Тожикистондаги тартибсизликларда “жиноий авторитет” ҳалок бўлди – ИИВ
Олам
−
23 Май 2022
20176Тожикистоннинг Тоғли Бадахшон мухтор вилояти (ТБМВ) маркази Хоруғ шаҳридаги “ички можаро” натижасида уюшган жиноий гуруҳ (УЖГ) раҳбари Мамадбокир Мамадбокиров вафот этди. Бу хақда Тожикистон Ички ишлар вазирлиги хабар берди.
Воқеа юзасидан суриштирув ишлари бошланган. Мамлакат ҳукумати Мамадкаримовни ТБМВда жорий йилнинг 16 май оқшомида бошланган норозилик намойишларининг асосий ташкилотчиларидан бири сифатида кўрсатмоқда.
Вазирлик маълумотларига кўра, уюшган жиноий гуруҳ раҳбари, кеча, 22 май куни маҳаллий вақт билан соат 17:30 да Юқори Хоруғ туманининг Хоруғ шаҳрида ички можаро натижасида ҳалок бўлган.
“Воқеа юзасидан вилоят прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилди”, дейилади ИИВ хабарида тафсилотлари келтирилмай.
Мамадбокир Мамадбокиров – чегара хизмати фахрийси. У Хитой билан чегарада гиёҳванд моддалар савдосига қарши қаттиқ кураш олиб бориши билан танилган. "Авторитет"нинг айтишича, унинг ишдан бўшатилишига айнан шу сабаб бўлган, чунки контрабандани юқори мартабали амалдорлар назорат қилган. Ўз навбатда, ҳукумат Мамадбокировни фақатгина уюшган жиноий гуруҳ раҳбарларидан бири деб таърифлайди. Мамадбокиров ТБМВнинг норасмий раҳбарларидан бири сифатида ҳам кўрилади.
Маълумот ўрнида, жорий йилнинг март ойи ўрталарида Тоғли Бадахшон маъмурий маркази Хоруғ шаҳри аҳолиси вилоят раҳбари Алишер Мирзонаботнинг истеъфога чиқишини талаб қилганидан сўнг, минтақадаги вазият кескинлашган. Вилоят раҳбари истеъфога чиқмаган тақдирда, бадахшонликлар норозилик намойишларини бошлашга ваъда беришди. Расмийлар талабларни ноқонуний деб эълон қилди ва намойишларда иштирок этиш террорчилик ҳаракати сифатида баҳоланишини айтган.
16 май куни намойишчилар Хоруғ марказидаги вилоят ҳокимлигига борди, бироқ хавфсизлик кучлари уларнинг йўлини тўсиб қўйганди. Улар намойишчиларга қарши резина ўқ ва кўздан ёш оқизувчи газ ишлатган. Ижтимоий тармоқларда ҳарбий қуроллар ҳам қўлланилгани, оқибатда бир киши ҳалок бўлгани, бир неча киши яралангани ҳақида хабарлар тарқалганди.
18 май куни Тоғли Бадахшоннинг Рушон туманида 200 га яқин одам Душанбе-Хоруғ автомобиль йўлини тўсиб қўйган, “аксилтеррор операцияси” бошланган.
ИИВ маълумотларига кўра, ҳозиргача 8 нафар жангари йўқ қилинган ва 114 нафари қўлга олинган.
Севинч Тўхтабоева
LiveБарчаси