Трамп армияга Россия ва Хитойга қарши тайёр туришни буюрди
Олам
−
04 Сентябрь 2025 6486 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Пентагонга армияни қайта қуриш ва керак бўлганда Россия ва Хитойни ушлаб туришга тайёрлашни буюрди. Бу ҳақда АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет кеча, 3 сентябрь куни “Fox News”телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Оқ уйнинг аввалги маъмуриятининг нолойиқлиги Россия ва Хитой ўртасидаги яқинлашувга ҳисса қўшган ва АҚШнинг дунёдаги позициясига путур етказган.
“Шунинг учун Президент Трамп Мудофаа вазирлигига уруш руҳини тиклаш ва тўхтатувчиликни тиклаш учун армиямизни тарихий тарзда қайта қуришга тайёр бўлишни буюрди”, деди Ҳегсет.
Пентагон раҳбарининг қўшимча қилишича, Вашингтон можарога интилмаяпти, лекин америкаликларни ҳимоя қилиш учун барча зарур воситаларни тақдим этишга мажбур.
“Биз буни Хитой, Россия ва бошқаларга тушунтирдик: тайёрлик урушнинг олдини олади. Кучга эга бўлиш фуқароларимиз хавфсизлигини таъминлайди”, деди у.
Пит Ҳегсет намойишлар ва ҳарбий парадлар яхши экани, лекин улар ҳарбий можароларга айланмаслиги кераклигини таъкидлади.
АҚШ Мудофаа вазирининг айтишича, Оқ уйнинг амалдаги маъмурияти “космосда, осмонда, денгизда ва денгиз остида” стратегик устунликни сақлаб қолиш ниятида. Ҳегсет, шунингдек, “Олтин гумбаз” ҳаво мудофаа тизимини ҳам эслатиб ўтди, унинг сўзларига кўра, Хитой ҳали уни такрорлай олмайди.
“Трамп Си билан яхши муносабатда ва бу биргаликда ишлаш йўлини топишга ёрдам берадиган восита. Акс ҳолда, биз ҳар доим тайёр бўламиз”, дея хулоса қилди Пит Ҳегсет.
Кеча, 3 сентябрь куни Пекиндаги Тянанмен майдонида Иккинчи жаҳон уруши тугаганининг 80 йиллигига бағишланган ҳарбий парад бўлиб ўтди. Парадда 20 дан ортиқ дунё етакчилари, жумладан Владимир Путин ҳам қатнашди. Шу куни Путин Хитой раҳбари Си Цзиньпин ва Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин билан алоҳида учрашувлар ўтказди.
3 сентябрь куни эрталаб Трамп ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғида шундай деб ёзди:
“АҚШга қарши фитна уюштириаётганингизда, Владимир Путин ва Ким Чен Инга самимий саломларимни етказинг”.
У Иккинчи жаҳон уруши даврида Хитойни япон босқинидан озод қилишда Қўшма Штатлар асосий роль ўйнаганини эслади.
Хитойга тўрт кунлик ташрифи якунлари бўйича ўтказилган матбуот анжуманида Путин Трампнинг фитна ҳақидаги гапларини ҳазилга йўйди.
Live
Барчаси