Трамп Ливан бўйича сулҳга эришмоқчи
Олам
−
16 Ноябрь
1584АҚШнинг сайланган президенти Дональд Трамп кеча, 15 ноябрь куни Исроилнинг Стратегик режалаштириш вазири Рон Дермер билан ўтказилган брифингдан сўнг Ливандаги уруш ҳаракатларини тўхтатиш бўйича розилик берди. Бу ҳақда “The Irish times” хабар берди.
Қайд этилишича, келишув лойиҳасида “Ҳизбуллоҳ” ташкилоти Исроил чегарасидан тахминан 30 километр узоқликда жойлашган Литани дарёсининг шимолий қисмига чекиниши кўзда тутилган.
“The Wаll Street Journal” нашрининг ёзишича, Трамп 2025 йилнинг 20 январь куни Оқ уйнинг Овал кабинетига киришидан олдин бу режа амалга ошишига умид билдирган.
Маълумотларга кўра, АҚШнинг Ливандаги элчиси томонидан “Ҳизбуллоҳ”га ўт очишни тўхтатиш тўғрисидаги битим лойиҳаси тақдим этилган. Ушбу лойиҳа орқали АҚШ “Ҳизбуллоҳ” кучларини Исроил ҳудудидан олиб чиқишни талаб қилган.
“Al-Jazeera”га кўра, “Ҳизбуллоҳ” ўзининг жавобини Ливан парламенти раиси Набих Беррига тақдим этиши кутилмоқда.
Ливаннинг муваққат бош вазири Нажиб Микати кеча, 15 ноябрь куни Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаийнинг бош маслаҳатчиси Али Ларижоний билан олиб борган музокараларда Теҳрондан ўт очишни тўхтатишга кўмаклашишни сўраган. Ларижоний Эрон Ливан ҳукумати томонидан қабул қилинадиган ҳар қандай қарорни ҳамда Ливаннинг “қаршилик ҳаракати”ни қўллаб-қувватлашини маълум қилган.
“Биз ҳеч нарсани барбод қилмоқчи эмасмиз. Аксинча муаммоларга ечим излаяпмиз”, дейди Ларижоний.
Янги келишув доирасида учинчи томон мамлакатларига Ливан жанубидаги тинчликни ва “Ҳизбуллоҳ” вакилларининг Литани шимолида қолишини таъминлаш учун Ливан Қуролли кучларига қурол етказиб беришга рухсат берилган. АҚШ ва Исроил келишувга қўшимча лойиҳа киритиши кутилмоқда, бу эса “Ҳизбуллоҳ” ўт очишни тўхтатиш ҳақидаги келишувни бузса, Исроилга ҳарбий ҳаракат қилиш имконини беради.
Хабарларга кўра, Исроил ва АҚШ 2025 йилнинг январь ойигача ўт очишни тўхтатиш бўйича битим тузмоқчи бўлса-да, АҚШнинг махсус вакили Амос Хохштейн Байрутдан келишувга эришиш учун ижобий натижани қўлга киритмагунча Ливанга қайтиши кутилмаяпти.
Дипломатик саъй-ҳаракатлар давом этар экан, Исроил армияси Ливан жанубидаги чегарадан 5-6 км узоқликда жойлашган қишлоқларга ҳужумни кучайтирган. Шунингдек, Байрут ва Ливаннинг бошқа ҳудудларидаги “Ҳизбуллоҳ” таянч нуқталарига зарба бериши давом этмоқда.
Қайд этилишича, Исроил ҳарбий ҳаракатларни сезиларли даражада пасайтирган бўлса-да, “Ҳизбуллоҳ” Шимолий Исроилнинг катта қисмида ҳужумларни давом эттириб, бир неча кун ичида 100 дан ортиқ снарядлар отган.
Билдирилишича, АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкен Исроилнинг янги Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар билан суҳбатлашиб Ливандаги вазиятни ҳал қилиш учун “исроиллик ва ливанлик фуқароларга ўз уйларига қайтиш имконини берадиган” дипломатик ечим зарурлигини муҳокама қилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ CNN яҳудий давлатининг ҳарбий раҳбарияти сиёсий келишувга эришмоқчи эканини тобора ойдин билдираётганига қарамай, Исроил Бош вазири Биньямин Нетаньяху Ливан ва Ғазо секторидаги можароларни давом эттириш ниятида эканини ёзганди.
Моҳинур Каримова