Тожикистон пойтахти “свет”сиз қолди
Олам
−
01 Март
10325Бугун, 1 март куни тахминан соат 11:10да Тожикистон энергетика тизимида носозлик юз берди. Бу ҳақда “ASIA-Plus” хабар берди.
Биринчи бўлиб пойтахт Душанбе аҳолиси электр энергиясининг узилиши ҳақида хабар берган. Фуқаролар электр қуввати йўқлигидан ташқари, иссиқлик ўчирилиб, ичимлик суви таъминоти узилиб қолаётгани, айрим уяли алоқа операторларида алоқа ва интернет йўқлигидан шикоят қилмоқда.
Пойтахт билан деярли бир вақтда республиканинг бир қатор вилоятларида ҳам электр энергияси узилган. Нашрга кўра, Сўғд вилоятининг Хўжанд ва бошқа бир неча туманларида ҳам электр энергияси йўқ.
Тахминларга кўра, мамлакатнинг аксарият ҳудудларида электр энергияси йўқлиги аввалроқ киритилган энергия чегараси билан боғлиқ бўлиши мумкин.
Манбага кўра, йирик шаҳарлар ва вилоят марказлари орасида фақат Бохтар шаҳридагина электр энергияси мавжуд. Тоғли Бадахшон автоном вилояти ҳам электр энергияси билан таъминланган, у маҳаллий гидроэлектр станциялардан электр энергиясини истеъмол қилади.