Трамп Си Цзиньпиндан медиа магнатни озод қилишни сўради

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп ўтган ҳафта Жанубий Кореяга қилган ташрифи чоғида Хитой раҳбари Си Цзиньпиндан Гонконгда қамоқда бўлган медиа-тадбиркор Жимми Лайни озод қилишни сўраган. Бу ҳақда музокаралар ҳақида хабардор бўлган уч киши ва АҚШ маъмуриятининг бир расмийсига таяниб, “Reuters” хабар берди. 

Маълумотларга кўра, Трамп Лайнинг озод қилиниши бўйича аниқ келишув таклиф этмаган, аммо унинг соғлиги ва узоқ давом этган миллий хавфсизлик бўйича суд жараёнидан кейинги ҳолати ҳақида умумий ташвишини билдирган. Бир манбанинг сўзларига кўра, Трамп бу масалага тахминан беш дақиқа вақт ажратган.

“Президент Трамп ваъда қилганидек, Жимми Лай ишини кўтарди. Президент Трамп ва Президент Си мазкур масала бўйича фикр алмашди”, деди АҚШ маъмурияти расмийси. 

Учинчи манба ҳам буни тасдиқлаб, “бу масала Трамп томонидан кўтарилгани ва Си томонидан қайд этилгани”ни билдирди. Унинг айтишича, Трамп Лайни озод қилиш АҚШ–Хитой муносабатлари учун фойдали бўлишини ва Пекиннинг халқаро имижига ижобий таъсир кўрсатишини таъкидлаган.

Трампнинг тўғридан тўғри аралашуви Лайнинг суд ҳукмини кутиб турган бир пайтга тўғри келди. Бу суд жараёни Гонконгда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларга қарши Хитойнинг қаттиқ назоратининг рамзи сифатида кўрилмоқда.

Жимми Лай — демократия тарафдори бўлган, ҳозир фаолияти тўхтатилган “Apple Daily”* газетасининг асосчиси. У иккита “чет эл кучлари билан тил бириктириш” айблови ва “исёнкор материаллар тарқатишда тил бириктириш” айблови бўйича айбдор эмаслигини айтган.

Трамп музокаралар олдидан бу масалани кўтариш ниятида эканини айтган эди, аммо музокаралардан кейин икки тараф ҳам бу ҳақда расмий баёнот бермаган. Оқ уй ҳам бу масала ҳақида изоҳ беришдан бош тортган.

Вашингтондаги Хитой элчихонаси расмии Лиу Пенгю эса музокаралар пайтида Лай ҳақидаги маълумотлардан хабардор эмаслигини билдириб, шундай деган:

“Жимми Лайнинг жиноятлари Гонконгнинг фаровонлиги ва барқарорлигига жиддий зарар етказган. Суд жараёнига аралашиш ёки ҳуқуқ устуворлигини заифлаштиришга уринишлар муваффақиятсизликка учрайди”.

Гарчи Лай Британия фуқароси бўлса ҳам, унинг иши Вашингтон ва Пекин ўртасидаги муносабатларда тортишув манбаи бўлиб келмоқда. Трамп сайловолди кампанияси вақтида “Лайни 100 фоиз озод қиламан” деб ваъда берган эди.

Лайнинг ўғли Себастьен Лай Трампка миннатдорчилик билдирди ва отасининг озод қилинишига умид билдирди:

“Президент Трамп – Эркинлик раҳбари сифатида танилган. Унинг қўллаб-қувватлаши Си Цзиньпинни отамни озод қилишга ишонтиради, деб умид қиламан”,  деди у баёнотида.

Трамп Си билан бўлган музокараларни “мувофақиятли” деб баҳолади, хусусан, нодир металлар экспорти ва фентанил моддаси ишлаб чиқаришда фойдаланиладиган кимёвий моддалар экспортини чеклаш бўйича “катта ютуқлар” ҳақида гапирди. Унинг айтишича, музокаралар давомида Тайвань масаласи кўтарилмаган.

Жимми Лай 1 700 кундан ортиқ вақтдан бери якка камерада сақланаётгани ҳақида унинг оиласи ва ҳуқуқ ташкилотлари маълум қилган. Хитой ва Гонконг расмийлари эса суд жараёни адолатли кечаётганини таъкидламоқда.

Гонконг — Британия мустамлакасидан бўлган собиқ ҳудуд бўлиб, у ҳануз Коммон Ло тизимига асосланган мустақил суд тизимига эга. Шу сабабли, Лай материк Хитойдаги айбланувчиларга нисбатан кенгроқ ҳуқуқий кафолатларга эга.

Лай ҳозирда Лай Чи Кок қамоқхонасида ҳукмни кутиб турибди. Агар айбдор деб топилса, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин. Унинг адвокатлари маълум қилишича, у юрак уришининг беқарорлиги билан азият чекмоқда ва унга юрак монитори ҳамда дори воситалари берилмоқда.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Дональд Трамп Хитой Си Цзиньпин Гонконг Жимми Лай

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг