Тожикистонда болаларга ижтимоий тармоқларни тақиқлаш таклиф қилинди

Олам

image

Тожикистон парламенти депутати Дилноза Аҳмадзода 14 ёшгача бўлган болаларга ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни бутунлай тақиқлашни, ўсмирлар фойдаланишини эса қатъий назорат остига олишни таклиф қилди. Унинг бу ҳақдаги таклифи “Народная газета” нашрида эълон қилинди.

Депутатнинг билдиришича, жорий йилда мамлакат ҳукумати болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунга ёлғон ва зарарли маълумотларга оид айрим ўзгартиришларни киритган. Шунга қарамай, унинг фикрича, болалар ва ўсмирларнинг ижтимоий тармоқлардан фойдаланишини назорат остига олиш учун қонунга бошқа ўзгартиришлар ҳам киритиш зарур.

Аҳмадзоданинг таклифига кўра, 14 ёшгача бўлган вояга етмаганларга ижтимоий тармоқларга кириш мутлақо тақиқланиши керак, 14 ёшдан 17 ёшгача бўлган ўсмирлар эса фақат ота-онанинг ёзма розилиги билан фойдаланиши мумкин бўлади.

Бироқ мутахассислар фикрича, ижтимоий тармоқлардан фойдаланишни бутунлай тақиқлаш муаммони ҳал қилмайди. Уларнинг фикрига кўра, тўлиқ тақиқ қўйишдан кўра, фойдаланишни тартибга солиш ва назорат қилиш самаралироқ бўлади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Туркия ҳукумати ижтимоий тармоқларда 16 ёш чегарасини белгилаш ва 18 ёшгача бўлган болаларга нисбатан жазоларни қайта тартибга солишга доир чора-тадбирларни якунлагани ҳақида хабар берилган эди. Лойиҳадаги бешта турли қонунда ўзгартиришлар киритилиши кўзда тутилган бўлиб, жами 17 моддадан иборат пакет тайёрланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Тожикистон ижтимоий тармоқлар Дилноза Аҳмадзода

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг