Тожикистоннинг Хоруғ шаҳрида отишма бўляпти – ОАВ

Олам

image
0:00
0:00
download

Тожикистон. Тоғли Бадахшон автоном вилоятининг маъмурий маркази ҳисобланган Хоруғда аҳоли шаҳарнинг марказий майдонига йиғилди. Улар Роштқалъа туманида яшовчи Гулбиддин Зиёбековни отиб ўлдирган ҳуқуқ-тартибот органлари ходимларини жавобгарликка тортишни талаб қилмоқда. Бу ҳақда “Азия-Плюс” нашри ёзмоқда

Қайд этилишича, гувоҳлар Хоруғдаги майдонда митинг чоғида ўт очилгани ҳақида хабар берган. Намойишчилардан 6 киши яраланган, манбага кўра, бир киши ҳалок бўлган. Унинг жасади Гулбиддин Зиёбековнинг жасади ёнига қўйилган. Бундан ташқари, Роштқалъа туманида яшовчи яна бир шахс бедарак йўқолган.

Тожикистон Ички ишлар вазирлиги ҳозирча воқеаларга изоҳ бермаган. Хоруғликларнинг сўзларига кўра, митинг Роштқалъа тумани Тавдем маҳалласида яшовчи Гулбиддин Зиёбековнинг ўлдирилгани сабаб бошланган. 

Воқеа гувоҳларидан бирининг сўзларига кўра, бугун, 25 ноябрь куни соат 11:30 да Зиёбековнинг уйига ҳуқуқ-тартибот идоралари вакиллари келган. Улар Зиёбековни ҳибсга олмоқчи бўлган, бироқ Зиёбеков уларга қаршилик кўрсатган. 

Бунга жавобан Махсус мақсадли мобил отряд (ОМОН) ходимлари ўт очган, оқибатда 3 киши отиб ўлдирилган. Улардан бири Тайгун қишлоғида яшовчи фуқаро бўлиб, ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимларига хатти-ҳаракатлари ноқонуний эканини айтган. Иккинчиси ҳам Розик исмли маҳаллий аҳоли вакили бўлган. Гулбиддиннинг ўзи, гувоҳларнинг сўзларига кўра, ярадор бўлган, ОМОН ходимлари ярадорни машинага ўтқазиб қўйган ва кейин унинг ўлими ҳақида хабар берган. 

Нега ОМОН Гулбиддинни қўлга олмоқчи эди?

Тоғли Бадахшон автоном вилояти прокуратурасининг матбуот хизмати хабарига кўра, бугун, 25 ноябрь куни соат 11:30 да Тавдем қишлоғида яшовчи 1992 йилда туғилган Гулбиддин Зиёбеков қўлга олиш вақтида ўзи билан ноқонуний равишда олиб юрган “Макаров” тўппончасидан ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларига қуролли қаршилик кўрсатган. Қайд этилишича, у Тожикистон республикаси Жиноят кодексининг бир қатор моддалари билан айбланиб қидирувда бўлган. Хусусан, Гулбиддин Зиёбеков Жиноят кодексининг 181-моддаси 3-қисми (уюшган гуруҳ бўлиб, гаровга олиш) ҳамда 189-моддаси 3-қисмида (ижтимоий, ирқий, миллий, минтақавий, диний (конфессиявий) адоватни қўзғатиш) кўрсатилган жиноятларни содир этганликда айбланаётган бўлган. 

Прокуратура маълумотларига кўра, Зиёбеков Роштқалъа тумани прокурори ёрдамчиси А.Абирзодани 2020 йил февраль ойида гаровга олиб, шу туманнинг Баржангал қишлоғида 8 соат давомида ушлаб турган. Шу билан бирга, Зиёбеков прокурор ёрдамчисини калтаклаган. Мазкур эпизод юзасидан Зиёбеков ва унинг шерикларига нисбатан жиноят иши қўзғатилган. Прокуратура маълумотларига кўра, гумонланувчилар терговчиларнинг қайта-қайта қўнғироқларига эътибор қилмаган ва кўрсатма ҳам бермаган.

Митингда иштирок этаётган хоруғликлардан бирининг сўзларига кўра, аслида Зиёбеков бошчилигидаги гуруҳ прокуратура ходимини Роштқалъа туманида яшовчи қизлардан бирига тегажоғлик қилгани учун гаровга олган. 


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

1546

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг