Трамп асли ким томонда ёхуд АҚШ долларининг қисмати хавф остида
Таҳлил
−
16:27 1520 10 дақиқа
Сездингизми шу йил Ўзбекистонда доллар курси нисбатан барқарор бўлди-я? Олдинлари АҚШ долларининг маҳаллий валютага нисбатан қиймати йилдан-йилга ошар, ҳеч пастлай демасди. Айрим мавсумларда экспорт тушумлари, жумладан қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари савдосидан келадиган валюта оқими ҳисобига бозорда вақтинчалик мувозанат юзага келган бўлса-да, асосан доллар курси сезиларли даражада юқориларди. Одамлар жамғармаларини долларда сақлашга ҳаракат қилар, шу орқали унинг қийматини сақлаб қолардилар ёки доллар қимматлашган пайти уни сотиб, жамғармасини ошириб ҳам олишлари мумкин эди. Ўзига хос “трейдер” бўлган бу ўзбек халқи.
Аммо сўнгги йилларда доллар курси ошиш у ёқда турсин, аста-секин тушишни бошлади. Жаҳон банкининг 2025 йил учун ҳисоботига кўра, сўм долларга нисбатан 0,6 фоизга мустаҳкамланган. Ташкилот буни пул ўтказмалари ва экспорт тушумларини ҳам ўз ичига олган кенгроқ валюта оқими билан изоҳлаган.
Доллар ҳам бир оддий товардек, бозорда қанча таклиф кам бўлса-ю, талабгор кўп бўлса қимматлашади, агар кўп бўлса арзонлашади. Жаҳондаги геосиёсий вазият туфайли олтин нархлари кўтарилгани, хориждаги мигрантларнинг пул ўтказмалари ортгани ва экспорт тушумларининг ошиши ҳисобига Ўзбекистонда ҳам доллар анча кўпайиб қолди, бу эса ўз навбатида сўмга босимни камайтирмоқда.
Бу бола бекор кўп гапирди, энди кўзи тегади деяётганларга олдиндан айтиб қўяй, мен гапираманми, йўқми барибир яқин орада доллар курси яна кўтарилиши мумкин. Негаки, АҚШ Федерал захира тизими, яъни Федерал резерв шу йилнинг 15–16 сентябрь кунлари бўлиб ўтадиган навбатдаги йиғилишда фоиз ставкаларини оширишни режалаштирмоқда.
Хўш, ФЗТ ўзи қандай ташкилот ва унинг сиёсати қандай қилиб Ўзбекистондаги валюта бозорига таъсир қилиши мумкин?
ФЗТ нима хоҳлайди?
“Federal Reserve System”, яъни Федерал захира тизими – бу АҚШнинг Марказий банки. Кенг жамоатчилик уни эркалатиб “The Fed” дейишади, бу унинг кенг тарқалган норасмий номи. Ўзбекистонда Марказий банк қандай роль ўйнаса, АҚШда FED ҳам худди шундай вазифаларни бажаради. Инфляцияни жиловлаш, иш ўринларини кўпайтириш, тижорат банклари устидан назорат ўрнатиш унинг асосий вазифаларидан ҳисобланади. Федерал резерв мустақил орган, гарчи ташкилотнинг раҳбарияти АҚШ президенти томонидан тавсия этилиб, Сенат томонидан тасдиқланса ҳам.
Шу йилнинг 4 сентябрь куни АҚШ Меҳнат департаментининг Статистика бюроси янги ҳисоботни эълон қилди ва унда кутилган 55–56 минг эмас, 162 000 та янги иш ўрни яратилгани айтилди. Ишсизлик даражаси барқарор равишда 4,1 фоиз кўрсаткичида сақланиб қолган.
FED’нинг кутувлари бўйича, янги иш ўринлари яратилгач, илгари ишсиз бўлган ёки кам иш ҳақи олаётган одамлар доимий маош ола бошлайди. Инсонларда даромаднинг ошиши эса истеъмолни кўпайтиради, ўз навбатида уй-жой, автомобиль ёки бошқа қимматроқ товарларга нисбатан талаб ортади. Бироқ, заводлар, дўконлар ва хизмат кўрсатувчилар маҳсулот ишлаб чиқариш ҳажмини худди шундай тезликда ошира олмагани сабабли нархлар сунъий кўтарила бошлайди.
Бундан ташқари, бўш иш ўринлари кўпайиб, ишсизлик паст даражага тушса, вакант ўринларга малакали кадрларни жалб этиш мақсадида иш берувчилар маошларни оширади. Ва аксинча, бошқарувчилар ўз ходимларини сақлаб қолиш учун ҳам маошларни кўтаради. Бу эса ўз навбатида бозордаги нарх-навонинг ошишига олиб келади.
Федерал резерв эса – буни олдини олиш мақсадида фоиз ставкаларини ошириши мумкин. Ташкилотнинг амалдаги раҳбари Кевин Уорш ҳам ставкаларнинг ошиш эҳтимоли юқори эканлигини маълум қилган. ФЗТ 2025 йил охирида фоиз ставкаларини кетма-кет пасайтириб, уларни 3,50–3,75 фоиз оралиғига туширган эди. Молия бозорлари ва таҳлилчилар энди бу кўрсаткичлар яна 3,75–4,00 фоизгача оширилиши мумкинлигини тахмин қилмоқда. Агар FED бу қарорни қабул қилса, тижорат банкларида ҳам кредит фоизлари ошади. Асосий катта харидларини кредитлар билан амалга оширадиган америкаликлар учун ошган фоизлар маълум маънода оғирлик қилади.
Қўшимчасига, кредит фоизларининг ошиши билан бирга банклар депозитлар бўйича юқорироқ фоиз тўлай бошлайди. Бу эса одамлар ва компанияларда пулни бозорда сарфлаб юборгандан кўра, банкка қўйиб кафолатланган ва юқори даромад олишни афзал кўришига сабаб бўлади. Натижада, бозорда айланиб юрган “ортиқча пул массаси” камаяди ва инфляция даражаси меъёрда ушлаб турилади.
Хўш, бу қандай қилиб Ўзбекистондаги валюта бозорига таъсир этиши мумкин?
Доллар курси ошиши мумкин
Ўзбекистондаги тижорат банклари ва йирик давлат корхоналари халқаро молия бозорларидан доллар ҳисобида ресурслар жалб қилади. Маҳаллий корхоналар ривожланиши учун халқаро инвесторлар ёки банклардан фоизга қарз олади. ФЗТ фоиз ставкаларини оширса, ушбу кредитлар ҳам қимматлашади. Бу эса ўз навбатида, мамлакатга доллар кириб келишини қийинлаштиради. Оқибатда юқорида айтганимиздек, таклиф камайиб, талаб ошади ва долларнинг сўмга нисбатан қиймати ортади.
Маҳаллий бозорда долларнинг кескин камайиши кучли тебранишни келтириб чиқариши мумкин. Марказий банк эса курсни барқарор сақлашга ҳаракат қилади ва захирада сақланаётган долларни бозорга чиқаради, гарчи бу қисқа муддатли барқарорликни таъминласа-да, узоқ муддатда барибир доллар курси бозор нархига туширилади.
Бундан ташқари, Ўзбекистоннинг асосий савдо ва иқтисодий ҳамкорлари – Россия, Хитой, Қозоғистон ва Туркия каби давлатлар. АҚШ долларининг халқаро бозорда мустаҳкамланиши ушбу ҳамкор мамлакатлар валюталарининг ҳам долларга нисбатан қадрсизланишига олиб келади. Бошқа давлатларнинг ҳам валютаси арзонлашгани туфайли Ўзбекистон маҳсулотлари улар учун қимматлашади, оқибатда экспорт тушуми камайиши мумкин.
Мигрантлардан келадиган транзакциялар ҳам алоҳида аҳамиятга эга. Россия, Туркия ёки Хитой каби давлатларда инфляциянинг ошиши чет элдаги меҳнат муҳожирларининг ойлик даромадига ҳам таъсир қилади. Бу эса Ўзбекистонга хориждан келадиган пул ўтказмаларини камайишига сабаб бўлади.
Энг хавфли омил эса олтин нархи. Ўзбекистонга доллар кириб келишининг асосий сабаби – бу олтин экспорти. Одатда АҚШда фоиз ставкалари ва доллар индекси ошганида, халқаро биржа бозорларида олтин нархи доллар ҳисобида босимга учрайди ва арзонлашади. Бу эса олтин савдосидан келадиган тушумни камайтиради.
Қисқа қилиб айтганда, ФЗТ жорий этган фоизлар эмас, унинг натижасида қимматлашган активлар Ўзбекистондаги доллар курсига жиддий таъсир этиши мумкин.
