Трамп империяга ишора қилди. Келгуси 4 йилликда дунёни нималар кутмоқда?
Таҳлил
−
21 Январь
4205Дональд Трамп АҚШ Президенти сифатида ўзининг иккинчи мандатини амалга оширишга расман киришди. Олигархия ва техногигантлар қалашиб кетган инаугурация маросимида Трамп америкаликлар қаршисида президентлик қасамёдини қабул қилди. У ўз нутқида кейинги 4 йиллик режаларига қисқача тўхталиб, 6 ноябрдан то шу кунгача АҚШнинг сайланган президенти мақоми остида қилган бир қатор даъволарини маросим давомида тасдиқлади. Унинг таъбирича, Қўшма Штатлар ўз тарихидаги энг буюк 4 йил қаршисида турибди ва бу буюклик АҚШнинг кенгайиши, Панама каналини мамлакат юрисдикциясига қайтариш, Мексика кўрфази номини Америкага ўзгартириш, дунёда тинчликни таъминлаш, энг қудратли армия яратиш (гарчи ҳозир ҳам шундай армияга эгалик қилса ҳам), ноанъанавий ориентацияларга қарши ўзига хос уруш очиш ва бу орқали ғайриинсоний “қадриятлар”га чек қўйиш каби мақсадлар фонида кечади. Ноқонуний миграцияни бутунлай чеклаш ва ўтмишда мисли кўрилмаган оммавий депортация масаласи эса алоҳида мавзу. Шундай қилиб, Трамп инсоният олдида турган 48 ойлик кун тартибига сезиларли даражада таъсир ўтказиш имкониятини берувчи кабинетга кирди. Қуйида эса унинг режалари, бу режалар яқин келажакда халқаро тартибда қандай ўзгаришларга сабаб бўлиши ҳамда бошқа кутилмаларга атрофлича тўхталамиз.
Трамп “ёқа ушлашга” сабаб бўлувчи қарорлар чиқаришда давом этадими?
Ер сайёраси иқлим ўзгариши ва атмосферадаги бузилишлар туфайли ўта жиддий табиий муаммоларга дуч келаётган бир пайтда 2019 йил, ўша пайтда АҚШ Президенти сифатида ўзининг биринчи муддатини бажараётган Трамп мамлакатни шу муаммоларга қарши курашиш мақсадида тузилган Париж келишувидан чиқишини маълум қилди. Бундай ҳайратланарли қарор ҳали совиб улгурмасидан роппа-роса икки ой ичида у Яқин Шарқни карахт қилган қадамни ташлаганди. Бир неча ўн йиллар давомида минтақада мислсиз куч-қудратга эришган, биргина юқори даражали ҳарбий сифатида Яман, Ливан, Сурия ва Фаластинда Эроннинг таъсир доираларини тубдан кенгайтириб ташлаган Яқин аср бошидаги дефакто энг қудратли шахси ҳисобланган Қосим Сулаймоний Трампнинг биргина буйруғи билан йўқ қилинди. Ўша йилнинг ноябрида эса Эрон бомбасининг отаси Муҳсин Фахризода ҳам ўлдирилди. Бу 2016-2021 йиллар оралиғида Трамп томонидан қилинган шов-шувли ҳаракатлар жамланмасининг энг машҳурлари саналади. Аслида шу воқеликларнинг ўзи ҳам дунё сиёсати келгуси 4 йил мобайнида анчагина қайнашидан далолат беради.
Инаугурация маросимидаги кечаги нутқ эса тахмин ва таҳлилларга ўрин қолдирмагандек гўё. Негаки у минбардан туриб, яна Париж келишувидан чиқишга ва табиий бойликлар қазиб олишни кескин ошириш орқали Қўшма Штатларни янада бой қилиш ҳақида сўз очди.
“Биз нархларни пасайтирамиз, стратегик захираларимизни яна тўлдирамиз, Америка энергиясини бутун дунёга экспорт қиламиз. Биз яна бой халқ бўламиз, оёғимиз остидаги ўша суюқ олтин бунга ёрдам беради. Биз “Яшил янги келишув”ни тугатамиз ва электр транспорт воситаларига мандатни бекор қиламиз, автомобиль саноатини сақлаб қоламиз ва буюк америкалик автоуловчиларимизга берган муқаддас қасамимизни бажарамиз”, деди Трамп.
