Трамп Оқ уйда ўтказган тадбирда расмий шахс хушидан кетди (видео)
Олам
−
07 Ноябрь 2025 11523 2 дақиқа
Кеча, 6 ноябрь куни Оқ уйда АҚШ Президенти Дональд Трамп иштирокида ўтган тадбирда вазн ташлаш учун мўлжалланган дори воситаларига оид янги келишув эълон қилинган пайтда фармацевтика соҳаси вакили турган ҳолда ҳушини йўқотиб, ерга ўтириб қолди. Ҳодиса жонли эфирда намойиш этилди.
Аввалига хабарларга кўра, бу шахс Novo Nordisk компанияси вакили Гордон Финлай деб маълум қилинган, аммо компания кейинчалик бу маълумотни рад этди.
Ҳодисани кўрган журналистларнинг таъкидлашича, Medicare ва Medicaid хизматлари марказлари раҳбари доктор Меҳмет Оз бу инсонни ерга тўғри ётқизиб, унинг боши жароҳатланишининг олдини олган. Журналистлар Оқ уйдан чиқарилганидан сўнг, вазирлар ва тиббий гуруҳ инсонга ёрдам кўрсатиб, унинг оёқларини кўтарган.
Оқ уй матбуот котиби Каролин Ливитт баёнот бериб, шундай деди:
“Президентнинг “Энг афзал мамлакатлар” (Most Favored Nations) дастури бўйича баёноти вақтида компания вакилларидан бири ҳушини йўқотди. Оқ уй тиббий хизмати тезлик билан чора кўрди ва бу киши ҳозир яхши. Матбуот анжумани яқин вақтда қайта бошланади”.
Анжуманда Novo Nordisk ва Eli Lilly компаниялари раҳбарлари қатнашди. Улар Трамп маъмурияти билан биргаликда GLP-1 туркумидаги вазн ташлаш дориларини арзонлаштириш бўйича келишувга эришган.
Келишувга кўра, дорилар “TrumpRx” деб номланган янги ҳукумат веб-сайти орқали бевосита аҳолига таклиф этилади. Сайт келаси йил ишга тушиши кутилмоқда.
Таблетка шаклидаги дори воситалари АҚШ Овқат ва дори воситалари маъмурияти (FDA) тасдиқлаганидан сўнг ойига $149 нархда сотувга чиқади.
GLP-1 препаратлари эса диабет каби касалликларни даволаш учун Medicare ёки Medicaid дастурлари орқали фойдаланувчи беморлар учун ойига $245 бўлади.
Соғлиқни сақлаш вазири кичик Роберт Ф. Кеннеди бу келишувни ижобий баҳолаб, шундай деди:
“Семизлик – камбағалликнинг оқибати. Бу дори воситалари аввал фақат бойлар учун мавжуд эди. Энди эса имкони бўлмаганлар ҳам улардан фойдаланиш имкониятига эга бўлади”.
Доктор Оз, ўз навбатида, келаси йилга бориб, америкаликлар жами бўлиб 135 миллиард фунт вазн йўқотишларини кутаётганини айтди.
Live
БарчасиАлиев ишчи ташриф билан БААга борди
02 Февраль