Трамп қарийб 1 соат БМТ минбарида нутқ сўзлади

Олам

image

Бугун, 23 сентябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп БМТ Бош Ассамблеясида 57 дақиқа нутқ сўзлаб, “очиқ чегаралар тажрибаси” ва иқлим ўзгаришига қарши сиёсат Европани ҳалокат сари олиб бораётганини айтди. Унинг нутқи БМТнинг You Tube каналида жонли намойиш қилинди.

“Чегараларни очиқ сақлаш каби муваффақиятсиз тажрибани тўхтатиш вақти келди. Сизларнинг мамлакатларингиз дўзах сари кетмоқда”, дейди Трамп.

У муҳожирлар бошқа маданият ва дин вакиллари бўлгани учун қабул қилувчи давлатларнинг маданияти, иқтисоди ва тартибини емиришини айтди. Шунингдек, ўз маъмурияти АҚШда ноқонуний иммиграцияни тўхтатганини эслатди.

Шунингдек, Трамп Европани оммавий миграцияни тўхтатмасликда айблади. У муҳожирларга ҳамдардлигини билдирган ҳолда: “Биз муаммоларни уларнинг юртида ҳал қилишимиз керак, ўзимизникида эмас”, деди.

Трампнинг сўзларига кўра, Европанинг “дўзах сари кетиши” иккинчи сабаби “яшил энергетика” сиёсатидир. Шамол электр станцияларини у “бемаънилик ва ҳаддан ташқари қиммат лойиҳа” деб атади, иқлим ўзгариши ҳақида сўнгги 40 йил давомида БМТда айтилган башоратларни эса “энг катта фирибгарлик” деб баҳолади.

Украина уруши мавзусига тўхталиб, Трамп яна ўзининг Путинга муносабатлари туфайли урушни “осон тўхтатиши мумкинлигини ўйлаганини” такрорлади. Энди эса АҚШ Россияга қарши “жуда кучли тарифлар” киритишга тайёр, аммо бу фақат Европа Россиядан нефть ва газ сотиб олишни бас қилса амалга ошади.

“Акс ҳолда биз беҳуда вақт йўқотяпмиз”, дейди Трамп.

Нутқининг бошида у БМТни ҳам кескин танқид қилди.

“Мен еттита урушни тўхтатдим, лекин БМТ ҳатто ёрдам беришга ҳам уринмади. БМТ босқинларни тўхтатиши, уларни молиялаштирмаслиги керак”, дейди у.

Шунингдек, Трамп нутқи бошланишида телесуфлёри ишламаганидан ва залга кираётганида эскалатор тўхтаб қолганидан шикоят қилиб: “Менга БМТ нима берди? Синган эскалатор ва синган телесуфлёр”, деди.

Ғазо уруши ҳақида сўз юритар экан Трамп баъзи Ғарб мамлакатларининг Фаластин давлатини тан олишини ҲАМАС учун “ҳаддан ташқари саховатли мукофот” деб атади.

“Бу 7 октябрь воқеалари каби “даҳшатли ваҳшийликлар” учун мукофот бўлади. Улар гаровдагиларни озод этишдан ҳам, сулҳга рози бўлишдан ҳам бош тортмоқда”, дейди Трамп.

Унинг фикрича, ҲАМАСнинг талаблари олдида ён босиш ўрнига тинчликни истовчилар гаровдагиларни зудлик билан озод қилиш ва ҳалок бўлганлар жасадини қайтаришни бир овоздан талаб қилишлари керак.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп БМТ Бош Ассамблеяси минбаридан туриб, ўзининг биринчи президентлик муддати даврида эришилган тинчлик “қулаганини” ва унинг ўрнини “катта инқирозлар” эгаллаганини айтгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Дональд Трамп БМТ Бош Ассамблеяси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг