиёсатчи.
АҚШнинг сайланган президенти олдинроқ агар ўша пайтда Жо Байден ўрнига президент бўлганида Украинадаги уруш ҳеч қачон бошланмаслигини айтганди. У, шунингдек, қайта сайланган тақдирда ушбу масалани ҳал қилишга эришишини ваъда қилган. Хусусан, сайловолди кампанияси давомида у Москва ва Киев ўртасидаги можарони бир кунда ҳал қилишни режалаштираётганини билдирган.
Украина Президенти Владимир Зеленский эса Трамп можаронинг ҳал этилиши жараёнида Украинага реал хавфсизлик кафолатларини бера олишига умид қилмоқда. Шунингдек, Киев НАТОга таклиф қилинишини талаб қилмоқда.
Россия Президенти Владимир Путин эса Украинанинг НАТОга аъзо бўлишдан воз кечишини Москва билан музокаралар бошлаш ва ўт очишни тўхтатишнинг шартларидан бири сифатида айтган. Бундан ташқари, у Киев ўз қўшинларини Донецк Луганск, Херсон ва Запорожье вилоятларидан олиб чиқиши, ядро қуролидан воз кечиши, Россияга қарши санкциялар бекор қилиниши ҳамда Қрим ва янги ҳудудларни Россия таркибида халқаро миқёсда тан олиниши зарурлигини таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Дональд Трампнинг жамоаси унинг Россия Президенти Владимир Путин билан Украинадаги урушни тугатиш вариантларини муҳокама қилиш учун учрашувига ҳозирлик кўраётгани хабар қилинган эди.
LiveБарчаси