Трамп АҚШ элчихонасига қилинган ҳужумга жавоб йўллашга ваъда берди
Олам
−
03 Март 4907 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Саудия Арабистонининг Ар-Риёд шаҳридаги АҚШ элчихонасига учувчисиз аппаратлар орқали амалга оширилган ҳужумга жавоб қайтарилишини маълум қилди. Бу ҳақда у “NewsNation” телеканалига берган интервьюсида айтди.
Ушбу воқеа АҚШнинг Эронга қарши операцияси доирасида рўй бергани қайд этилмоқда. Дональд Трамп “жавоб қандай бўлишини яқин орада билиб оласиз” дея таъкидлаган.
“Биз уларга улкан зарар етказяпмиз. Биз уларга жуда катта талофат етказяпмиз”, деган Оқ уй раҳбари.
Трамп Вашингтон ўз мақсадига эришишга “жуда яқин” эканига ишонч билдирган. Эронни ҳозир ким назорат қилаётгани ҳақидаги саволга эса у: “Бу ҳақда ҳам жуда яқин орада билиб оласиз”, деб жавоб берган.
Шунингдек, у АҚШ объектлари ёки мамлакат ҳудудига қилинган ҳужумлар ҳақида тўхталар экан, “Бу урушнинг бир қисми. Одамларга ёқадими-йўқми, бу урушнинг бир қисми”, дея таъкидлаган.
Саудия Арабистони Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, Ар-Риёд шаҳридаги АҚШ дипломатик ваколатхонасига икки дона учувчисиз аппарат билан ҳужум қилинган, шундан сўнг кичик ёнғин юз берган. Идора зарар катта эмаслигини билдирган.
“Fox News” мухбири Женнифер Гриффин X ижтимоий тармоғида расмий манбага таяниб ёзишича, ҳужум пайтида дипломатик ваколатхонада ҳеч ким бўлмаган, жабрланганлар йўқ.
АҚШ элчихонаси X орқали Жидда, Ар-Риёд ва Дахрон шаҳарларидаги америкаликларга “ҳозир турган жойида зудлик билан бошпана топиш ва минтақа бўйлаб ҳар қандай ҳарбий объектларга сафар қилишдан тийилиш” чақириғи билан мурожаат қилган.
Live
Барчаси