Трамп асли ким томон?
Қизиқ жиҳати, АҚШ президенти фоиз ставкаларининг ошишига кескин қаршилик билдирмоқда. Президент Дональд Трамп агар ФЗТ ушбу қарорни қабул қилса, АҚШ савдо камомадига (дефицитга) эга бўлган айрим мамлакатлар билан савдо алоқаларини узиш билан таҳдид қилди.
Трампнинг 4 сентябрь куни эълон қилган постида, раис Кевин Уорш ва бошқарув аъзоларини “ақлли ва ўзгариш учун ватанпарвар бўлишга” ундади.
“Ставкани пасайтиринг, акс ҳолда мен тақчиллик бўлган давлатлар билан савдони тўхтатаман. Юқори фоиз ставкалари АҚШни жуда адолатсиз аҳволга солиб қўяди ва мен бунга йўл қўймайман!”, деб ёзган Трамп.
Шунингдек, Трамп ставкаларнинг ошиши қарз ва инфляциядан хавотирда бўлган облигация бозорларини тинчлантириши ҳақидаги фикрни рад этди ва АҚШ 1 фоиз ёки ундан пастроқ ставкада бўлиши кераклигини айтди.
Президент яна АҚШ билан алоқалардан манфаат кўрган ҳамкорларга мисол тариқасида Швейцария, Мексика ва Европа Иттифоқини тилга олиб, айрим иқтисодиётлар билан савдо алоқаларини узиш ҳақидаги таҳдидини маъқуллади.
“Бизда молиявий жиҳатдан элита ҳисобланган мамлакатлар бор, масалан Швейцария ва бошқалар. Лекин агар биз улар билан савдо қилмаганимизда, улар касодга учраган, банкрот давлатлар бўларди. Улар элита деб ҳисобланишига сабаб – бизда улар билан улкан савдо камомади мавжудлигидир. Биз савдо қилмаслик ҳуқуқига эгамиз. Биз уларга божхона божларини жорий қилиш ҳуқуқига эгамиз”, дейди у.
Трампнинг фикрича, паст фоиз ставкалари бизнес учун қарз олишни ва инвестиция киритишни арзонлаштиради. У паст ставкалар орқали АҚШ Ялпи Ички Маҳсулоти ўсишини рекорд даражага кўтариш мумкин деб ҳисоблайди. ФЗТнинг янги ставка тизими эса тадбиркорларга кредит олишни қийинлаштиради ва натижада бизнесларнинг ривожланиши секинлашади. Президент, Федерал резервнинг талаб ортиб кетиши оқибатида пайдо бўлувчи инфляцияга шубҳа билдириб, тез фурсатда бозорда вужудга келган камомад кредит олган ишлаб чиқарувчилар томонидан тўлдирилишига ишонмоқда.
Бундан ташқари, АҚШнинг давлат қарзи ҳам Оқ уй раҳбарини хавотирга солмоқда. Айни пайтда мамлакатнинг умумий давлат қарзи 40 триллион доллардан ошиб кетган. Фоиз ставкалари юқори бўлса, АҚШ ҳукумати ўз облигациялари бўйича миллиардлаб доллар ортиқча фоиз тўлашга мажбур бўлади. Трамп ставкалар туширилса, давлат бюджетидан қарз фоизларига ажратилаётган пуллар кескин тежалган бўларди, деб таъкидлайди.
Шунингдек, Дональд Трамп долларнинг қадри сунъий равишда ошиши АҚШ товарларининг халқаро майдонда рақобатбардошлигига салбий таъсир қилишини таъкидламоқда. Хитойнинг арзон товарларига қарши тура олиш учун Америка маҳсулотлари ҳам муқобил равишда арзон бўлиши керак. Айнан шу сабабли Трамп халқаро молия бозорида доллар қийматини эркин қўйиш ва иложи борича фоиз ставкаларини паст сақлашни талаб қилмоқда. Унинг фикрича, пастроқ ставкалар АҚШ маҳсулотларини бошқа давлатлар учун арзонроқ ва жозибалироқ қилади.
Гарчи ФЗТ мустақил орган бўлса-да, Трампнинг таҳдидлари уни ҳам ўйлаб иш қилишга мажбур қилиши мумкин. Ҳар ҳолда бу АҚШ раҳбарининг FED раҳбарияти билан биринчи марта зиддиятга киришиши эмас.
Собиқ раҳбар билан муносабатлар
FED’нинг собиқ раиси Жером Пауэлл ва Дональд Трамп ўртасидаги зиддият шунчаки шахсий келишмовчилик эмас, мамлакатнинг иқтисодий тақдири ҳақидаги икки хил фикрнинг тўқнашуви ва АҚШ Федерал захира тизимининг мустақиллиги масаласи эди. Трамп президентлик даврида бир неча бор ФЗТни фоиз ставкаларини тезроқ ва кескинроқ пасайтиришга чақирди. Унинг фикрича, юқори ставкалар кредитни қимматлаштириб, бизнес ва иқтисодий ўсишга тўсқинлик қилади. Пауэлл эса инфляцияни назорат қилишни устувор вазифа деб билиб, Трампнинг талабларига қарамай, пул-кредит сиёсатини мустақил юритишга ҳаракат қилди.
Трампнинг Пауэллга босими вақт ўтиши билан оддий танқиддан анча ошиб кетди. 2026 йил январь ойида АҚШ Адлия вазирлиги Пауэлл ва ФЗТга қарши жиноий тергов бошланганини маълум қилди. Тергов марказида FED’нинг Вашингтондаги биноларини реконструкция қилиш лойиҳаси харажатлари ва Пауэллнинг Конгрессдаги кўрсатмалари турарди. Лойиҳа қиймати дастлаб 1,9 миллиард доллар деб баҳоланган бўлса, кейинчалик 2,5 миллиард долларга етган. Пауэлл эса бу иш асл сабаб эмас, ФЗТга босим ўтказиш учун баҳона эканини таъкидлаган. Шунақа, тепадагилар “тагингга сув қуймоқчи” бўлса, бир иложини барибир топишади, жаноб Пауэлл.
“Мен демократиямизда қонун устуворлиги ва ҳисобдорлик тамойилларини чуқур ҳурмат қиламан. Ҳеч ким, айниқса Федерал захира тизими раиси ҳам қонундан устун бўла олмайди. Аммо бу жараён маъмурият томонидан бўлаётган таҳдидлар ва доимий босимлар контекстида кўриб чиқиш лозим”, дейди Пауэлл.
Энг ёмони, асл мақсадни ҳамма билиб бўлган эди. Трамп ўзига қулай бўлган паст фоиз ставкаларини хоҳларди, ФЗТ эса иқтисодий кўрсаткичлар ва инфляциядан келиб чиқиб қарор қабул қилиши керак эди. Шу сабабли Пауэллнинг президент талабларига бўйсунмагани Трамп билан муносабатларни янада кескинлаштирди.
Аммо қонун, ўз номи билан қонун. Уни на бутун дунё иқтисодига таъсир қилувчи ташкилот раҳбари, на ўша қудратли давлат раҳбари буза олади. АҚШ Адлия вазирлиги ҳамда Дональд Трамп маъмурияти томонидан Жером Пауэллга нисбатан бошланган жиноий ва ҳуқуқий суриштирувлар 2026 йилнинг март–апрель ойларида FED фойдасига ва тергов бутунлай ёпилиши билан якун топди. 24 апрель куни Адлия вазирлиги Жером Пауэллга нисбатан очилган жиноий терговни расман тўлиқ ёпганини эълон қилди. Пауэлл эса ФЗТ раислигини қонуний муддати тугагани туфайлигина тарк этди, бироқ Бошқарув кенгашидаги фаолиятини давом эттирди.
Унинг ўрнини АҚШ президенти томонидан тавсия этилган Кевин Уорш эгаллади. Қизиғи, гап Пауэллда эмас эди, муаммо ташкилот ва Трампнинг қарашлари фарқли эканлигида. Жером Пауэлл кетганидан кейин ҳам Трампнинг ФЗТ билан “ҳисоб-китоби” тугамади. Қайсидир маънода Трампнинг “ўзини одами” ҳам унинг сиёсатига қарши юрмоқчи.
Аммо бу ҳали аниқ эмас. АҚШ раҳбари фоиз ставкаларини паст сақлашни шу вақтгача уддалаб келди. Янги таҳдидлар ҳам бежиз эмас, ҳали Трамп бу сиёсатини узоқ илгари сурмоқчи кўринади. Хўш, бу ҳаракатлар ўзини оқлайдими ёки йўқми – буни энди вақт кўрсатади.
Live
Барчаси