Трамп оиласидаги парокандалик: Собиқ Президент жиянини судга берди
Олам
−
22 Сентябрь 2021
6544АҚШнинг собиқ Президенти Дональд Трамп жияни Мэри Трамп ва “The New York Times” газетасини оиласининг махфий маълумотларини ошкор қилиш тақиқини бузгани учун судга берди. Бу ҳақда “Интерфакс” нашри хабар тарқатди.
Қайд этилишича, мақола 2018 йилда чоп этилган бўлиб, унда журналистлар Трампнинг шахсий бойлиги ҳақидаги даъволарини рад этишга ҳаракат қилган. Манбанинг ёзишича, собиқ Президентнинг отаси тадбиркор Фред Трамп 413 миллион долларни, жумладан, солиқларни тўлашдан бўйинтовлаб орттирилган пулларини ўғлига қолдирган.
Собиқ Президентнинг жияни эса Трамп оиласи ҳақида китоб ёзган ва чоп эттирган. Мэри китобида “The New York Times” чоп этган мақоланинг манбаси ўзи эканини айтган.
Маълум қилинишича, ҳозирда Трамп даъво аризасида 100 миллион доллар товон пули талаб қилмоқда. Чунки унинг жияни 2001 йилдаги махфий маълумотларни ошкор қилмаслик тўғрисидаги шартномани бузган ва Трампнинг шахсий бойлиги ҳақидаги ҳужжатларни газетага берган.
Трамп, шунингдек, журналистларни маълумотларни тарқатиш ҳақидаги тақиқни била туриб, уларни Мэридан шахсий манфаатлари учун олганликда айбламоқда.
Маълумот ўрнида, 2020 йилда Мэри Трамп Дональд Трамп ва унинг оила аъзоларининг устидан судга арз қилиб, уларни бобосининг меросини тақсимлашда фитнага йўл қўйганликда айблаган. Мэри Трамп ўз даъвосида Дональд Трамп, унинг синглиси Мариэнн Трамп Барри ва 2020 йил августда вафот этган акаси Роберт Трамп уни 1999 йилда вафот этган Фред Трампдан қолган меросни тақсимлашда фитна уюштирганини айтган.
2020 йил июль ойида Мэри Трамп “Жуда кўп, лекин ҳеч қачон етарли эмас: менинг оилам дунёдаги энг хавфли одамни қандай яратди” номли китобни чоп этган. Асарида у Дональд Трампнинг болалиги ва ўсмирлиги ҳақидаги маълумотларга асосланган психологик портретини тақдим этган.
Роберт Трамп бу китобнинг нашр этилишига тўсқинлик қилишга уриниб, даъво аризаси билан мурожаат қилиб, суддан нашр этишни тақиқлашни талаб қилган. Нью-Йорк суди буни қаноатлантирган, лекин кейинчалик апелляция суди қарорни бекор қилган, чунки нашриёт китобнинг бир неча минг нусхасини чоп этиб бўлганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь