Трамп келаси ойда Си Цзиньпин билан учрашиши мумкин

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Хитой Раиси Си Цзиньпин билан Жанубий Кореяда 31 октябрь-1 ноябрь кунлари бўлиб ўтадиган Осиё-Тинч океани иқтисодий ҳамкорлиги (APEC) саммитида учрашиши мумкин. Бу ҳақда ўз манбаларига таяниб, CNN хабар берди.

Уч нафар АҚШ маъмурияти вакилига кўра, бу борада жиддий муҳокамалар олиб борилмоқда, бироқ аниқ режа ҳозирча йўқ.

Қайд этиш жоиз, олдинроқ Си Цзиньпин Трамп ва унинг рафиқаси Меланияни Хитойга таклиф қилган ва Трамп бу таклифни қабул қилиб, ташриф буюриши мумкинлигини айтган. 

Америкалик амалдорларнинг нашрга берган маълумотларига кўра, Трампнинг Жанубий Кореяга сафарида асосий эътибор иқтисодий ҳамкорликка қаратилади. Шу билан бирга, савдо, мудофаа ва фуқаролик атом энергетикаси бўйича ҳам музокаралар ўтказилиши кўзда тутилган. Манбаларга кўра, АҚШ маъмурияти бу учрашувни мамлакат иқтисодиётига кўпроқ инвестициялар жалб қилиш имконияти сифатида ҳам кўрмоқда.

Қолаверса, Хитой ОАВлари ҳам Трампнинг APEC саммити доирасида Си Цзиньпин билан учрашиши эҳтимоли ҳақида ёзган.

2025 йил баҳорида Трампнинг Оқ уйга қайтишидан сўнг, АҚШ-Хитой муносабатлари кескин совуқлашиб кетди. Вашингтон Хитой маҳсулотларига божларни кескин оширди, Пекин ҳам худди шундай жавоб берди. Май–июнь ойларида Женева ва Лондонда бир неча раунд музокаралар бўлиб ўтди ва томонлар 90 кунга божларни камайтиришга келишиб, вақтинчалик сулҳга эришди. Аммо кейинчалик музокаралар яна боши берк кўчага кириб қолди ва томонлар бир-бирини шартларни бузишда айблади.

Август ойида Хитой АҚШни “совуқ уруш менталитетида” айблади ва Вашингтон босими фонида ўз манфаатларини ҳимоя қилишга тайёр эканини билдирди. АҚШ Молия вазири Скотт Бессант эса сулҳ бўйича жараён секинлашганини қайд этди ҳамда янги келишув учун икки давлат раҳбарларининг бевосита иштироки зарурлигини айтди.

Маълумот учун, APEC 1989 йилда ташкил этилган бўлиб, 21 та мамлакат иқтисодиётини бирлаштиради. У халқаро ташкилот мақомига эга бўлмаса-да, минтақада савдо ҳамкорлигини ривожлантириш учун муҳим майдон ҳисобланади. 2025 йилда саммитга раислик қилиш ҳуқуқи Жанубий Кореяга ўтган.

Қайд этиш жоиз, Трамп АҚШнинг бошқа мамлакатлар билан муомиласи совуқлашишига ҳам Хитойни айблаб келади. Бу Хитой пойтахтида бўлиб ўтган ҳарбий парадда яққол кўзга ташланди. Трамп тадбирни кузатганини айтди. Кейинроқ эса Truth Socialʼда Си Цзиньпиндан Путинга ва Ким Чен Инга “АҚШга қарши фитна қураётганингизда энг самимий тилакларимни етказинг” дея сўраб, пост жойлади. Бунга жавобан Кремль АҚШ Президентининг “фитна” ҳақидаги сўзларини киноя ёки кўчма маънода айтилган бўлиши мумкин деб ҳисоблашини маълум қилди. Хусусан, Россия Президентининг матбуот котиби Дмитрий Песков “ҳеч қандай фитна ҳеч ким томонидан режалаштирилмаганини” айтди. Қолаверса, Трамп ўз тармоғида Хитой сабабли Россия ва Ҳиндистонни йўқотганини ҳам айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп Жанубий Корея Си Цзиньпин APEC

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг