Трамп Эроннинг савдо ҳамкорларига бож солишни бошлайди
Олам
−
15:21 1152 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан савдо қилаётган давлатлардан АҚШга етказиб бериладиган товарларга қўшимча божлар жорий этиш имконини назарда тутувчи фармонни имзолади. Бу ҳақда кеча, 6 февраль куни Оқ уй сайтида хабар берилди.
Фармон Қўшма Штатларга Эрондан “тўғридан тўғри ёки билвосита ҳар қандай товар ёки хизматларни сотиб оладиган, импорт қиладиган ёки бошқа йўл билан қўлга киритадиган” исталган давлатдан импорт қилинадиган маҳсулотларга қўшимча божлар киритиш имконини берувчи тизимни тасдиқлайди.
Шу билан бирга, ҳужжатда Трамп вазият ўзгарган тақдирда, жумладан, Эрон миллий фавқулодда ҳолатни ҳал этиш бўйича “сезиларли қадамлар” ташласа, ушбу қарорни ўзгартириши мумкинлигини қайд этган.
“Президент Эронни ядро салоҳиятига интилиши, терроризмни қўллаб-қувватлаши, баллистик ракеталар ишлаб чиқиши ва минтақавий беқарорликни кучайтиргани учун жавобгарликка тортмоқда. Булар АҚШ хавфсизлиги, иттифоқчилари ва манфаатларига таҳдид солади”, дейилади ҳужжатда.
Маълумот учун, 2025 йилда Ўзбекистон ва Эрон ўртасида қарийб 580 млн АҚШ доллари миқдорида савдо айланмаси бўлган.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 6 февраль куни Маскат (Уммон) шаҳрида АҚШ ва Эрон ўртасида ядро дастури бўйича музокаралар бўлиб ўтди. Бу 2025 йил июнидан буён илк учрашув бўлди. Ўшанда АҚШ ва Исроил Эроннинг ядро объектларига зарба берган эди.
Жорий йилнинг февраль ойида “The New York Times” газетаси томонидан ўтказилган сунъий йўлдош тасвирлари таҳлилига кўра, Эрон зарбалар оқибатида шикастланган бир неча баллистик ракета ишлаб чиқариш қувватларини тезда тиклаган ва Исроил ҳамда АҚШ ҳужумларига учраган йирик ядро объектларини қисман таъмирлаган бўлиши мумкин.
Шу билан бирга, АҚШ Президентининг миллий хавфсизлик бўйича собиқ маслаҳатчиси Жон Болтон музокаралар қаерда ўтказилишидан қатъи назар – Уммон, Туркия ёки “Ойда” бўлишидан қатъи назар – натижа бермаслигини айтди. Унинг сўзларига кўра, томонларда бу масала бўйича келишувга эришиш имконияти йўқ.
Live
Барчаси