Бу ҳам етмагандек, Трамп Панама каналига нисбатан даъвоси жиддий эканини яна бир бор таъкидлади. Булар ҳозиргача АҚШ президентлиги постини эгаллаганига энди бир кун тўлган Нью-Йорклик бизнесмен томонидан айтилган гаплар.
“Америка Қўшма Штатлари Панама канали қурилишида ҳар қачонгидан ҳам кўпроқ пул сарфлади ва 38 000 кишининг ҳаётини йўқотди. Ҳеч қачон қилинмаслиги керак бўлган бу аҳмоқона совға бизга жуда қимматга тушди ва Панаманинг бизга берган ваъдаси бузилди. Битимимизнинг мақсади ва шартномамиз руҳи бутунлай бузилди”, деди Трамп.
Унинг Панама каналига эга чиқиш ва бу йўлда лозим топса, ҳарбий куч воситасидан ҳам фойдаланиш каби кечаги қуруқ дағдағалари бугун борган сари жиддий тус олмоқда. Агар шундай бўлган тақдирда ҳам, айни дамгача баён этилган таҳлилларга кўра, АҚШнинг келгусидаги шу каби эҳтимолий ҳарбий интервенциясига нисбатан Лотин Америкаси давлатларининг ғазаби қўзғаши мумкинлиги инобатга олинса, бу Трамп бошчилигидаги АҚШнинг янги “олигархия ҳукумати” ва Жанубий Америка давлатлари ўртасида ўта жиддий кескинлашувга олиб келишини тахмин қилиш қийин эмас. Бу ҳолатда Лотин Америкасининг ўзида Панама масаласида анча қизғин сценарийлар гувоҳига айланамиз.
АҚШ яна кенгаяди?
Инаугурация маросимида Трампнинг “АҚШ янада кенгаяди” деган жумласи кўпчиликнинг эътиборини тортган бўлса ажаб эмас. Бу сўзлар эса ўз-ўзидан янграмагани аниқ. Трампнинг мазкур гапи у сўнгги икки ой давомида ўз қўшнилари, дунёдаги энг йирик орол ва энг муҳим сув йўлларидан бирига нисбатан қилиб келинаётган ҳудудий даъволарининг қисқартма шакли бўлиши мумкин. Гап Канада ва Мексикага АҚШнинг навбатдаги штатлари бўлиши ҳақидаги кулгили таклиф, Гренландия ва Панама канали ҳудудини зўравонлик билан қўшиб олиш тўғрисидаги можароли баёнотлар ҳақида кетяпти. Қўшма Штатларнинг шимол ва жанубдаги икки қўшниси масаласига тўхталадиган бўлсак, бу шунчаки Трамп томонидан эътибор марказида бўлиш учун қилинган ПРдан бошқа ҳеч нарса эмаслигини англаш қийин эмас. Сабаблари эса жуда оддий. Жумладан, Канада бугунги кунда дунёдаги энг йирик иқтисодий кўрсаткичлар ичида ўнинчи, Мексика эса ўн иккинчи ўринни банд қилган. Бундан ташқари, Оттава ер юзидаги энг қудратли етти давлат клубига аъзо бўлса, Мексика G20да ўз ўрнини анча мустаҳкамлаган мамлакат ҳисобланади. Шундай экан, бу икки давлатнинг суверенитети ва ҳудудий яхлитлигини сўроқ остига олиш аҳмоқликдир. Аслида эса Трампни мазкур мамлакатлар билан жиғибийрон қиладиган энг асосий масала умуман бошқа. Бу АҚШдаги энг йирик муаммолардан бири бўлган ноқонуний миграция билан боғлиқ. Маълумотларга кўра, бугун АҚШдаги 50 фоиздан кўпроқ ноқонуний мигрантлар айнан мексикаликлардир. Бундан ташқари, бу борадаги иккинчи энг йирик кўрсаткич осиёликлар бўлиб, улар 13 фоизни ташкил қилган ҳолда, АҚШга етиб олиш йўлида сўнгги манзил сифатида Мексикани танлашади. Шуни ҳам қўшимча қилиш керакки, 2021 йилда Жо Байден ҳокимият тепасига келганидан буён Мексика орқали келган ноқонуний мигрантлар 8 миллионни ташкил қилгани айтилади. Бир неча миллион бўлмаса-да, шу каби муаммоли миграция жуда кичик ҳажмда Канада чегарасида ҳам мавжуд. Статистик маълумотларга кўра, бугун АҚШда ноқонуний бўлиб турган канадаликлар 65 мингдан 75 минггача бўлиши мумкин. Трамп сайлангандан сўнг, бу ҳақда Канада ва Мексика маъмуриятларига эътироз билдириб, агар бунинг олди олинмаса, тегишли чоралар кўриш билан таҳдид қилишга ҳам улгурди. Жазо чораси сифатида эса ҳар доимгидек божлар масаласи кўтарилди.
Шундай қилиб, Канада ва Мексика юзасидан ҳудудий даъволар тушунарли. Бу истаклар хомхаёлдан нари эмас. Аммо дунёдаги энг йирик ва деярли муз билан қопланган орол – Гренландия ва бир пайтлар АҚШга тегишли бўлган ва у томонидан бунёд этилган Панама канали бўйича даъволар эса юқорида таъкидланганидек жиддий тус олмоқда. Трампнинг сўнгги ҳаракатларидан бу даъволар ҳазил ёки қуруқ гап-сўз эмаслиги англашилади. Агар Трампнинг “Гренландия орзуси” шунчаки пуч орзу-ҳавас бўлганда бу машмаша Германия ва Франциянинг огоҳлантиришлари ва Даниянинг АҚШ билан ушбу масала юзасидан боғланишигача етиб бормасди. Дания Трампнинг қўшиб олиш ҳақидаги таҳдидларидан сўнг, Гренландияда АҚШ ҳарбий иштирокини оширишга ҳам рози бўлгани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳаттоки, “Fox News” хабарига кўра, аввалроқ, АҚШ Вакиллар палатасидаги республикачилар Гренландияни қўлга киритиш учун юридик имкониятлар тақдим қиладиган лойиҳа ҳам тайёрлаган. Қайд этилишича, ушбу қонун Трамп қасамёдидан сўнг, Дания билан Гренландия юзасидан музокарага киришишга имкон беради. “Fox News” нашрига кўрсатилган нусхага кўра, қонун лойиҳаси “Гренландияни яна буюк қилиш тўғрисидаги қонун”, деб номланган. Бунгача эса Дания Бош вазири Метте Фредериксен ва унинг таркибидаги Гренландия ҳукумати раҳбари Муте Эгеде бу даъволарга қарши баёнотлар беришди. Фредериксен Гренландия АҚШ таркибига кирмаслигини айтган бўлса, Эгеде орол нафақат АҚШ, балки Данияга ҳам тегишли бўлмаслиги лозим дея таъкидлади. Оролда эса яқин фурсатларда Дания Қироллигидан ажралиб чиқиш бўйича референдум ўтказилиши кутилмоқда. Бироқ уларнинг бу баёнотларига қарамай, ҳойнаҳой Трампнинг Гренландияга нисбатан “хирси”га қарши турадиган бирон бир куч топилмайдиган кўринади. Бунинг исботи ўлароқ, шу чоққача Германия ва Франциянинг нимжон огоҳлантиришидан бўлак бирон бир сиёсий марказ ушбу можаро юзасидан ҳеч бир кўринишда Вашингтонга қаршилик кўрсатмади. 56 минг аҳолига эга, резидентларининг асосий қисмини эскимослар ташкил қиладиган Муте Эгеде бошчилигидаги Гренландия эса дунёдаги биринчи иқтисодий ва энг қудратли армия қаршисида бирон бир чора топиши ақлга сиғмайди. Халқаро ҳамжамият, хусусан Европа давлатлари эса ҳалигача бу борада жиддий риторикага ўтганича йўқ. Шундай экан, яқин келажакда дунё харитасида кескин ўзгаришлар содир бўлиш эҳтимолини инкор қилиб бўлмайди.
Трампнинг расман ишга киришиши Гренландия қатори Панама учун ҳам хавфни янада яқинлаштирди. Боз устига Панама канали унинг инаугурация маросимидаги нутқидан ҳам тушиб қолмади. У бу масалага алоҳида тўхталиб, каналга бўлган даъвосини қайта такрорлади.
“Ва энг муҳими, Хитой Панама каналини бошқаряпти ва биз уни Хитойга бермагандик. Биз уни Панамага бергандик ва энди қайтариб оламиз.
Энг муҳими, бугун америкаликларга айтмоқчиманки, биз учун яна бир бор жасорат, куч ва тарихнинг энг буюк цивилизациясининг ҳаётийлиги билан ҳаракат қилиш вақти келди”, деди Президент.
Йилига 5 миллиард доллар даромад келтирадиган, Атлантика ва Тинч океанларини бир-бирига боғлаб турувчи ўта муҳим стратегик сув йўли АҚШнинг 47-президенти учун ташқи сиёсатда кейинги 4 йиллик учун энг асосий масала бўлиши ойдинлашди. 1904-1914 йиллар оралиғида АҚШ томонидан қурилган, 1977 йилда Жими Картер томонидан босқичма-босқич Панамага топшириш бошланган канал 1999 йилдан буён мана 26 йилдирки Панама назорати остида қолиб келаётганди. Аммо ўтмишда АҚШ протекторатига кирган канал Трамп даврида яна Қўшма Штатлар тасарруфига ўтиш хавфи кучаймоқда.
Мисли кўрилмаган депортация
АҚШнинг расман 47-Президенти сифатида иш бошлаган Трамп ўз инаугурация нутқида анчадан буён танқид остига олиб келаётган мавзуси – ноқонуний миграцияга ҳам алоҳида тўхталди. Трампнинг бундан муддаоси асосан АҚШда жиноятчиликнинг ортиши ва бунда асосий иштирокчилар ноқонуний мигрантлар деб ишонишидадир. У 2016 йилги президентлик сайлови арафасида ҳам ҳужжатсиз муҳожирларни чиқариб юбориш учун “депортация кучини” яратишга ваъда берган эди. Бу сафар эса нақд 13 миллион ноқонуний муҳожирни мамлакатдан ҳайдаб чиқариш ҳақида сўз бормоқда.
“Барча ноқонуний киришлар дарҳол тўхтатилади ва биз миллионлаб жиноятчи мусофирларни келган жойларига қайтариш жараёнини бошлаймиз. Биз Мексика бўйича сиёсатимизни тиклаймиз. Мен қўлга олиш ва қўйиб юбориш амалиётини тугатаман. Мен эса жанубий чегарага қўшин жўнатиб, юртимизга қилинган ҳалокатли босқинни қайтараман”.
2022 йил ҳолатига кўра, доимий ҳуқуқий мақомга эга бўлмаганлар сони 11 миллионни ташкил қилган бўлса, айни дамда бу рақамлар 13 миллионгача кўтарилгани айтилади. Тахминий ҳисоб-китобларга кўра, 13 миллион кишини депортация қилиш учун сарфланадиган бир марталик харажат миқдори 315 миллиард атрофида бўлиши мумкин. Бу эса ҳар бир кишининг минимал депортация харажати салкам 25 минг долларга тўғри келишини англатади. Аммо бу фақатгина минимал миқдор холос. Аслида 315 миллиард доллар бу шунчаки Трамп кўзлаётган депортация сиёсатини юритиш учун зарур бўлган харажатларнинг учдан бир қисмигина бўлиши мумкин. Негаки, ҳибсга олиш, ҳибсга олинганларни вақтинчалик сақлаш учун лагерлар барпо қилиш, иммиграцион кейслар учун алоҳида суд залларини яратиш ва ҳоказолар шулар жумласидандир.
Йирик депортация миссиясини оммавий ҳибсга олишларсиз амалга ошириб бўлмайди. Бунинг учун эса қўшимча ҳибсхоналарга эҳтиёж ортиши табиий. 2024 йилги статистикага кўра, 1.9 миллион киши АҚШ қамоқхоналарида сақланмоқда. Бундай шароитда, дейлик 1 миллион нафар ноқонуний муҳожирнинг мамлакатдан қувилиши режалаштирилса, АҚШ федерал бюджети гарданига жуда кўплаб қўшимча ҳибсхоналар ташкил қилиш юкланади. Бундан ташқари, айрим манбаларнинг ҳисоб-китобларига кўра, ноқонуний муҳожирлар ишини кўриб чиқиш учун Қўшма Штатларга қўшимча равишда яна 1000 дан ортиқ суд заллари керак бўлади. Шундай қилиб, умумий ҳисобда жами харажатлар тахминан 1 триллионга яқинлашиши мумкин. Бу депортация учун сарфланадиган маблағ, унинг зарари ҳам мавжудлигини унутмаслик лозим. Чунки миллионлаб муҳожирларни мамлакатдан чиқариб юбориш меҳнат ва истеъмол бозорига жиддий таъсир қилмай қолмайди. Ахир гап 13 миллионга яқин инсон ҳақида кетяпти.
LiveБарчаси