Тожикистон қулай транзит зонага айланишни режалаштирмоқда – Имомали Раҳмон
Олам
−
14 Сентябрь 2023
3819Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Марказий Осиё давлатлари йирик транспорт ва инфратузилма лойиҳаларини амалга оширишга интилиши кераклигини айтди. Бу ҳақда у бугун, 14 сентябрь куни Душанбеда бўлиб ўтаётган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи Маслаҳат учрашувида сўз очди.
Унинг айтишича, Тожикистон қулай транзит ҳудудига айланиши ва ушбу ҳудудни ривожлантириш мақсадида бир қатор чора-тадбирлар амалга оширмоқда.
“Бунинг учун биз ўз ҳудудимиз орқали шарқдан ғарбга, шимолдан жанубга ўтадиган устувор ва халқаро аҳамиятга молик савдо транзит йўлакларини белгилаб олдик. Халқаро юк ташишни ривожлантиришдан максимал самара олиш учун тегишли концепция ишлаб чиқишни таклиф қиламиз”, деган Имомали Раҳмон.
Шунингдек, Тожикистон Президенти жаҳон иқтисодиётидаги беқарорлик, пандемия ва бошқа омилларга қарамай, Марказий Осиё минтақасида ижобий тенденция кузатилаётгани ва ўзаро товар айирбошлаш статистикаси буни тасдиқлашини айтган.
Унинг сўзларига кўра, Тожикистоннинг Марказий Осиё давлатлари билан савдо айланмаси 1,5-2 баравар ошган, ўтган йил охирида республика умумий савдо ҳажмидаги Марказий Осиё давлатларининг улуши 30 фоизни ташкил этган.
“Биз биргаликда ўсишнинг янги нуқталарини аниқлашимиз ва иқтисодий йўналишда стратегик ютуқ учун барча имкониятлардан фойдаланишимиз керак. Минтақа иқтисодиёти бир-бирини тўлдириши керак”, деган Тожикистон раҳбари.
Бундан ташқари, Имомали Раҳмон Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида қишлоқ хўжалиги, саноат ва янги технологияларни фаол жорий этиш бўйича ҳамкорликка оид алоҳида дастурлар ишлаб чиқишни таклиф қилган.
Маълумот учун, жорий йилнинг 14-15 сентябрь кунлари Душанбе шаҳрида Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг бешинчи маслаҳат учрашуви бўлиб ўтмоқда. Шу кунларда Орол денгизи ҳавзасида экологик инқирозни бартараф этиш ва ижтимоий-иқтисодий вазиятни яхшилаш мақсадида 1993 йилда ташкил этилган IFAS Кенгашининг мажлисини ўтказиш ҳам режалаштирилган. Тадбирда Қозоғистон, Қирғизистон, Туркманистон, Ўзбекистон ва Тожикистон раҳбарлари, бундан ташқари фахрий меҳмон сифатида Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев ҳам иштирок этмоқда. Аввалги учрашувлар, 2018 йилда Қозоғистоннинг Остона шаҳрида, 2019 йилда Ўзбекистоннинг Тошкент шаҳрида, 2021 йилда Туркманистоннинг Аваза шаҳрида ва 2022 йилда Қирғизистоннинг Чўлпонота шаҳрида бўлиб ўтган.
LiveБарчаси